Иш билган одам ҳаётини гўзаллаштиради
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шўрчи туманидаги Жойилма маҳалласида Отабек Маҳмудов ноёб паррандаларни парваришлаб келмоқда. Бугун унинг хўжалигида қирғовул, товус, брама зотли товуқ сингари беш турдан зиёд жониворлар бор. Эътиборлиси, улар фақат ишқибозлик учун кўпайтирилмайди, яхшигина даромад манбаига ҳам айлантирилган.
— Асл касбим устачилик, уйлар қурамиз, биноларни таъмирлаймиз, — дейди О. Маҳмудов. — Бўш вақтларимиз ҳам бўлади. Қишлоқ жойда томорқада экин-текин экиш одатий ҳол. Деярли ҳамма ерда ишлашга имкон топилади. Мен шуларга қўшимча сифатида камёб паррандаларни боқаман. Бундай жониворларни парваришлаш орқали нафақат эстетик, балки яхшигина иқтисодий фойда ҳам олиш мумкин. Масалан, товуслар биринчи навбатда ўз гўзаллиги билан одамни мафтун этади. Ишқибозлари ҳам кўп. Унинг парҳезбоп гўшти эса ширин таъми ва соғлиқ учун фойдалилиги билан ажралиб туради. Товуслар узоқ умр кўрувчи қушлар ҳисобланади, 50 йил яшаши мумкин. Озуқа истеъмолида инжиқ эмас. Рационини маккажўхори, сули, буғдой, гуруч, ҳашаротлар личинкалари, ўтлар, мевалар ва сабзавотлар ташкил қилади. Макиён товуслар йилига 2 марта полапон очиб чиқса-да, йил давомида тухум қўйишдан тўхтамайди. Тухумлари ўртача инкубация даври — 27-30 кун. Инкубация учун фақат янги, қўйилганига 10 кундан ошмаган тухумлардан фойдаланилади. Товус тухумларини товуқ ёки ўрдак остига босиб чиқариш учун қўйиш мумкин. Биз уларнинг бир дона тухумини 80-90 минг сўмдан, жўжасини эса 200-250 минг сўмдан сотаяпмиз.
Қирғовул, яъни тустовуқ ҳақида гап кетганда хаёлимизда ов билан боғлиқ ҳодисалар гавдаланади. Бироқ уни уй шароитида ҳам кўпайтириш мумкин экан. Гўшти парҳезлик хусусиятлари туфайли кўпчиликка манзур бўлади. Отабек Маҳмудовнинг айтишича, бу парранданинг уй шароитида парваришлаш учун энг мақбул зоти ов қирғовули экан:
— Шу турдаги паррандаларни парваришлаш учун икки асосий шароит — майдон ва махсус катаклар талаб этилади. Ҳар бир қирғовул учун энг камида 2 кв.м майдон ажратилади. Қирғовуллар гуруҳ қилиб сақланганда майдон ҳажми камида 5 кв.м ни ташкил этиши керак. Махсус жиҳозланган катакларни иссиқ қилиб қуриш шарт эмас, чунки улар совуқ ҳавода қийналмай яшай олишади. Кўпайиш мавсуми март ойидан июлгача. Ўрта ҳисобда бир макиёни шу даврда 50 тага, ҳатто 100 тагача тухум беради. Макиён қирғовуллар тухум босишда сабрсиз. Бостирилган 50 та тухумдан атиги 10-15 та жўжа очиб чиқиши мумкин. Шу боис уларнинг тухумларини ўрдак, курка ёки товуқларга бостирган маъқул.
Турли жониворлар парваришлашни даромад манбаига айлантирган қаҳрамонимиз ноёб мўйнали қуёнларни кўпайтиришни ҳам мақсад қилган. Бу борада дастлабки қадамларни ташлади. Энг муҳими, турмуш ўртоғи билан бирор муаммо бўлса биргаликда ечим топишади. Зеро, иш билган одам ўз ҳаётини гўзаллаштиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг