«Интер» марказий ўйинда ғалаба қозонди, етакчи клубларда эса мағлубият
Кеча, 19 октябрь куни Италия А Серияси мусобақасининг 7-тур ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидаги муҳим баҳсларга тўхталиб ўтамиз.
«Комо» «Ювентус»ни комага туширди
Турнинг энг кутилмаган натижаси билан тугаган ўйин Комо шаҳрида бўлиб ўтди. Унда шаҳар номи билан аталадиган жамоа ўз майдонида «Ювентус»ни қабул қилди.
Игор Тудор бошчилигидаги «Ювентус» сўнгги турларнинг энг омадсиз жамоасига айланиб қолганди. Жамоа ўзининг охирги 5 та ўйинида «Боруссия Дортмунд», «Верона», «Аталанта», «Вильярреал» ва «Милан» жамоаларига қарши дуранг ўйнади. Аммо бу гал туринликларга дуранг натижа ҳам насиб этмади.
Жамоа ўйинидан кўнгли тўлмаётган Игор Тудор ҳар ўйин асосий таркибда ўзгаришларни амалга ошириб келаётган эди. Бу гал ҳам бундан мустасно бўлмади.
Ҳимоя маркази Ругани ва Келлига топширилди. Қанотларда Калулу ва Камбиясо ҳаракат қилди. Марказга Локателли, Копмейнерс ва Тюрам жойлашди. Ҳужум чизиғидан Йилдиз, Консейсау ва Дэвид ўрин эгаллади.
Учрашувда ҳисоб тўртинчи дақиқадёқ очилди. Нико Паснинг узатмасидан сўнг, «Комо» ҳимоячиси Марс-Оливер Кемпф ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди. Аммо туринликлар дастлабки бўлимда ёмон ҳаракат қилишмади — улар «Комо» дарвозасига йўллаган 9 та зарбанинг 2 таси айнича хавфли бўлди.
Иккинчи бўлимнинг 79-дақиқасига келиб, биринчи голга узатма берган Нико Пас бу сафар ўзи гол киритди. Якуний ҳисоб — 2:0, «Комо» фойдасига.
Учрашувдан сўнг, «Sofascore» портали «Комо» аъзоси Нико Пасни ўйин қаҳрамони деб топди. Унинг ўйини портал томонидан 8,6 баллга баҳоланди.
«Комо» — «Ювентус» 2:0
Голлар: Кемпф (4), Пас (79).
«Комо» — Бутес, Смолчич (Пош, 86), Карлос (Рамон, 46), Кемпф, Войвода, Перроне, Какре (Дувикас, 68), Да Куня, Морено (Валле, 68), Пас, Мората (Ван дер Бремпт, 90+1).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Ругани (Костич, 83), Келли, Камбиясо (Мариу, 83), Копмейнерс (Маккенни, 77), Локателли (Влахович, 77), Тюрам, Консейсау, Дэвид, Йилдиз.
Огоҳлантиришлар: Келли (10), Морено (12), Смолчич (22), Карлос (34).
«Милан»дан камбэк
«Милан» жамоаси мавсумни мағлубият билан бошлаган бўлса-да, буёғига мағлубиятсиз одимламоқда. Жамоа ўтган турларда «Лечче», «Болонья», «Удинезе», «Наполи» каби жамоаларни мағлуб этди. «Ювентус» билан дуранг ўйнади.
Бу турда қўлга киритилган ғалаба эса жамоани А Серия турнир жадвалида биринчи ўринга олиб чиқди. Аммо «Фиорентина»га қарши кечган ўйин осон кечмади.
Массимилиано Аллегри бошчилигидаги жамоа таркибида айни вақтда жиддий муаммолар бор. Ардон Жашари, Первис Эступиньян, Кристиан Пулишич, Адриен Рабио, Кристофер Нкунку каби футболчилар жароҳати туфайли ўйинларда қатнашолмаяпти.
Ўз навбатида «Фиорентина» жамоасида ҳам жароҳат олган футболчилар етарли эди — Кристиан Куаме ва Тарик Лампти шулар жумласидан.
Учрашувнинг биринчи бўлими анча зерикарли ўтди — мухлислар гол кўришмади.
55-дақиқада «Фиорентина» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Робин Госенс ўз номини таблога ёздирди. Орадан 8 дақиқа ўтиб, Рафаэл Леау мувозанатни тиклади.
