Исроил Эроннинг ракета ҳужумларига қандай жавоб бериши мумкин?

17:35 03 Октябр 2024 Дунё
270 0

Фото: AFP

Исроил Эроннинг стратегик активларига жавоб ҳужумини режалаштирмоқда. Ядровий иншоотлардан тортиб то нефтни қайта ишлаш заводларигача барча вариантлар муҳокама қилинади.

Сешанба куни Эрон Исроил томонидан “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг Байрутда ўлдирилиши ва 31 июл куни Теҳронда ҲАМАС сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ҳалок бўлиши ортидан икки тўлқинли баллистик ракета ҳужуми уюштирди.

Исроил армиясининг хабарларига кўра, 180 та ракета зарбаси талафот етказмаган. Чунки аксарият ракеталар тутиб олинган. Эрон Тель-Авив ҳудудидаги учта ҳарбий базани нишонга олганини даъво қилмоқда.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу зудлик билан жавоб қайтаришга ваъда берди ва Эрон катта хатога йўл қўйганини маълум қилди. АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда ҳужумга жавоб беришни муҳокама қилиб, Исроилни қўллаб-қувватлашини қўшимча қилган.

Исроил энди вазиятни юмшатиши ёки АҚШ кўмагида азалий душманига қарши туришини танлаши мумкин. Ҳужумдан кўрилган зарар минимал бўлганлиги сабабли, чекланган жавоб зарбасини йўллаши кутилмоқда. Чунки бунга ўхшаш ҳолат жорий йилнинг баҳорида кузатилган эди. 13 апрел куни Исроилнинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум уюштиргани гумон қилинганига жавобан Эрон 120 га яқин баллистик ракета ва 170 та учувчисиз учувчи самолётни учирган ҳамда Исроил жанубидаги ҳарбий базага кичик миқдорда зарба берилган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, 18 апрел куни Исроил Исфахондаги Артеш ҳаво кучлари базасига зарба бериб, узоқ масофали С-300 ҳаво мудофаа тизимининг бир қисмини йўқ қилганди.

Лекин бу сафар Эрон ҳужумининг кўлами ва баллистик ракетадан фойдалангани сабабли Тель-Авивнинг “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизимидан ўтиб кетган. Таҳлилчилар фикрига кўра, шу сабабли ҳам Исроилнинг жавоби апрель ойидагига қараганда йирикроқ бўлиши ҳам мумкин. Бу эса Эрон кучларини Исроил ва унинг энг катта иттифоқчиси АҚШ билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка тортиши мумкин.

Экспертлар айтишича, Ғарб вазиятнинг кескинлашувида Эронни айбламоқда. Бу Исроил учун маъқул келади, чунки у дунёни Ғазода қилаётган ишларидан чалғитиб, Эронга қарши коалиция ёрдамини сафарбар қила олади.

Исроил қандай нишонларни нишонга олиши мумкин?

Исроил расмийларининг оммавий баёнотларига кўра, қайси объектларга зарба бериш ҳақидаги вариантлар стол устида. Масалан ядровий ва нефт ишлаб чиқариш объектларига зарбалар бериш, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига мақсадли суиқасдлар ва ҳарбий активларга аниқ рейдлар уюштирилиши мумкин. Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннетт эса Эроннинг ядровий иншоотларига ҳал қилувчи зарба беришга чақирди.

«Биз Эроннинг ядровий дастурини, унинг марказий энергетика объектларини йўқ қилиш ва бу террорчи режимни ҳалокатли тарзда йўқ қилиш учун ҳозир ҳаракат қилишимиз керак», — деб ёзган Беннет «Х» ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Натанздаги уранни бойитиш мажмуаси ва Исфахон ядро технологиялари маркази Эрон ядровий дастурининг марказида жойлашган иккита мажмуа ҳисобланади. Чоршанба куни Байден Исроилнинг Эрон ядровий иншоотларига зарба беришини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Шунингдек, экспертларга кўра, Теҳроннинг ядровий иншоотларининг аксарияти чуқур ер ости ва тоғлар остида жойлашган бўлиб, Исроил учун уларга зарба бериш осон бўлмаслиги мумкин.

Шунинг учун қаттиқ ҳимояланган ядровий майдонларга қараганда камроқ қўриқланадиган нефт конлари муқобил ҳарбий нишонлар бўлиши кутилмоқда. Эрон ҳукумати мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият юзасидан халқ босими ортиб бораётган бир пайтда Эроннинг даромадли нефт секторига зарба бериш ҳам Исроилнинг сиёсий фойдасига ўйнаши мумкин.

Эрон ҳарбий-денгиз базаси объектлари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари Исроил учун бошқа потенциал нишонлардир. Эрон пойтахти Теҳрон билан бир қаторда, асосий энергия инфратузилмаси ва Эрон денгиз флоти иншоотлари жойлашган Бандар-э Бушер порт шаҳри муҳим марказ ҳисобланади.

Яна бошқа бир вариант эса Тель-Авив Эрон раҳбарларига қарши қотилликларини давом эттиришидир. “Reuters” хабарига кўра, Исроил ўтган ҳафта Байрутга берган зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Насруллоҳнинг ўлдирилиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий кучайтирилган хавфсизлик шароитида Эрон ичидаги хавфсиз жойга олиб кетилган.

“Агар ақлдан озган сионистик режим Америка ва Европа томонидан тўхтатилмаса ҳамда бу каби жиноятларни давом эттириш ёки суверенитетимиз, ҳудудий яхлитлигимизга қарши бирор нарса қилиш ниятида бўлса, операция янада катта ҳажмда такрорланади ва биз уларнинг барча инфратузилмасига зарба берамиз”, — деган Эрон қуролли кучлари қўшма штаби бошлиғи генерал Муҳаммад Бағирий.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер