Ислоҳотлар даврида ОАВ роли, журналистларнинг ахборот тарқатишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

04:29 09 Май 2023 Жамият
750 0

Сўнги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг самарали фаолият юритиши учун етарли шароитлар яратишга, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 81-моддасида оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги эътироф этилиб, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилиши давлат томонидан кафолатланиши белгиланмоқда.

Айрим ҳолатларда ахборот тарқатишда ахборот манбаси чуқур ўрганилмасдан, журналистлар томонидан вақтинчалик обрў-эътибор қозониш мақсадида саёз ва юзаки тайёрланган материаллар тақдим этилиб, журналист этикасига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Шунингдек. жиноятчиликни ёритишда айбсизлик презумпциясига риоя этмаслик, ортиқча тафсилотларга берилиш орқали жиноятчиликни тарғиб қилиб қўйиш, шахсга ўзбошимчалик билан жазо бериш (самосуд) ҳолатларини ёритишда шахснинг обрўси ва қадр-қимматини камситиш, вояга етмаганлар тўғрисидаги ахборотни тарқатишда бола ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари принциплари бузилишига йўл қўйилмоқда.

Мазкур ҳолатлар келгусида жамиятда кутилмаган нохуш ижтимоий оқибатларни келтириб чиқариши, олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан аҳоли ўртасида ишончсизлик ҳиссининг пайдо қилиши, шунингдек давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шундай шароитда журналистларнинг ахборот тарқатишдаги масъулиятини кучайтириш, учраётган айрим камчиликлар таҳлили асосида уларнинг ҳуқуқий билимини янада ошириш, материаллар тайёрлашда фуқаролар ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан 2023 йил 8 май куни «Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситаларининг роли, журналистларнинг ахборот тарқатишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари» мавзусида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган 2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Адлия вазирлиги профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ва ҳуқуқшунос экспертлари тренерлик қилди.

Очиқ мулоқот давомида Ахборот кодекси лойиҳасида кутилаётган ўзгаришлар, ахборот соҳасида касб масъулиятининг чегаралари, журналистлик фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ва этик нормалар, журналист томонидан фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш ёки шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш, журналистика соҳасида эски қолипдан воз кечиш, инсон онгига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин бўлган махсус ахборотлар тарқатиш, сездирмаган ҳолда тажовузкорлик ва ахлоқсизликни тарғиб қилиш учун жавобгарликни белгилаш, аҳолининг ОАВ орқали ишончли ва ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқини бузиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

Шунингдек, жураналист ва ОАВ вакиллари томонидан «ёлғон ахборот тарқатганлик учун ким айбор бўлади биринчи тарқатган манбами ёки иккинчи, учинчилар ҳам?», «журналистик фаолиятда цензурага йўл қўйилганлиги қандай билиш мумкин?», «журналистларнинг ҳуқуқ соҳасида бўйича билимларини ошириш борасида қандай режалар қилинган?» каби саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?