“Имкониятим чеклангани мени тўхтатиб қололмайди”
Фото: «Халқ сўзи»
Нишонлик Асрор Қурбонов бахтсиз ҳодисага учраб, бир қўлидан айрилганида эндигина ўн ёшга қадам қўйган эди. Бу воқеа нафақат орзулар осонида учиб юрган болакай, балки унинг яқинлари учун ҳам жуда катта руҳий зарба бўлди. Ота-она ўғлининг жони омон қолинганидан бир қувонса, унинг эртага ногирон ҳолда қандай кун кечиришини ўйлаб минг куюнарди.
- Ўғлим мактабда аълочи эди, - дейди Асрор Қурбоновнинг онаси Зуҳра ая Турсоатова. – Уни юқори кучланишли электр токи уриб юбориб, танасининг етмиш фоизи куйиб қолгач, қарий уч йилга яқин умримиз шифохоналарда ўтди. Бир нечта оғир жарроҳлик амалиётларини бошидан кечирди болам. Ўқишлари ҳам қолиб кетди. Айниқса, шифокорлар бир қўлини олиб ташлашганидан сўнг, ўғлим эртага қандай кун кўради, бировга боқиманда бўп қолади-да , деб тинимсиз йиғлардим.
Аммо Асрор ортга чекинмади. Доим олдинга интилди. Бор имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишга ҳаракат қила бошлади. Хусусан, томорқада меҳнат қилишни, деҳқончиликнинг сир-асрорларини пухта ўрганди. Бугунги кунда эса томорқани ҳақиқий даромад манбаига айлантирган.
- Икки йил аввал томорқамнинг 6 остихига иссиқхона ташкил этиб, лимон кўчатларини эккан эдим, - дейди у. – Лимонларим тўлиқ ҳосилга киришига яна уч йил бор. Бунгача эса ер бўш турмаслиги учун уларнинг орасига картошка экканман. Иссиқхона шароитидаги картошка очиқ даладагига қараганда 10-15 кун эртачи тайёр бўлади. Бозорда янги картошкага талаб кўпайган бир вақтда маҳсулотни яхши нархда сотасиз. Бундан ташқари, ҳовлимда 3 сотихлик яна битта иссиқхонам бор. Бу ерда аввал бодринг, помидор ва турли кўкатлар етиштирар эдим. Бу йил эса икки сотихида қулупнай, бир сотихида помидор етиштирдим. Иссиқхона шароитида қулупнай жуда яхши ҳосил берар экан. Март ойининг илк кунлариданоқ ҳосилни бозорга чиқариб бошлаган бўлсак, шу вақтга қадар 25 миллион сўмдан ошиқ даромад олдик. Ҳали яна ҳосил бор.
Иссиқхонани кўздан кечирар эканмиз, қулупнай поялари орасида пластмасса стаканларга экиб қўйилган яна бир кўчатни кўриб, томорқа эгасидан унинг нима эканлиги ҳақида сўрадик.

- Бу ҳам қулупнай кўчатлари, - дейди Асрор Қурбонов кичик стакончадаги кўчатлардан бирини қўлига олиб. Буни бир ойча аввал экандик. Иссиқхона шароитида кўкариб, етарли даражада ривожланиб олди. Мана энди уларни далага ўтқазамиз. Шундан сўнг бир ойда ҳосилга киради. Ёз бўйи на қулупнай сотишни режалаштириб турибмиз.
Оилага асосий даромад келтираётган яна бир йўналиш эса гулчилик экан. Асрор Қурбоновнинг айтишича, у гулларни жуда яхши кўради. Шу боис бу соҳанинг ҳақиқий билимдони бўлишб кетган. Шунга яраша, гулчиликдан олаётган даромади ҳам анча салмоқли.
- Гул кўчатларини ихчамгина қўлбола иссиқхонада етиштирамиз, - дейди у. – Йилига 10 минг донага қадар турли гул кўчатларини етиштиришни уддалаяпмиз. Улар орасида баҳоси 20-30 минг сўмга етадиганлари ҳам бор. Гулларни асосан иссиқхона шароитида уруғидан етиштириб, эрта баҳордан бозорга чиқарамиз. Уларни аҳолига ҳам, корхона ва ташкилотларга ҳам сотамиз.
Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, ҳовли ва иссиқхона деворлари ўртасидаги кичик майдонга 3 минг дона сохна дарахти кўчатлари шу қадар тиғиз ва тартиб билан экилганки, томорқачининг диди ва уқувига қойил қоласиз. Асрор Қурбоновнинг айтишича, қиш фаслидаги қаттиқ совуқ сосна дарахтларининг аксариятига зарар етказибди. Лекин дарахтлар ёғоч бўларлик даражага келиб қолгани учун, бундан сира зарар кўрмайди. Ҳозирданоқ қуриган дарахтларни кесиб, ёғочларини сотишни бошлаб юборибди.
Тўғриси, мўъжазгина ҳовлининг қайси бурчагига қараманг, нимадир етиштирилаётгани, бир парча ер ҳам бўш турмаганининг гувоҳи бўласиз. Оила учун эса буларнинг барчаси даромад манбаи. Ҳар қарич ердан миллионлаб даромад олмоқда.
- Йил бошидан ҳозирга қадар фақат иссиқхонанинг ўзидан олган даромадимиз 70 миллион сўмга етди, - дейди Асрор Қурбонов. – Мавсум давомида бу ердан оладиган даромадим юз миллион бўлишини ҳисоб-китоб қилганман. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.
Асрор Қурбоновнинг айтишича, уч йил аввал туман ҳокимлиги мутасаддилари унинг ўз томорқасидаги деҳқончилик ишлари билан танишиб, бу борадаги ютуқларини эътироф этишган ва фаолиятини янада кенгайтириши учун ҳудуддаги яйлов ердан бир гектар ер майдони ажратиб беришган эди. Икки йилдан буён бу ерда ҳам тарвуз ва помидор етиштиришни йўлга қўйибди. Техника, ишчи кўчи, уруғ ва ўғит учун кетадиган харажатларни чиқариб ташлаганда ҳам бу ердан олаётган соф фойдаси 40-50 миллион сўмга етмоқда экан.
Асрор Қурбонов қилаётган ишлари, шу меҳнатлари ортидан оиласи фаровон экани, уч нафар фарзандини бекаму-кўст вояга етказаётгани, маҳаллада, таниш-билишлари ичида обрў-эътибор топаётгани ҳақида фахрланиб сўзлайди. Маҳалла фаолларининг айтишимча, у бирор маротаба маҳаллага иккинчи гуруҳ ногронлиги борлигини айтиб, ёрдам сўраб чиқмаган, бунга муҳтож ҳам эмас. Аксинча, маҳалладаги хайрли ишларда доим фаол, бошқаларга моддий томонлама ҳам, маънавий томонлама ҳам ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг