Инсон қадри ва меҳнат муҳофазаси – доимий эътиборда

Фото: "Халқ сўзи"
Навоий шаҳридаги НКМК тарихи музейида Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси Кенгаши раиси Исроил РАҲМАТОВ иштирокчиларни байрам билан қутлаб, инсон қадрини улуғлаш ва меҳнати муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ишларга атрофлича тўхталди. Таъкидланганидек, корхонанинг 73 минг нафардан ортиқ ишчи-муҳандис ва хизматчилардан иборат жамоаси 6 қўмита ва 41 бошланғич ташкилотга бирлашиб, касаба уюшмаларининг касбий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, экологик, интеллектуал ва қонуний манфаатларини ҳимоясини доимий равишда ҳис этиб келишмоқда.
Хусусан, касаба уюшмаси тасарруфида ташкил этилган “Бирдамлик” жамғармаси томонидан 2020-2021 йилларда 900 нафар кам таъминланган, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларга 1,4 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан кам таъминланган, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли ишчи-ходимларга 5,7 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилди. Жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган 11 минг 456 нафар касаба уюшмалари фаоллари 2,8 миллиард сўм миқдорида рағбатлантирилди.
Комбинат ходимлари ва иш берувчи ўртасидаги муносабатлар Жамоа шартномасида ўзининг тўла ифодасини топиб, унда назарда тутилган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар касаба уюшмаси Кенгаши томонидан доимий назоратга олинган. Айниқса, меҳнат муҳофазаси алоҳида назоратда. Боиси кон-металлургия соҳасидаги мураккаб технологик жараёнлар маълум хавф-хатарлардан холи эмас. Шу сабаб ишлаб чиқаришни имкон қадар хавфсиз қилишни кўзлаб, даврий текширувлар давомида аниқланган камчиликлар зудлик билан бартараф этилмоқда.
Комбинатда ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва пенсионерлар саломатлигини тиклаш, соғломлаштириш касаба уюшмалари Кенгаши фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Шу мақсадда мамлакатимизнинг саккиз ҳудудидаги сўлим гўшаларда корхонанинг санаторий-профилакторий ва оромгоҳлари фаолият кўрсатади. Ушбу санаторий, пансионат ва дам олиш масканларида ҳар йили имтиёзли йўлланмалар билан комбинатнинг 14-15 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлари ўз оила аъзолари билан дам олиш имкониятига эга.
НКМК тизимидаги “Зарафшон”, “Сармиш”, “Сўғдиёна”, “Болажон”, “Паҳлавон”, “Келажак”каби шаҳар ташқарисидаги ҳамда “ Табассум”, “Юлдуз”, “Булбулча” каби ички болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳар йили 10,5 минг нафардан зиёд болалар ёзга таътилни мароқли ўтказади. Шунингдек, Томди, Учқудук, Нурота туманларидаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мазкур оромгоҳларга 500 та бепул йўлланма ажратилади..
Корхонада пенсионерлар, кончилик саноати фахрийларини қўллаб қувватлаш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида республикамизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарларига саёҳатлари мунтазам уюштирилиб, жорий йилнинг ўн ойида 3 минг 227 нафар киши бундан баҳраманд бўлишди.
Комбинатда 9 минг нафар ишчи-хизматчи спортни ўз кундалик ҳаётининг муҳим қисмига айлантирган. Улар спорт билан мунтазам шуғулланишишлари учун, корхона бўлинмаларида замонавий ўйингоҳлар, сузиш бассейнлари, спорт саройи, жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуаси, 90 та зал фаолият кўрсатмоқда. Сунъий қопламали янги мини футбол майдонлари қурилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг эса тўрт минг нафарга яқин болалари спорт тўгаракларида қатнашади.
Бир сўз билан айтганда, корхонада касаба уюшмалари том маънода меҳнаткашлар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари ҳимоячиси, манфаатлари таъминотчисига айланиб, меҳнатда янги-янги марралар сари қанот бўлмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг