Исроил Дамашқдаги президент саройи яқинига ҳаво ҳужуми уюштирди

2 май куни Исроил Суриянинг пойтахти Дамашқдаги президент саройи яқинига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исраэль Кац томонидан берилган қўшма баёнотда эълон қилинди.
«Reuters» агентлиги келтирган маълумотларга кўра, ҳужум Сурия режимига аниқ сигнал бўлиб, Дамашқ жанубида ҳарбий кучлар жойлаштирилишига ва друзлар жамоасига таҳдид солиниши ҳолатига йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
Бу Исроилнинг сўнгги кунлар ичида Сурияга уюштирган иккинчи зарбаси бўлди. Агентлик Исроилнинг бу ҳаракатларини Суриядаги вақтинчалик президент Аҳмад аш-Шараага нисбатан чуқур ишончсизлик белгиси сифатида талқин қилмоқда. Ҳужумлар фонида Сурия пойтахти атрофида давом этаётган нотинчлик Исроил ва минтақавий хавфсизлик учун жиддий хавотир уйғотган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Тэмми Брюс 1 май куни берган баёнотида Суриядаги друзлар озчилигига нисбатан зўравонлик ва нафратга асосланган риторикани кескин қоралади. АҚШ Дамашқдаги вақтинчалик ҳукуматни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. Расмий Вашингтон барча сурияликларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, АҚШнинг Сурияга нисбатан дипломатик алоқалари давом этмоқда. 1 май куни АҚШ вакиллари БМТ штаб-квартирасида Суриянинг ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шибани билан учрашди. Бу учрашувда АҚШ Сурияга мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган сиёсат юритишни тавсия этди, дея хабар бермоқда АФП агентлиги.
Дамашқ атрофида, хусусан, шаҳар атрофи Саҳная ҳудудида 29 апрелга ўтар кечаси ҳукуматпараст кучлар ва друз жангчилари ўртасида тўқнашувлар бошланди. Сурияда инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув ташкилоти маълумотига кўра, икки кунлик жанглар давомида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, друзлар — араб тилида сўзлашувчи этно-диний гуруҳ бўлиб, улар асосан Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда истиқомат қиладилар. Минтақадаги ижтимоий ва сиёсий кескинлик фонида уларнинг хавфсизлиги халқаро ҳамжамият эътиборида қолмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг