Ишлаган барака, ишламаган баҳона топади

12:46 08 Апрель 2024 Жамият
613 0

Норқул ака оз эмас, кўп эмас — 35 йил турли ташкилотларда меҳнат қилди. Аммо томорқасига бир кириб чиқмаган кунини эслолмайди. Нафақа ёшига етгандан сўнг ҳам оёқ узатиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Қайси вақтда борманг, уни томорқасида учратасиз.

Бухоро вилояти Олот тумани Бўрибек маҳалласида яшовчи бу инсоннинг деҳқончилик ортидан рўзғорини бут этибгина қолмай, бозорни тўкин қилишга ҳам ҳисса қўшаётгани маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Валибек Чўллиев эътиборидан четда қолмади. Унинг кўмаги билан Норқул Ҳамроев «Осиё тараққиёт банки» лойиҳасининг «Иқлим ўзгаришларига мослашиш» дастури доирасида бир сотихли иссиқхонага эга бўлди.

— Томорқада етиштирилаётган саримсоқпиёз ҳамда бошқа резавор кўкатларни пешма-пеш бозорга чиқаряпмиз, — дейди Норқул ака. — Иссиқхонадаги помидор ҳам бугун-эрта пишиб етилади. Ундан камида бир тонна ҳосил олишни чамалаб турибмиз. Эртаки картошка, пиёз, бодрингни ҳам барвақт етиштириб, яхши фойда олишга одатланганмиз. Бу йил томорқа оиламизга камида 60 миллион сўм даромад келтиради.

Бир неча туп мевали дарахт ҳосилга киргани, қорамол, қўй, эчки, товуқ ҳам боқилаётганини кўриб, бу хонадон маҳалланинг ўзига тинч оилаларидан эканига ишонч ҳосил қиласан, киши.

— Томорқада ишлаган барака, ишламаган эса баҳона топади, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Очиғи, турган-битгани хазина дегулик томорқани ўз ҳолига ташлаб қўйган ёки номигагина маккажўхори экиб, унинг умрини зое кетказаётганларни кўрганимда хафа бўлиб кетаман. Дўст ачитиб гапиради, деганларидек, уларга танбеҳ бераман. Ахир, ернинг ҳам уволи бор.

Норқул ака ҳақ. Афсуски, орамизда қишлоқда яшаб туриб, картошка пиёзни қўя туринг, ҳатто исмалоғу кўкатни ҳам бозордан сотиб олаётганлар учрайди. Ваҳоланки, резаворлар етиштириш учун озгина ер бўлса, кифоя.

Бу ҳақда бежиз тўхталмадик. Яқинда вилоят раҳбарлари Пешку туманидаги Ўғлон, Қорақалпоқ маҳаллалари, Шофиркон ва Ромитан туманларидаги Искогаре, Новфач қишлоқларида айрим хонадон эгалари ҳали-ҳануз ғафлат уйқусидан уйғонишмаганига, еримизни шўр босган, ариқда сув йўқ, деган баҳоналарни рўкач қилиб томорқаларини қаровсиз қолдиришгани, бу оилаларнинг топиш-тутиши ҳам ўзига яраша эканига гувоҳ бўлишди.

Табиийки, «маҳалла еттилиги» наҳотки бу ҳолдан бехабар, деган савол ўртага қалқиб чиқди. Ахир, одамларни камбағалликдан халос этишнинг бир йўли томорқадан унумли фойдаланиш эканини улар юрак-юракдан ҳис этишлари керак эмасми?!

Илғор томорқачилар тажрибасини оммалаштириш кимнинг зиммасида? Айрим боқибеғам, ялқов кишиларни ким ҳушёр торттиради? Туман ҳамда тегишли маҳаллалар масъуллари шу каби ҳақли эътирозлар олдида ер чизиб қолишди.

Рўй-рост танқид олдида уятдан ер ёрилса киргудек ҳолга тушган томорқа эгалари занглаб қолаёзган кетмонни қўлга олдилар. Экин-тикин ишларига киришдилар.

Қизиқ, томорқани чинакамига ризқ-рўз манбаига айлантириш учун кимнингдир танбеҳ ёки топшириқ беришини кутиш шартмиди?!

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?