Исроилнинг навбатдаги ҳужуми оқибатида 19 киши ҳалок бўлди

14:16 30 Октябр 2024 Дунё
136 0

Фото: AFP

Исроил армияси Ғазо шимолида жойлашган Байт Лаҳия шаҳридаги турар-жой биноларини яна бомбардимон қилиши оқибатида 19 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Ғазодаги Фаластин фуқаролик мудофааси маълумотларига кўра, сешанбага ўтар кечаси Исроил Ал-Лоуҳ оиласига тегишли бир нечта уйларга зарба берган. Навбатдаги ҳужум Исроил ҳарбийлари Байт Лаҳиядаги Абу Наср оиласига тегишли беш қаватли бинони бомбардимон қилганидан бир кун ўтмасдан содир бўлди. Яҳудий давлатининг ўша ҳужумида 93 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одамлар яраланганди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар орасида камида 25 нафар бола борлигини маълум қилди.

Исроилликлар зарба ҳақидаги хабарларни кўриб чиқаётганини айтишди, унинг асосий иттифоқчиси АҚШ эса ҳужумни “даҳшатли” деб баҳолаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси портлашдан даҳшатга тушганини маълум қилди ва бу Ғазодаги қарийб уч ой ичида содир бўлган энг қонли ҳужумлардан бири эканига урғу қаратди. БМТнинг гуманитар агентлиги Абу Наср оиласининг уйига қилинган ҳужум Ғазода ўтган ҳафтанинг ўзида еттита “оммавий қурбонлар”дан бири эканлигини таъкидлаган

Исроилнинг Байт Лаҳияга ҳаво ва қуруқлик ҳужуми кучайиши Ғазо шимолидаги қамалининг 26 кунига тўғри келди.

Исроил ҳарбийлари йил бошида Ғазо бошқараётган Фаластин гуруҳини ҳудудда қириб ташлаганини айтган эди. Аммо ҲАМАС аскарлари шимолда қайта тўплангани учун Исроил ҳужум бошлаган.

Фаластин фуқаролик мудофаасига кўра, 100 мингдан ортиқ одам шимолда озиқ-овқат ва сувсиз қоляпти, ўнлаб одамлар бомбаланган уйлар вайроналари остида қолмоқда, Исроилнинг давом этаётган қамал ва ҳужумлари туфайли қутқарувчилар уларга етиб бора олмаётир.

“Иккала ўғлим ҳам бутун оилалари билан ўлдирилди. Турмушга чиқмаган қизим ҳам ҳалок бўлди. Яна бир қизим эса беш нафар фарзанди билан ҳалок бўлди. Улар қандай хато қилишди? Ўша бегуноҳ инсонлар нима қилдики, бундай қирғин қилинди?”, — дейди фаластинлик аёл.

Шу ерлик шифокорга кўра, Шимолий Ғазо аҳолисига хизмат кўрсатувчи асосий тиббий муассаса бўлган Камол Адван касалхонасига одамлар даволаниш учун боради. Аммо шифохона раҳбари беморларни даволаш учун ходимлар йўқлигини маълум қилган. Чунки Исроил кучлари рейдда ишчиларининг кўпини ҳибсга олган.

Ҳозирча халқаро ташкилот ва агентликлар хавотир билдиришдан нарига ўтмаяпти. Фаластин расмийларига кўра, Исроилнинг бир йиллик уруши шу кунга қадар Ғазода камида 43 мингдан ошиқ фаластинликнинг умрига зомин бўлди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?