Ишончли ва замонавий энергия манбаларидан фойдаланиш имконияти

11:35 11 Ноябрь 2023 Жамият
261 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамкорлигида Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида 7-мақсад этиб белгиланган “Арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергия манбаларидан барча учун умумий фойдаланиш имкониятини таъминлаш” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда БРМ соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг ижро этилишига алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, ривожланиш натижаларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, мазкур мақсадларни “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Айниқса, жаҳон энергетика мувозанатида қайта тикланувчан манбалардан олинадиган энергия улушини кўпайтириш, энергия самарадорлигини яхшилаш, бу борадаги инфратузилмани кенгайтириш ва технологияларни модернизация қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда арзон, ишончли ва замонавий энергия таъминотидан умумий фойдаланишга зарур шарт-шароит яратилмоқда. Шунингдек, энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам кўзланган мақсадларга эришиляпти. Хусусан, саноат корхоналари фаолиятини тунги вақтга ўтказиш, тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, реактив компенсация қурилмаларини ўрнатиш, кўмирга ўтказиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида бугунга қадар 2,4 млрд кВт.соат электр энергияси ва 389 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинган.

Келгусида яна бир қатор муҳим вазифаларни белгилаш ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш, 2030 йилга келиб, энергия сиғимлилигини 1,5 марта камайтириш, иссиқхона газларининг ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, шу билан бирга, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиш белгиланган.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари томонидан ёқилғи-энергетика соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу, пировардида, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Яна бир муҳим масала — қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилаётганига урғу берилди. Жорий йилда бу бўйича бир қатор муҳим лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган бўлиб, йил охиригача умумий қуввати 2 817 МВт бўлган 8 та лойиҳа бўйича дастлабки 1 517 МВт қувватлар ишга туширилади.

Давра суҳбати иштирокчилари республикамизда ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика балансидаги қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш ҳамда ушбу йўналишни тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича мавжуд норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиб борилаётганига эътибор қаратдилар. Шунингдек, соҳадаги ислоҳотлар эътироф этилиб, ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар билдирилди.

Тадбирда муҳокама этилган масала юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?