Исроилнинг Ғазога берган навбатдаги зарбалари оқибатида 25 киши ҳалок бўлди

11:50 28 Июль 2025 Дунё
302 0

Фото: AP

Якшанбадан душанбага ўтар кечаси Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган зарбалари оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Бу ҳақда «Al Jazeera» телеканали Фаластин тиббий манбаларига таяниб хабар тарқатди.

«Исроилнинг душанба куни ярим тундан бери Ғазо секторининг бир қанча ҳудудларига берган кучли зарбалари оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди», — дейилади хабарда.

Телеканал маълумотларига кўра, энг кучли портлаш ва ўққа тутилиш Ғазо жанубидаги Хон Юнис шаҳрида содир бўлган. Дайр ал-Балоҳдаги турар-жой бинолари ва марказий Фаластин ярим эксклавидаги ал-Мағози лагерига ҳам зарбалар берилган. Хон-Юнисдаги вайрон бўлган бинолар остида одамлар қолиб кетгани айтилмоқда.

Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг 18 мартдан бери Ғазога берган янги зарбалари оқибатида 8600 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 33 мингга яқин киши жароҳатланган.

2023 йил 7 октябрда Исроил Ғазо секторидан мисли кўрилмаган ракета ҳужумига учради. Шундан сўнг ҲАМАС жангарилари чегара ҳудудларига кириб, ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарата ўт очган ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олган. Расмийларга кўра, Исроил томонида 1200 нафарга яқин одам ҳалок бўлган.

Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари «Темир қиличлар» операциясини бошлаб, тинч аҳоли манзилларига зарба беришни ўз ичига олган ва Ғазо сектори тўлиқ блокадага олинганини эълон қилди. Сув, электр энергияси, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтатилди.

Исроил ҳужумлари оқибатида 59 минг нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?