Интизомсизлик ортидаги хатар: йўлларда авариялар камайди, қурбонларчи?
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил давомида республика ҳудудида жами 9 226 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 2 188 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 8 901 нафар киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари сони 2024 йилги кўрсаткичларга нисбатан 1,5 фоизга камайган. Бироқ йиллик ўлим ҳолатларининг икки минг нафардан юқори даражада сақланиб тургани мамлакат йўлларидаги хавфсизлик масаласи ҳануз долзарб ижтимоий муаммо бўлиб қолаётганидан далолатдир.
Жамоатчилик таҳлиллари шуни кўрсатадики, ахборот маконида деярли ҳар куни эълон қилинаётган ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар жамиятда маълум даражада «иммунитет» пайдо қилган. Сўнгги беш йил давомида ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган ўлим даражаси 6,9 кўрсаткичдан 5,7 гача камайгани аҳоли сони ҳамда транспорт воситалари кўпайиб бораётган шароитда нисбатан ижобий ҳолат сифатида баҳоланади. Аммо мутахассислар бу рақамлар хотиржамликка асос бўла олмаслигини таъкидламоқда. Инсон ҳаёти билан боғлиқ фожиали ҳодисаларнинг кундалик ахборот оқимининг одатий қисмига айланиб бораётгани эса муаммонинг моҳиятини теран англашга тўсқинлик қилиб, жамиятда ижтимоий лоқайдликни кучайтириши мумкин. Бу ҳолат, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик чоралар самарадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир.

Инсон омили ва ҳуқуқий интизомсизлик
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, «инсон омили» ҳамон энг юқори кўрсаткични эгаллаб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳалокатларнинг деярли ярми, яъни 45 фоизи ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезлик меъёрларининг оширилиши оқибатида содир бўлмоқда. Бу кўрсаткич йўлларда тезликни жиловлашга қаратилган техник воситалар кўпайганига қарамай, ҳайдовчилар ўртасида ўз-ўзини назорат қилиш ва қонун устуворлигини ҳис этиш даражаси пастлигича қолаётганини тасдиқлайди.
Шунингдек, ЙТҲларнинг салмоқли қисми пиёдаларга йўл бермаслик, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ва светофорнинг тақиқловчи ишораларига риоя қилмаслик каби омиллар билан боғлиқ. Йўлларда «устунлик» талаб қилиш ва ўзгалар ҳаётига беписандлик билан қараш каби ҳуқуқий маданиятсизлик ҳолатлари тизимли муаммога айлангани ҳам сир эмас. Ҳайдовчилик этикаси ва ўзаро ҳурматнинг етишмаслиги қоидабузарликларнинг онгли равишда содир этилишига замин яратмоқда. Бу эса нафақат жарималар миқдорини ошириш, балки ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими ва уларнинг руҳий-маънавий масъулиятини қайта кўриб чиқиш заруратини кун тартибига қўяди.

Рақамли назорат ва самарадорлик масаласи
Сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда асосий урғу рақамлаштириш ва инсон омилини чеклашга қаратилмоқда. Республика бўйлаб минглаб видеокамералар ва радарлар ўрнатилиши жазо муқаррарлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Аммо статистик маълумотларга кўра, жарималар сонининг ортиши ва назоратнинг кучайтирилиши ўлим кўрсаткичларининг кескин камайишига етарлича таъсир кўрсатмаяпти. 2025 йил якунига кўра, ўлим ҳолатлари атиги 0,5 фоизга қисқаргани, технологик назоратнинг ўзи муаммонинг тўлиқ ечими эмаслигини англатади. Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг жаримадан қочиш учун турли техник ҳийлалардан фойдаланиши ёки фақат камералар ўрнатилган ҳудудларда қоидаларга риоя қилиб, бошқа жойларда тезликни ошириши «вақтинчалик интизом» муҳитини яратмоқда. Бу ҳолат рақамли назорат тизимининг фақат жазолаш механизми эмас, балки ҳайдовчи хулқ-атворини тубдан ўзгартирувчи профилактик воситага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар зарурлигини кўрсатади.

Инфратузилма ва йўл қурилишидаги масъулият
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишида фақат ҳайдовчи ёки пиёдани айблаш масалага бирёқлама ёндашув ҳисобланади. Мутахассислар ва жамоатчилик вакилларинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ҳалокатларнинг салмоқли қисми бевосита йўл инфратузилмасидаги тизимли камчиликлар билан ҳам боғлиқ. Стандартларга жавоб бермайдиган йўл қопламалари, лойиҳалаштиришдаги муҳандислик хатолари ҳамда аҳоли пунктларидан ўтувчи магистралларда ҳаракатни чекловчи хавфсизлик тўсиқларининг йўқлиги «кўринмас қотил» вазифасини ўтамоқда. Айниқса, тунги вақтда ёритиш тизимининг етари эмаслиги ҳайдовчининг кўриш майдонини чеклаб, кутилмаган вазиятларда қарор қабул қилиш имкониятини йўққа чиқармоқда. Кўп ҳолларда ЙТҲ юз берганда барча жавобгарлик фақат ҳаракат иштирокчилари зиммасига юкланади, бироқ сифатсиз қурилган ёки хавфсизлик талабларига мос келмайдиган йўл участкалари учун масъул бўлган мансабдорларнинг жавобгарлиги масаласи очиқ қолмоқда.

Вояга етмаганлар ва ота-оналар масъулияти
2025 йил якунлари бўйича эълон қилинган энг оғриқли кўрсаткичлардан бири — болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларидир. Гарчи ҳалок бўлган вояга етмаганлар сони 2024 йилга нисбатан 12,8 фоизга камайган бўлсада, ҳар йили юзлаб болаларнинг айнан йўлларда вафот этаётгани жамият учун улкан йўқотиш ҳисобланади. Ушбу фожиаларнинг туб илдизи кўпинча ота-оналарнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлигига бориб тақалмоқда.

Айниқса, вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмирларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари ҳамон учраб тургани хавфни янада оширмоқда. Фарзандининг «ҳавасини» қондириш мақсадида унга автомобиль калитларини ишониб топшираётган ота-оналар, аслида амалдаги қонунчиликни қўпол равишда бузиб, фарзандини ўлим қуроли билан юзма-юз қолдираётганини англаб етмаяптилар. Шунингдек, кўчаларда назоратсиз қолдирилган ва йўл ҳаракати қоидаларидан бехабар болаларнинг кутилмаганда йўлнинг қатнов қисмига чиқиб қолиши ҳам ота-оналар масъулияти масаласини кун тартибига чиқаради. Болалар иштирокидаги ЙТҲларда фақат ҳайдовчини эмас, балки фарзандини хавф остида қолдирган шахсларнинг маънавий ва ҳуқуқий жавобгарлигини кучайтириш — миллат генофондини асрашнинг муҳим шарти бўлиб қолмоқда.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг