Исҳоқхон Ибратнинг издоши
Тил билиш инсонни дунёга олиб чиқади. Мамлакатимизда ёшларга хорижий тилларни ўргатишда замонавий таълим технологияларидан кенг фойдаланиб, юқори натижаларга эришилмоқда.
Ушбу жараёнда фидойи устозларнинг меҳнати алоҳида ўрин тутади. Шундай педагоглардан бири – Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номли ижод мактаби ўқитувчиси Дилафруз Исоқованинг фаолияти ҳам эътиборга молик. У етти йилдан буён ёшларга немис тили фанидан сабоқ бериб келмоқда.
Педагог фаолияти давомида икки маротаба Германияда малака оширган, беш бор халқаро илмий-амалий конференцияларда иштирок этган. Ўтказилган тажриба алмашувлари унинг касбий салоҳиятини ошириш билан бирга, дарс жараёнига янгича ёндашувларни олиб кириш имконини бераётир. Ўқувчиларнинг ютуқлари бунга ёрқин мисолдир. Хусусан, Дилафруз раҳбарлигида 8 нафар ўқувчи Германияда таълим саёҳатида бўлган, 40 нафардан ортиғи эса фан олимпиадаларининг вилоят босқичида юқори натижаларга эришган. Тўрт нафар шогирди ҳозирда Германиядаги нуфузли олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олмоқда.
— Ҳамюртимиз Жунайдулла Исҳоқхон ўғли Ибрат миллат маърифати йўлида жонини қурбон қилган инсон эди. Ўз даврида етти тилни билган жадид бобомиз маҳаллий аҳоли саводхонлиги йўлида катта ишларни амалга оширган, — дейди Д. Исоқова. — Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтиб, унинг орзу-мақсадлари тўла рўёбини топяпти. Ижод мактабимиз ўқувчилари бобомиз бемалол гапирган етти тилни сабот билан ўзлаштиришмоқда.
Тажрибали ўқитувчи тил ўргатишда асосий машғулотлардан ташқари сўзлаш салоҳиятини оширувчи амалий воситаларни кенг қўллайди. Унинг ташаббуси билан ижод мактабида “Alles Theater” номли театр тўгараги йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда 150 нафар ўғил-қиз шуғулланмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг