Ингичкада МДҲ давлатлари ичида ягона фабрика ишга тушди

17:02 30 Август 2024 Жамият
145 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида Ингичка шаҳарчасида «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ тасарруфидаги «Ингичка бойитиш фабрикаси»нинг инвестицион лойиҳаси доирасида иккинчи босқичи очилди.

Фабрика собиқ Ингичка тажриба технология экспедициясининг фойдаланилмаётган бинолари негизида барпо этилди. Ўтган асрнинг 70 йилларида Ингичка йирик руда қазиб олувчи конлари ва қайта ишловчи фабрикаси билан машҳур бўлган. Аммо орада мазкур конларнинг ишлаш режими анча пасайиб, ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолди. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда бу ерда конлар фаолиятида катта миқёсда иш бошлади.

Фабрикани иккинчи навбатини ишга тушириш тадбирида Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон технологик металлар комбинати раҳбарияти, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мазкур лойиҳанинг давлат, жамият ва маҳаллий аҳоли фаровонлигида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу келажакда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошишига ҳамда «Ингичка қўрғонида» янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Фабрикани лойиҳалаштириш ишлари комбинатнинг Лойиҳа ишлари бошқармаси томонидан, технологик ускуналарни ўрнатиш ва биноларни реконструкция қилиш ишлари «Олмалиқметаллургқурилиш» трести томонидан амалга оширилди.

— Фабрикада жами 9 турдаги 43 та янги технологик ускуналар ўрнатилган. Кимё лабораторияси, таҳлил лабораторияси, бойитиш тажриба цехи, маиший бинолар қуриб битказилди, — деди Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси ўринбосари Зоҳид Ишмуҳаммедов. — Лойиҳага кўра, фабрикада Ингичка вольфрам конининг 12 миллион тоннадан зиёд техноген чиқиндилари қайта ишланади. Фабриканинг иккинчи навбати тўлиқ ишга тушгач, йилига 185 тонна вольфрам концентрати олинади.

«Ингичка бойитиш фабрикаси» МДҲ давлатлари ичида ягона фабрика ҳисобланади. Чунки автомобилсозлик, космик материаллар ишлаб чиқариш, электроника, замонавий тиббий ва ва бошқа кўплаб соҳалардаги жиҳозларни тайёрлашда муқобили йўқ бўлган хомашё – вольфрам ишлаб чиқариш саноқли давлатлардагина йўлга қўйилган.

Дунё бозорида бир килосининг нархи 50 доллардан юқори бўлган ҳамда зичлиги ва ноёблиги жиҳатидан олмосдан кейинги ўринда турадиган вольфрамсиз бугунги замонавий саноатни тасаввур қилиб бўлмайди.

— «Ингичка бойитиш фабрикаси»нинг ишга тушиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилди, — дейди фабриканинг ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Фарҳод Шоназаров. — Илгари вольфрам рудадан олинган бўлса, бугун технологиялар янгиланиб, «Ўзбекистон технологик металлар комбинати»да олиб борилган қатор тадқиқотлар натижасида чиқиндидан вольфрам олиш ишлари амалга оширилмоқда. Ингичкадаги ушбу фабрикада техноген чиқиндидан 40 фоизгача бўлган вольфрам қотишмаси олинади. У комбинатда яна қайта ишланиб, тўлиқ ҳолатга келади. Айтиш керакки, мазкур фабрикадаги концентрат дунёдаги энг тозаларидан бири саналади. Дунё бозорида ўз баҳосига эга. Шунинг учун ушбу маҳсулотнинг 95 фоизи хорижга экспорт қилинади.

Мазкур фабрикада, шунингдек, маъмурий бинолар, ошхона, лабораториялар тўлиқ реконструкция қилиниб, анжуманда ушбу реконструкция ишларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар тақдирланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер