Инсон қадри — янги таҳрирдаги Конституция фалсафасининг ҳаётий ифодаси

10:35 30 Апрель 2025 Сиёсат
259 0

Архив фото

Янги Ўзбекистон — халқимизни бирлаштирувчи улуғвор ғоя

Янги Ўзбекистонда энг улуғ ғоя — инсон қадрини юксалтириш. Бу сўзлар шиор эмас, балки Асосий Қонунимизда ўз ифодасини топган, кундалик ҳаётимизда намоён бўлаётган ҳақиқатдир.

Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган халқчил ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз икки баробар ўсди. Бу орқали янги иш ўринлари, фуқароларда барқарор даромад ва эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Оиласига ризқ топаётган, боласига илм бераётган, оёққа туриб, ҳаётини қураётган миллионлаб фуқаролар ўз тақдирида Янги Ўзбекистон фалсафасини тўла ҳис қилмоқда.

Энг асосийси, халқимиз ўзгармоқда. Инсон ҳаёти энди шунчаки кун кечириш эмас, балки фаровон яшаш мазмуни билан бойиди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад илк бор 3 минг АҚШ долларидан ошди. 7 миллиондан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди, жорий йилда бу кўрсаткич 6 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бу рақамлар – оддий статистик кўрсаткич эмас, балки ҳар бир хонадонда фаровонлик, хотиржамлик ва эртанги кунга мустаҳкам ишонч ифодаси, десак янглишмаган бўламиз.

Бундан ташқари, мактабгача таълим қамрови 74 фоиздан ошди, олий таълим имкониятлари 40 фоиздан юқорига кўтарилди. Бу ўзгаришлар ҳар бир бола, ҳар бир ёш учун шахсий ривожланиш, катта ҳаётга тенг асосларда пойдевор қўйишга хизмат қилмоқда. Авваллари фақат шаҳарлар эмас, энг чекка қишлоқлардаги ёшларимизнинг ҳам “мен ҳам ўқийман, мен ҳам эришаман” деган орзулари бугун реал имкониятга айланди.

Эътиборлиси, ушбу ютуқлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келади. Шу билан бирга, мазкур кўрсаткичлар Инсон тараққиёти индексидаги кўрсаткичларнинг юксалишига хизмат қилмоқда. Чунки тараққиёт — бу биринчи навбатда, инсон ҳаётидаги яхшиланиш, унинг имкониятлари ва ҳаёт сифати билан ўлчанади.

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш оддий шиор эмас — бу конституциявий мақсад, давлат сиёсати, жамиятнинг юксалиш мезони ва ҳаёт фалсафасига айланди. Бугун юртдошларимиз давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳар бир фуқаро учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият тушуниладиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида бирлашди. Бу моҳияти жиҳатдан миллий юксалиш, миллий давлатчилигимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган реал воқеликни англатади.

Инсонпарварлик сиёсати инъикоси

Бундан роппа-роса икки йил олдин Президентимиз ташаббуси билан умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз “Инсон қадри учун!”, “Янги Ўзбекистон” ғояларини амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратди, бу борада давлат идоралари фаолиятини тамоман янгича мазмун, янгича руҳда ташкил этиш имкониятини берди.

“Инсон — жамият — давлат” парадигмаси асосида Конституциямиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини том маънода, олий қадрият даражасига олиб чиқди.

Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчил бўлиб турган, ўзаро қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган шароитда “Яқин келажакда биз ким бўламиз, бизнинг ўрнимиз қаерда бўлади” деган саволларга янги таҳрирдаги Конституциямиз 1-моддасида аниқ жавоб берилди. Унда: “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат...” эканлиги мустаҳкамланган.

Янги таҳрирдаги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий Қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди. Эътиборлиси, инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошди ва инсон ҳуқуқи ва эркинликларига оид нормалар Бош қомусимизнинг қарийб 50 фоиздан ортиғини ташкил қилади.

Янги Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш, бутун жаҳон миқёсида тан олинган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” каби институтларнинг Конституцияда мустаҳкамланиши — бу тарихий қадам бўлди.

Қонунлардаги ноаниқликларнинг инсон фойдасига ҳал бўлиши, “сукут сақлаш” ҳуқуқининг илк маротаба белгиланиши, шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, адвокатлар мақоми прокурор мақомига тенглаштирилиши, таълим, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид ҳуқуқларнинг кафолатланиши каби янги қоидалар Асосий Қонунимизни том маънода “Инсон Конституцияси” деб аташга тўла имкон беради.

Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тараққиёт стратегияси сифатида халқимиз фаровонлиги йўлида маррани баланд олган Янги Ўзбекистон ғояси билан ҳамоҳанг равишда ватандошларимизнинг орзу-умидлари, мақсадлари, ўй-ниятларини рўёбга чиқаришнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва мафкуравий заминига айланди.

Конституциявий нормалар, янги механизмлар — амалда

Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганига ҳали унчалик кўп вақт бўлмаган бўлса-да, унинг мазмуни, руҳияти халқимизнинг кундалик ҳаётида тобора кенг акс этмоқда. Буни юртимизнинг ҳар бир маҳалласи, гузари, қишлоқ, туман ва шаҳарларидаги бўлаётган бунёдкорлик ишлари, фуқароларимизнинг кундалик ҳаётидаги янгиланишларда кўришимиз мумкин. Юртимизда ўтаётган турли халқаро тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюраётган хорижликлар ҳам буни кенг эътироф этишмоқда.

Конституциямизни ҳаётга татбиқ этишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг ушбу Фармони асосида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилди, 5 та экспертлик кенгашлари тузилди.

Олий Мажлис томонидан 100 га яқин қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастур тасдиқланди ва тегишли чоралар амалга оширилди. Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўллаш бўйича Олий суд Пленуми қарори қабул қилинди.

Суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 242 (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 083 (2023 йилга нисбатан 5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 301 (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 8 837 (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.

Судлар томонидан кўпроқ Конституциянинг 26, 27, 28, 29, 31 (жиноят ишлари бўйича судлар), 15, 20, 26, 29, 31, 33, 41, 42, 46, 47, 55, 60, 62-68, 76-78, 80 (фуқаролик ишлари судлар), 15, 16, 55, 65-68, 99, 134, 138 (иқтисодий ишлар бўйича судлар) ҳамда 15, 20, 21, 29, 30, 40, 41, 46, 54, 55, 65-67, 138-моддаларига (маъмурий ишлар бўйича судлар) мурожаат этилган.

Судлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш амалиётининг кенгайиб бориши конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлаётганидан дарак беради.

Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқларига оид нормалар давлат ҳокимиятининг барча тармоқларида тўғридан тўғри қўлланила бошланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Конституция асосида жорий этилган ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий янги концепциясидан келиб чиқиб, бир қатор давлат органлари, хусусан, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари Конституцияга мувофиқлаштирилиб, уларнинг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди.

Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари жорий қилинди. Биринчи маротаба ҳар кимнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Яна бир мисол, аввал мавжуд бўлган “снос” деган муаммо бўлганки, у ҳақда айтмаса бўлмайди. Янги таҳрирдаги Конституция хусусий мулк дахлсизлиги бўйича кўплаб тизимли муаммоларга ечим берди. Мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган янгича конституциявий кафолатлар барча мулкдорларга ишонч ва умид ҳиссини берди.

Конституция талабларига монанд равишда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ижтимоий, психологик ва юридик хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши, шунингдек, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам Конституциянинг 78-моддасида белгиланган боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Ўтган давр мобайнида Конституциянинг 50-моддасига мувофиқ, таълим олиш конституциявий ҳуқуқини, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни таъминлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартиби такомиллаштирилди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш соҳасида маъмурий тўсиқлар бартараф этилди.

Конституциянинг 52-моддасига мувофиқ, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ушбу конституциявий норма ижроси доирасида “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва уларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар кучайтирилди.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш, касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб боришнинг янги тизими йўлга қўйилди.

Конституциянинг 65-моддасида мустаҳкамланган иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш борасида ҳуқуқий механизмлар ҳам сезиларли даражада кучайтирилди.

2024 йилда лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга 22 та ҳужжат ҳамда 4 та тартиб ва талаблар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинадиган 8 та ҳисобот ва статистика маълумотлари бекор қилинди ҳамда солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари мақбуллаштирилди.

Конституциянинг 136-моддасидан келиб чиқиб, 2024 йилда судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилиниб, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби белгиланди.

Суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилди. Шунингдек, жиноятда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш мақсадида тергов судьялари институти жорий этилди.

Янгиликлардан яна бири сифатида, фуқаролар қонун лойиҳасини тўғридан-тўғри парламентга киритиш ҳуқуқига эга бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу янги ташаббус фуқароларнинг ўз ҳаётига, умуман, жамиятга ва давлатга таъсир этувчи қарорлар қабул қилишдаги иштирокини оширишга қаратилди.

Янги конституциявий нормаларни тарғиб қилишда замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали konstitutsiya.gov.uz муҳим ахборот манбаига айланди. Порталда ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ҳар кимга янги конституциявий нормалар ва принциплар ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот олиш имкони яратилган.

Конституциянинг барча аҳоли қатламига етиб боришини таъминлаш мақсадида Конституция китоби билан бир қаторда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган брайл алифбосидаги Конституция ҳам чоп этилди.

Бундан ташқари, аҳолининг конституциявий билимларини оширишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш мақсадида Умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказиб келинмоқда.

“Халқ уйи” масъулияти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов натижасида сайланган Қонунчилик палатаси депутатларига — Бугун халқимиз билан юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз. Ишончим комил, бу — Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади, — дея мурожаат қилди.

Дарҳақиқат, бутун дунёда геосиёсий можаролар ва тарафкашлик кучайган ғоят таҳликали шароитда Парламент ва Ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халққа садоқат билан хизмат қилиш давр тақозосига айланди.

Бу борада, янги таҳрирдаги Конституцияда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгиланди.

Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасига ўтказилиши, унинг мутлақ ваколатлари сони 5 тадан 12 тага етиши, қонунчиликка таклиф киритиш институтининг жорий этилиши миллий парламентаризм тараққиётини янги сифат босқичига кўтаришга хизмат қилди.

Шубҳасиз, миллий давлатчиликнинг тараққиёти кўп жиҳатдан халқ фикри билан билан бунёд бўладиган қонун ижодкорлиги жараёни сифатига бевосита боғлиқдир. Янги таҳрирдаги Конституция қонун ижодкорлиги фаолиятига ҳам замонавий ёндашув ва мутлақо янгича мазмун-моҳият олиб кирди.

Бунда “инсон — жамият — давлат” деган устувор тамойиллар ҳаётга татбиқ этилди. Депутатлар муҳим сиёсий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини жойларда аҳоли билан кенг муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйди.

Эътиборлиси, 2015 йилда депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 8 та қонун лойиҳаси киритилган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 21 тани ташкил этди. Бу Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг ўртача 11 фоизни ташкил этди.

Мурожаатномада парламент назорати — бу аввало “халқ назорати, халқ сўрови” экани давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлангани ҳам бежиз эмас. Ушбу механизм фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим усулларидан биридир. Парламент назорати демократик давлатда муҳим роль ўйнайди. Бу нафақат мансабдор шахслар масъулияти ва жавобгарлигини кучайтирадиган ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, балки жамиятнинг давлат институтларига бўлган ишончини оширадиган механизмдир. Ушбу назорат самарали бўлиши, шунингдек, жамоатчилик талаблари ва муаммолари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланиши муҳимдир.

Парламентаризмга оид конституциявий ислоҳотларга ёрқин мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилашни Олий Мажлис палаталарнинг биргаликдаги ваколатлари сифатида Конституцияда мустаҳкамланишини келтириш мумкин.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда парламентнинг ролини оширишга қаратилган палаталарнинг биргаликдаги ваколати сифатида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани эшитиш ваколати белгиланди.

Дунёга очиқлик ва конструктив ҳамкорлик

Шу кунларда мамлакатимиз турли халқаро учрашувлар марказига айланган. Янги Ўзбекистоннинг глобал ташаббуслари дунёга очиқ ва конструктив ҳамкорликни таклиф қилмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон халқаро майдондаги очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсати нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам кенг эътирофга сазовор бўлмоқда.

Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 12 та махсус резолюцияси қабул қилинди. 2024 йил давлатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси — Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарма ваколатхонаси иш бошлади.

Тошкент Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясига мезбонлик қилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон дипломатиясининг навбатдаги ютуғи бўлди. Ассамблеяда қатнашиш учун 140 га яқин давлат, 40 дан ортиқ халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасаларидан жами 2 мингдан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди. Жумладан, Ассамблея ишида 132 нафар парламент раҳбарияти аъзолари (раҳбар ёки ўринбосари) иштирок этди. Парламентлараро Иттифоқнинг қайд этишича, Тошкент ассамблеясида энг кўпсонли парламент раҳбарияти даражасидаги делегациялар иштирок этган.

Шаҳри азим Тошкент олий даражадаги йиғилишга мезбон сифатида танланиши, шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларга содиқлигининг халқаро эътирофи бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, ҳозирги глобал дунёда мураккаблик ва қарама-қаршиликлар тобора ортиб бораётган, давлатлар ва жамиятлар ўртасидаги ишонч инқирози чуқурлашиб бораётган бир пайтда Янги Ўзбекистоннинг глобал ташаббуслари очиқ ва конструктив ҳамкорлик асосида парламент дипломатиясини ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшмоқда.

Хулоса ўрнида...

Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат янги тафаккурни ҳосил қилди. Бугунги кун, ҳар бир кун халқимизни рози қилиш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, халқимиз талаб ва истаги асосида амалдаги қонун ҳужжатларини ҳаёт талаблари билан мунтазам уйғунлаштириш, Конституция ва қонунга ҳурмат руҳини ҳар бир инсон онгида қарор топтириш ва қонун ҳужжатлари таъсирчанлигини ошириш бўйича парламент олдида янги вазифалар турибди. Бу йўлда ҳар бир қадам, ҳар бир қарор юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган.
Р. ҲАКИМОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер