Иссиқ ва шинам уйда яшаш орзуси ушалди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Болалигимда аксарият маҳалладошларимиз шаҳардаги кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олишларига кўп гувоҳ бўлганман. “Қишлагани яхши-да” дерди улар. У пайтлар қиш совуқ бўлар, аксар хонадонлар кўмир билан иситилгани учун одамлар шаҳардаги қулай шароитга интиларди.
— Қиш-қировли кунларда уйни иситиш муаммоси бизни доим қийнаб келган, — дейди Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйда яшовчи Собиржон Қодиржонов. — Аксига олиб табиий газда ҳам узилишлар кўп эди. Шу боис қишда хонадонни электр иситгичлар орқали иситардик. Вақти-вақти билан ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан бу қилмишимиз учун жаримага тортилган пайтларимиз кўп бўлган. Ўшанда газчилар газдан фақат овқат, чой учун фойдаланиш мумкинлиги, уйни иситишга рухсат берилмаганини айтар, электрчилар электр энергиясидан уйни иситишда фойдаланиш жаримага сабаб бўлишини уқтириб кетарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, қўшним иккаламиз бозордан қўлбола печка сотиб олганмиз. Кўмир орқали уйни иситаётсак ёнғин хавфсизлиги ходимлари келиб, қаттиқ огоҳлантирган.
Аҳолини қийнаб келаётган бу муаммо аста-секин ортга чекинмоқда. Бу борада «Жаҳон банки»нинг кредит маблағлари ҳисобидан 2019-2024 йилларда Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва самарадорлигини ошириш лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Лойиҳа доирасида Андижондаги 3 дона қозон ҳамда 27,5 км узунликдаги иссиқлик узатиш тармоқларини алмаштириш, лойиҳа ҳудудидаги 271 та кўп хонадонли уйлар ҳамда 30 та ижтимоий соҳа объектларига 373 та индивидуаль иссиқлик пунктлари ўрнатиш ишларини амалга ошириш белгиланган, — дейди “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбари Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев. — Андижонда бугунги кунга қадар юқоридаги барча ишлар тўлиқ бажарилиб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик етказиб берилмоқда.
Андижон шаҳридаги 2-кичик даҳада жойлашган 49-уйда яшовчи Муҳаммаджон Ўрмонов яратилган шароитлардан миннатдор.
— Ўтган йили қозонхонада реконструкция ишлари амалга оширилди, — дейди у суҳбатда. — Мана, мавсум бошланиши билан хонадонларимизга ҳам иссиқлик манбаи берила бошланди.
Бундай хайрли ишлар нафақат, вилоят маркази, балки туманларда ҳам кенг қулоч ёйган. Масалан, Асака туманидаги 28 та кўп қаватли уйлар ва 9 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик манбаи ёрдамида иситилмоқда.
— Бир пайтлар тумандаги кўп қаватли уйларда шароит бўлмаганлиги боис қишлоққа кўчиб кетгандик, — дейди Алишер Навоий номли МФЙда истиқомат қилувчи Одинахон Сотволдиева. — Қишлоқда уйни иситиш имкониятлари кўп. Шу боис қишлоқ шароитига ҳавас қилгандик. Бугун кўп қаватли уйларда кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Буни кўриб туман марказидаги кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олдик.
Дарҳақиқат, айни пайтда Асака туманининг ўзида 1034 та хонадонларни иссиқлик манбаи билан таъминлаш имконияти яратилди. Бунинг учун 30 млрд. сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилди. Бу бир йилда табиий газ ва электр энергияси учун сарфланадиган 20 млрд. сўм маблағни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг