Иқтисодиёт барқарорлиги нималарда намоён бўлади?

17:29 20 Май 2021 Иқтисодиёт
440 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш, юқори технологияли қайта ишлаш йўналишларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош муҳитни шакллантириш, ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатдошлигига эришиш, экспорт таркиби ҳамда географиясини диверсификация қилиш, шунингдек, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш орқали миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар анча фаоллашди.

Буни қуйидаги долзарб масалалар билан изоҳлаш мумкин: биринчидан, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, унинг тармоқларида ишлаб чиқариш суръатлари ўсишига эришиш мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Иккинчидан, жаҳон бозоридаги кескин рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг юқори сифатли маҳсулотлар билан жаҳон бозорларига чиқишини фаоллаштириш зарурияти мавжуд. Учинчидан, илмий сиғими юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган тенденцияларнинг ривожланиши ҳамда шунга мувофиқ тарзда саноат тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашда миллий иқтисодиёт доирасида доимий равишда замонавий технологиялар ҳамда инновацияларни жорий этиш талаб қилинади.

Миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш кўп жиҳатдан иқтисодиёт йўналишлари ҳамда соҳаларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини барпо этиш бўйича қулай шарт-шароитларни яратиш билан бевосита боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун унинг тармоқлари ролини, айниқса, юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти катта

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар миллий иқтисодиёт тармоқларида юқори натижаларга эришишда қўл келмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил якунларига кўра, 580,2 триллион сўмни ташкил этган ҳолда 2019 йилдагига нисбатан 70 миллиард сўмга ошди, ЯИМ таркибида товарлар ишлаб чиқаришда 341,5 триллион сўм, хизматлар кўрсатиш соҳасида 194,4 триллион сўм миқдорида ялпи қўшилган қиймат яратилди. Маҳсулотларга соф солиқлар эса 44,4 триллион сўмга етди. Бундай натижага иқтисодиётнинг барча тармоғида ислоҳотларнинг тизимли ва изчиллик билан амалга оширилиши туфайли эришилди, албатта.

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2016 йилдагига нисбатан қарийб икки ярим баробарга ошган ҳолда 580,2 триллион сўмлик кўрсаткични ишғол этди. Миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашда мамлакат саноати етакчи ўрин тутади. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатларига эга бўлди, жумладан, мазкур кўрсаткич 2020 йилда 367,1 триллион сўмни ташкил этгани ҳолда 2016 йилдагига нисбатан 255,2 триллион сўмга ошган. Бу жараёнда мамлакатимизда саноат салоҳиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурлари доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди.

Пандемиянинг салбий таъсири

Ўтган йили бутун дунёда юзага келган ва ҳанузгача давом этаётган пандемия нафақат одамлар саломатлигига, балки миллий иқтисодиётларнинг ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бу жаҳоннинг қарийб барча мамлакатида инфекция тарқалишидан ҳимояланиш мақсадида бир қатор чекловлар ҳамда карантин тадбирлари жорий этилиши натижасида иқтисодиётнинг таянч тармоқларида фаолият юритаётган кўплаб йирик компания ва корхоналарда ишлаб чиқариш суръатлари ҳамда аҳоли бандлик даражаси кескин пасайиши каби ҳолатларда намоён бўлди.

Умуман олганда, пандемиянинг таъсири оқибатида глобал иқтисодиётда инқирозли ҳолатнинг шаклланиши қуйидагилар орқали юзага келди:

миллий иқтисодиётда ялпи талаб ҳажмининг кескин тушиши ва унинг таркибида сезиларли ўзгаришларнинг рўй бериши;

мамлакатлар озиқ-овқат, энергия, тиббиёт, ишлаб чиқариш воситалари, мудофаа саноати маҳсулотлари билан тўлиқ ўзини ўзи таъминлашга интилиши;

аҳоли реал даромадларининг камайиши, ишсизлик ва камбағалликнинг ортиши;

нефть инқирозлари ва савдо «урушлари» натижасида айрим мамлакатларда салбий сальдо юзага келиши;

тадбиркорлик субъектлари даромадларининг кескин пасайиши, макро ва микро даражада молиявий оқимлар ҳаракати ҳамда ҳажмидаги ўзгаришлар;

жаҳон бозорларида талабнинг сусайиши ҳисобига миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмининг қисқариши;

глобал иқтисодиёт ва логистика таркибининг ўзгариши;

ишлаб чиқаришнинг асосий минтақаларида ўзгаришлар рўй бериши ва рақобатбардошликнинг пасайиши;

иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмининг тушиши;

ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши;

бой ҳамда қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги тавофутнинг кенгайиши ва бошқалар.

Юқоридаги ҳолатлар энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш «занжир»лари ҳамда савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хом ашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувига олиб келди.

Ўзбекистон қўллаган чоралар

Мазкур омиллар глобал иқтисодиётнинг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам муайян даражада таъсир қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни тақозо этди.

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, мақсадли чеклов чораларини қўллаш натижасида иқтисодиёт тармоқлари фаолиятига имкон яратилди. Айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона божи ҳамда солиқ тўловлари бўйича имтиёзли тизим жорий қилинди. Мазкур чора-тадбирлар ва яратилган қулай шарт-шароитлар миллий иқтисодиётнинг нисбатан барқарор ривожланиши ҳамда реал сектор корхоналарининг одатий фаолиятга қайтиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишида муҳим роль ўйнади. Бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил 19 мартда «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2020 йил 3 апрелда «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2020 йил 27 апрелда «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 18 майда «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2020 йил 20 июлда «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлар қабул қилингани айни муддао бўлди.

Ўз вақтида амалга оширилган таъсирчан чоралар туфайли мамлакатимизда пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан айрим давлатларга нисбатан сезиларли даражада иқтисодий ўсишга эришилди. Халқаро валюта фонди (ХВФ) маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2018 йилда 5,4 фоизни, 2019 йилда эса 5,6 фоизни ташкил этди. Пандемия таъсири натижасида мазкур кўрсаткичнинг тахминан 0,7 фоизгача пасайишига қарамай, ХВФ минтақада ЯИМ ўсишини 2025 йилгача 5,5-6 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари орасида Ўзбекистон 2020 йилда ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолган учта давлатдан биттаси ҳисобланади. Хусусан, 2020 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиши 1,6 фоиз, Туркманистонда 5,9 фоиз, Тожикистонда 4,5 фоиз кўрсаткичда сақланиб, МДҲнинг қолган мамлакатларида эса 2019 йилдагига нисбатан пасайиш тенденцияси қайд этилган. Бу ҳолатга пандемия шароитида мамлакатимиз ҳукумати томонидан миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар қўлланиши ижобий таъсир кўрсатди.

Пандемия шароитида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишни сақлашга хизмат қилган асосий омиллар сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқ ҳамда соҳаларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ишлари фаол тарзда олиб борилганлиги ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқаришлар ташкил этилганлиги;

ташқи савдони эркинлаштириш ҳамда валюта сиёсати барқарорлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг самарали тарзда амалга оширилганлиги;

молия, пул-кредит сиёсати бўйича таъсирчан механизмларнинг амалиётга татбиқ этилганлиги;

хусусий секторни ривожлантириш бўйича имтиёзли тартибларнинг жорий қилинганлиги;

барқарор олтин-валюта захирасининг шакллантирилганлиги;

пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга ошириш ҳамда жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш асосида маблағларнинг истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилганлиги;

ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш борасида муҳим ислоҳотларнинг амалда қўлланилганлиги;

аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш, янги иш ўринларини яратиш борасида юқори натижаларга эришилганлиги ва бошқалар.

Рағбат ижобий натижага етакламоқда

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли саноат бўйича меҳнат унумдорлигининг жадал ўсишига эришилди. Бунга, биринчи навбатда, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал секторида ресурс базасини кенгайтириш ҳамда инвестициявий фаолликни ошириш, иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар сабаб бўлди.

Саноат ишлаб чиқариши таркибида энг катта улуш ишлаб чиқарадиган саноат ҳиссасига тўғри келиб, унинг улуши 2020 йилда 83,0 фоизни, шунингдек, ЯИМ таркибида саноатнинг улуши 28,5 фоизни ташкил этди. 2019 йилнинг мос даври билан солиштирганда ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технологияли тармоқнинг улуши 1,9 фоиз, ўрта-юқори технологияли — 22,4 фоиз, ўрта-қуйи технологияли — 40,1 фоиз ва қуйи технологиялиси 35,6 фоиз бўлди.

Жами ишлаб чиқарадиган саноат таркибида машина ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, таъмирлаш ҳамда ўрнатиш, автотранспорт воситалари, яримтиркамалар ва бошқа тайёр буюмларни ишлаб чиқариш соҳасининг улуши — 19,4 фоиз, металлургия саноатининг улуши — 26,0 фоиз, тўқимачилик, кийим, тери маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши — 15,8 фоиз, озиқ-овқат, ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши — 16,9 фоиз, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмларини ишлаб чиқаришнинг улуши — 6,9 фоизни ташкил этди. Бу мамлакатимизда саноат таркибини диверсификация қилиш борасидаги амалга оширилган чора-тадбирларнинг ижобий натижаси сифатида изоҳланади. Шунингдек, яқин истиқболда миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминловчи саноат тармоғини таркибий жиҳатдан ўрганиш, таҳлил қилиш ва саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш учун энг самарали тармоқларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллий иқтисодиётда чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишни таъминлашнинг қатор муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Улардан бири сифатида янги экспорт бозорларига чиқиш Ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан эканлиги қайд этилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, қайта ишланган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги улуши сезиларли бўлсада, уни янада ошириш имкониятлари мавжуд. Миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва унинг маҳсулот таркибини диверсификация қилиш ўзаро алоқадор бўлган иккита омил гуруҳи орқали белгиланади. Бир томондан бу, табиий ресурслар соҳасидаги қиёсий устунликлар билан тавсифланган статик омиллар бўлиб, уларнинг таъсири натижасида кейинчалик юқори технологик ҳамда юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларга эътиборни кучайтиришга имкон яратилади. Бошқа томондан бу, инновациялар ва илмий-техник ютуқлар билан боғлиқ бўлган динамик равишда ўзгариб турадиган рақобат устунлиги омиллари ҳисобланади. Уларнинг биргаликда узвий ҳаракати натижасида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, экспортнинг барқарор ўсишини ва умуман, иқтисодиёт ривожида рағбатлантирувчи таъсирни таъминлашга эришилади.

Хулоса ўрнида айтганда, миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш борасида сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар иқтисодий ўсишнинг барқарор пойдевори сифатида хизмат қилмоқда. Жаҳон иқтисодиётида пандемиянинг салбий таъсири ҳали тўлиқ бартараф бўлмаганлигини ҳисобга олган ҳолда, миллий иқтисодиётнинг яқин истиқболда барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлашда қуйидаги йўналишлар бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

миллий иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник янгилаш ва диверсификация қилиш ишларини янада фаол давом эттириш;

саноатда юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар турини кенгайтириш ва сифат жиҳатидан рақобатбардошлик даражасини ошириш;

инсон капиталига инвестициялар киритишни фаоллаштириш орқали истиқболда илмий сиғими юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш;

иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритувчи корхоналарнинг экспорт ва импорт тузилмасини, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш ҳамда экспорт таркибини диверсификациялашга қаратилган чора-тадбирларни фаоллаштириш;

фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш орқали муҳим стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, хорижий капитални, аввало, моддий экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришга жалб қилиш;

миллий иқтисодиёт барқарор ривожининг муҳим омили сифатида янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг бандлик даражасини кўтариш ҳамда мазкур жараёнда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни янада рағбатлантириш.

Нодир ЖУМАЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,
Жасурбек АТАНИЯЗОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?