86-дақиқада «Фиорентина» дарвозаси томон пеналти белгиланди. 11 метрлик жарима тўпидан Леау яна бир бор унумли фойдаланиб, дубликатга эришди. Шу тариқа «Милан» А Серия доирасидаги бешинчи ғалабасини қўлга киритди.
Ўйиндан сўнг, «Sofascore» портали кутилганидек, Рафаэл Леауни ўйин қаҳрамони деб топди. Унинг ўйини портал томонидан 8,4 баллга баҳоланди.
«Милан» — «Фиорентина» 2:1
Голлар: Леау (63, 86 пен.) — Госенс (55).
«Милан» — Менян, Томори, Габбиа, Павлович, Атекаме (Хименес, 57), Риччи, Модрич, Фофана, Бартесаги, Салемакерс (Де Винтер, 90), Леау (Валентиен, 90+3).
«Фиорентина» — Де Хеа, Понграчич, Мари, Раниери, Додо, Мандрагора (Жеко, 88), Николусси-Кавиля (Сом, 88), Фажоли, Госенс (Паризи, 70), Фаццини (Гундмундссон, 70), Кен (Пикколи, 77).
Огоҳлантиришлар: Атекаме (50), Николусси-Кавиля (54), Фофана (60), Томори (74), Паризи (85).
«Аталанта»дан навбатдаги дуранг
Турнинг энг зерикарли ўйинларидан бири Бергамо шаҳрида жойлашган «New Balance» стадионида бўлиб ўтди. Унда майдон эгаси — «Аталанта» клуби «Лацио» билан куч синашди.
Учрашув майдон эгаларининг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Умумий ҳисобда Иван Юрич шогирдлари «Лацио» дарвозаси томон 16 та зарба йўллашди. Уларнинг 6 таси дарвоза соҳасига аниқ йўлланган бўлса-да, «Лацио» посбони Иван Проведел ўз маҳоратни намойиш этиб, бу вазиятларда жамоасини голдан қутқариб қолди.
Якунда ўйин 0:0 ҳисоби билан якунланди. Шу тариқа «Аталанта» жамоаси бу йил А Сериядаги бешинчи дурангига имзо чекди.
Ўйиндан сўнг, «Sofascore» портали «Лацио» посбони Иван Проведелни ўйин қаҳрамони деб топди. Унинг ҳаракатлари 9,4 баллга баҳоланди.
«Аталанта» — «Лацио» 0:0
«Аталанта» — Карнезекки, Жимсити, Ҳин, Аҳанор (Скалвини, 67), Заппакоста, Пашалич (де Рон, 67), Эдерсон, Бернаскони, де Кетеларе, Сулемана (Крстович, 67), Лукман (Малдини, 82).
«Лацио» — Проведел, Марушич (Лаззари, 86), Хила, Романиоли, Тавареш (Провстгаард, 86), Гендузи, Каталди, Башич (Весино, 75), Канчелери (Исаксен, 22), Заккани (Педро, 75), Диа.
Огоҳлантиришлар: де Кетеларе (29), Сулемана (40), Пашалич (53), Ҳин (62).
Марказий ўйинда «Интер»дан ғалаба
Турнинг марказий баҳси Рим шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг собиқ клуби — «Рома» ўз майдонида «Интер»ни қабул қилди.
Учрашув тақдирини ҳал этган гол ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ киритилди. Николо Барелланинг узатмасидан сўнг, Анж Йоан Бонни ҳисобни 0:1 кўринишига келтирди. Баҳс айнан шу ҳисоб билан ўз якунига етди.
«Рома» — «Интер» 0:1
Гол: Бонни (6).
«Рома» — Свилар, Эрмосо (Балданзи, 74), Манчини, Ндика (Зиолковски, 55), Челик, Кристанте, Коне, Уэсли, Соуле (Фергюсон, 80), Пеллегрини (Довбик, 55), Дибала (Бэйли, 74).
«Интер» — Зоммер, Аканжи, Ачерби, Бастони, Думфрис, Барелла (Зелински, 82), Чалхонўғли (Фраттези, 62), Мхитарян, Димарко (Аугусто, 82), Мартинес (Эспозито, 61), Бонни (Сучич, 69).
Огоҳлантиришлар: Мартинелли (4), Ндика (40), Зиолковски (70), Мхитарян (74), Сучич (79), Балданзи (90+4).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг