Империяпарастларнинг пуч хомхаёллари

Шу йил 22 январда Россиянинг НТВ телеканалида “Учрашув жойи” дастурида тарихчи, империячи ва ашаддий монархиячи Михаил Смолин билан Россия Федерацияси Давлат думаси минтақавий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари, коммунист Михаил Матвеев ўртасида баҳслар бўлди. Ўзаро баҳслар пайтида Михаил Смолин “Владимир Лениннинг тартибсиз равишда миллий республикаларни тузганлиги, унинг натижасида “унитар Россия империяси” инқирозга юз тутгани, постсовет ҳудуди муаммолар остида қолгани” ҳақида сўзлади. Унинг фикрича, “ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейин Лениннинг паноҳида волюнтаристик тарзда хариталарни ўзгартиришлар бошланди, РСФСР парчаланди, ундан миллатлар ясалди”.
Ит ҳурар, карвон ўтар
Албатта, бу ҳолат катта телеканал эфирида рўй бергани, унда билдирилган фикрлар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжон халқларига нисбатан ҳақоратдан бошқа нарса эмас. Михаил Смолин Россияда империячи ва монархиячи тарихчилиги билан танилди. Унинг дунёқараши миллатчилик ва консерватизм мафкураси билан заҳарланган бўлиб, бутун умри коммунистлар ва либералларга қарши ғоявий курашлар билан ўтди. Унинг ким, қандай мафкура соҳиби эканлигини қуйидаги фикридан билса бўлади: “Православ черкови, империяча давлат, рус миллати, мустаҳкам кўп фарзандли оила — бу азалий асослар ҳозирга қадар давлат сиёсатида ўзини сезиларли намоён этмаяпти, аммо ижтимоий онг учун аниқ ғоявий мазмун билан тўлдирилиши лозим. Бизнинг олдимизда келажакда рус империяси давлатчилигини қайта тиклашнинг ғоявий асосларини яратиш вазифаси турибди”.
Смолиннинг ашаддий миллатчи-шовинист эканлигини истилочи ва босқинчи Михаил Скобелев тўғрисидаги фикридан ҳам билса бўлади: “1868 йилда Скобелев Туркистонга сафарбар қилинганидан кейин рус армияси инглизлар кўз ташлаб турган Ўрта Осиёни забт этди... 1873 йилда ёш Скобелев Хивага юришларда битта жангда етти марта жароҳат олса ҳам жангдан чиқмасдан кўзга ташланди. 1875-1876 йиллардаги Қўқонга юришларда оз сонли рус отряди билан кўпмингли лашкар устидан ғалаба қозонди. Генерал майор унвонини олишга эришиб, Фарғона шаҳрига (1924 йилгача шаҳар Скобелев номида эди) асос солди, Фарғона вилоятини бошқарди”.
Михаил Смолиннинг тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўла туриб “ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган”, қабилидаги туҳмати ҳар қандай одамни таажжубга солади. Таниқли олим Шамсиддин Камолиддиннинг ёзишича “XVI — XIX асрларда Ўзбекистоннинг барча аҳолиси унинг келиб чиқишидан қатъи назар, “ўзбек” деб аталган. Ваҳоланки, ўша даврда Ўзбекистонда турли хил халқлар ва қабилалар, шу жумладан, уйғур, қозоқ, қирғиз, қипчоқ, туркман ва қорақалпоқлар яшаган. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ўзбек деб ҳисоблаганлар. Дашти Қипчоқ ўзбеклари Ўрта Осиёни босиб олган бўлсалар ҳам, маҳаллий ўтроқ турклар билан яқин қариндош эдилар. Шунинг учун улар тезда бирлашиб, қоришиб кетдилар. Ўзбеклар ҳеч қачон ўзларининг номини бошқаларга беришга ҳаракат қилмаганлар. Аксинча, бошқа халқлар ўзларини “ўзбек” деб кўрсатишга интилганлар, чунки ўша даврда “ўзбек” бўлиш шарафли ҳисобланар эди. ХIХ аср ўрталарида Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилган венгер олими А. Вамбери шундай деб ёзган эди: “Қўқон аҳолиси ўзбек, тадшик, кайсак, қирғиз, қипчоқлардир”. Таниқли хитойшунос олим Абдулахат Хўжаев Хитой ва бошқа манбаларга таянган ҳолда ўзбек халқининг шаклланиш даври икки минг йил давом этганини далиллаб берган.
Таниқли рус олимлари В. Григорев, А. Семёнов, В. Юдин ўзбек халқи шаклланишини XIV асрдан бошлайди. Академик В. Бартолд ўзбекларни Олтин Ўрда ҳукмронлиги даврида катта сиёсий таъсирга эга халқ сифатида таърифлайди. Бу далиллар XIV — XVI асрларда форс ва араб тилларида ижод этган тарихнавислар томонидан ҳам исботланган. Яна В. Бартолд “ўзбек” ва “ўзбек улуси” сўзлари бу халқни Ўрта Осиёдаги бошқа қавм ва қабилалардан ажратиб туришини, шу билан бирга, улар Чиғатойнинг ҳарбий бўлинмаси тушунчасини англатишини алоҳида қайд этади.
Ўзбек, қозоқ, озарбайжон халқлари қадимги даврда шаклланмаган бўлса, октябрь тўнтаришидан кейин бирданига осмондан тушиб қолдими? Бу иддаода мантиқ йўқ. Аксинча, октябрь тўнтаришидан олдин РСФСР деган давлат йўқ эди. Чунки у Россия империясининг таназзули ўлароқ пайдо бўлди.
Агар 2012 йилда рус давлатчилигининг пайдо бўлганлигига 1150 йил тўлган бўлса, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида эрамиздан олдинги VII — VIII асрларда Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтрия давлатлари мавжуд бўлган. Самарқанд шаҳри 2700, Бухоро шаҳри 2500, Хива шаҳри 1200 йиллик тарихга эгадир.
Рус шовинистларининг ахборот хуружлари энди бошлангани йўқ. 2023 йил 20 октябрда ОАВда Россия Давлат думаси депутати Михаил Делягин мигрантларни Россия давлати учун катта хавф туғдирувчи куч сифатида ифодалаб, Ўзбекистон ўз фуқароларини Россиядан олиб кетишини таклиф қилган эди. 2023 йил 16 ноябрда ОАВда Россия Давлат думаси депутати Петр Толстой ўзбек, тожик ва бошқа миллатларга мансуб мигрантларга шама қилиб, “рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқаролари бизнинг ижтимоий соҳаларда ҳайдовчи, сотувчи, курьер каби касбларда ишламаслиги керак”, деб ўзининг миллатчилик ва дискриминациявий қарашларини намоён қилган эди. Шу йил декабрь ойида “Справедливая Россия — За правду” партияси ҳамраиси, шовинист-ёзувчи Захар Прилепин Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш таклифини билдирган эди.
Империячи-монархист Михаил Смолиннинг учта йирик миллатга нисбатан туҳмати ҳаммасидан ошиб тушди. Шу билан бирга, у ўзининг сиёсий кўрлиги, миллатлар тарихига ҳурматсизлиги, юзсизлиги билан ўзбек, қозоқ ва озарбайжон халқларининг нафратига учради. Собиқ Россия империясининг босқинчилик, мустабидлик ва тоталитар сиёсати даврини қўмсашининг ўзиёқ унинг башарасини очиб берди.
Яна бир олий ҳақиқат борки, у ҳам бўлса сўнгги етти йил ичида янги Ўзбекистоннинг қад кўтара бошлаши, юртимиз қисқа давр ичида таниб бўлмас даражада ободонлашиб кетиши, мамлакатнинг дунёга очилиши, иқтисодий салоҳиятимизнинг ошиши, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатга хос ривожланиш йўлига ўтганимиз, кўп векторли ташқи сиёсатнинг юксак натижалари, ривожланган давлатлар лидерларининг мамлакатимизга нисбатан қизиқишларининг ортиши — буларнинг ҳаммаси миллатчи, империячи, милитарист, экстремистик унсурларнинг ғашига тега бошлади, феъл-атворида ғайирликлар жунбушга кела бошлади.
Албатта, бу тоифа унсурлар ўзларининг империя ва собиқ совет иттифоқи давридаги “юксак сиёсий мавқеларини” қўмсай бошлади, илгарилари мустабидлик остида яшаган халқларнинг муваффақиятлари, дунё эътирофига сазовор бўлиши, “катта акаларсиз” ривожланган давлатлар қаторига ўта бошлаши уларнинг нафсониятини қўзғай бошлади. Улар ўз қилмишлари ва ғаламисликлари билан жадал ривожланиб келаётган Ўзбекистон — Россия муносабатлари ва ўзаро ҳамкорлиги жараёнларига рахна солмоқда. Дўстлик ришталари узилиши, ишончсизлик кайфияти кучайиши мумкинлигига “хизмат” қилмоқда.
Михаил Смолиннинг гапларига изоҳ берган Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили, бу тарихчининг шахсий фикри эканини айтди. “Россия ва Марказий Осиё республикаларини умумий тарих, яқин инсоний, гуманитар ришталар, савдо-иқтисодий ва бизнес алоқалари бирлаштиради, — деди у жумладан. — Қайд этилган ёқимсиз баёнотлар соф субъектив хусусиятга эга, ҳозиргина айтиб ўтилган воқелик билан ҳеч қандай умумийлик йўқ ва бутунлай муаллифнинг виждонига ҳавола”.
Чиндан ҳам шундай бўлса, яхши, албатта. Чунки ўтган йилнинг октябридан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳамда халқларига нисбатан турли иғволар ва ғийбатлар бошлангани, уларнинг муаллифлари, асосан, таниқли шахслардан иборат эканлиги кишини ўйлантиради. Қолаверса, буларнинг ҳаммаси йирик телеканаллар эфирлари орқали тарқатилмоқда. Гўёки, уларнинг орқасида қандайдир сиёсий гуруҳлар тургандек. Ҳар ҳолда миллатимизга нисбатан ҳар қандай таҳдидга ўз вақтида жавоб берилмаса, кеч бўлади, таҳдидлар ўзаро алоқаларнинг совишига сабаб бўлади.
Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг