Испанияга мағлубиятлар учун «ўч» олиш, Англияга эса илк бош совринни ютиш имконияти
Иллюстратив фото
Бугун футбол бўйича Европа чемпионати финалида Испания ва Англия терма жамоалари ўзаро беллашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00 бошланади.
Мазкур жамоалар шу пайтгача 27 марта ўзаро баҳслашган. Уларнинг 13 тасида Англия, 10 тасида Испания ғалаба қозонган. Тўрт беллашувда ғолиб номи аниқланмаган. Ушбу ўйинларнинг 19 таси ўртоқлик мақомидаги баҳслар ҳисобланади.
Англия ва Испания расмий мусобақаларда саккиз бор бир-бирига қарши майдонда саф тортган. Жумладан, икки бор УЕФА миллатлар лигасида, икки марта Европа чемпионати финал босқичида, яна шунчадан жаҳон чемпионати финал босқичи ва Европа чемпионати саралашида ўзаро ҳисоб-китоб қилган. Ушбу ўйинларнинг 4 тасида Англия, 2 тасида Испания ғалаба қозонган. Икки баҳс дуранг билан якунланган.
Англия ва Испания Европа чемпионати финал босқичида илк бора 1968 йилда беллашган. Ушбу мусобақанинг ¼ босқичида инглизлар испанларни 1:0 ҳисобида енгган.
Ушбу жамоалар 1996 йил ташкил этилган «Евро»нинг ҳам ¼ финалида бир-бирига қарши майдонга чиққан. Ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисоби билан якунланади. Пенальтилар сериясида эса 4:2 ҳисобида инглизлар ғалаба қозонган. Эътиборли жиҳати, айни шу ўйинда ҳозирги Англия терма жамоасининг бош мураббийи Гарет Саутгейт футболчи сифатида ўз ватани шарафини ҳимоя қилган.
Хўш, бу сафарги «Евро»да устунлик ким тарафда?
Кўпчилик футбол мухлису мутахассислари финалда испанларнинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Чунки Испания плей-офф босқичида Германия, Португалия каби кучли терма жамоаларни мусобақадан чиқариб юборди.
Аммо Англия ҳам плей-оффда кучсиз рақибларга дуч келмади. Айниқса, ярим финалда Нидерландияни мағлуб этгани унинг бош соврин учун имкониятларини ошириб юборди. Қолаверса, бу Гарет Саутгейт бош мураббийлигидаги Англиянинг Европа чемпионатининг иккинчи финали ҳисобланади. Бу мураббий шогирдлари билан 2020 йилда ўтказилган «Евро»нинг ҳам финалига қадар етиб келиб, Италияга ютқазиб қўйганди. Шу боис кўпчилик инглизлар ўша ўйинда йўл қўйган хатолардан тўғри хулоса чиқарган, деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун айтиб ўтамиз, шу пайтда Испания терма жамоаси Европа чемпионатларида учта олтин (1964, 2008, 2012), битта кумуш (1984) медални қўлга киритган.
Англия эса 1968, 1996 йилларда бронза, 2020 йилда эса кумуш медаль эгаси бўлган.
Хўш, испанлар аввалги «Евро»лардаги мағлубият учун инглизлардан «қасос» оладими? Инглизлар эса Европа чемпионатларидаги илк бош совринини қўлга киритадими?
Ушбу саволларнинг барчасига бугун Берлиндаги «Олимпия» стадионида ўтказиладиган учрашувда аниқлик киритилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг