Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида сўнгги 48 соат ичида 92 нафар фаластинлик ҳалок бўлди

18:10 19 Апрель 2025 Дунё
168 0

Исроилнинг сўнгги 48 соат ичида Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 92 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда «Al Jazeera» нашри.

Кеча, 18 апрель куни Исроил ҳарбий кучларининг Ғазо ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 58 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, ўнлаб инсонлар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилиши туфайли ҳалок бўлаётган фаластинликлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

«Al Jazeera» телеканалининг Ғазодаги мухбири фаластинлик оталар Исроилнинг доимий ҳужумлари ҳамда Ғазога киритилиши керак бўлган инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, озиқ-овқат, дори дармон ҳамда тиббий буюмларга қўйилган тақиқлар туфайли ўз фарзандларини боқолмаслик ҳолатлари кўпайгани ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари кучли психологик муаммоларга дуч келаётгани ҳақида маълумот берган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазодаги маҳаллий аҳоли вакиллари ҳозир озиқ-овқат маҳсулотларига ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтож эканлигини таъкидламоқда. Шунингдек, юз минглаб фаластинликлар очлик туфайли ҳалок бўлиши ёки оғир, асоратли хасталикларга чалиниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ғазо ҳукумати матбуот бўлимининг маълум қилишича, Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумлари оқибатида шу бугунга қадар 61 минг 700 нафар фаластинликлар ҳалок бўлган. Яна минглаб вайроналар остида бедарак йўқолганлар ҳалок бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?