Илмий форум: халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

10:53 15 Октябр 2025 Жамият
169 0

Андижон давлат чет тиллари институтида Россиянинг А.С.Пушкин номидаги Рус тили давлат университети билан ҳамкорликда халқаро илмий форум бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат олимлари, профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этиб, хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий усуллари, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида фикр алмашди.

Форум доирасида маърузалар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва ёш олимлар учун постер сессиялар ташкил этилди.

— Университетимиз ҳамда Андижон давлат чет тиллари институти ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилганидан мамнунман, — дейди А.С.Пушкин номидаги Рус тили давлат университети профессори Владимир Карасик. — Бу институтда нафақат рус тили, балки бошқа хорижий тиллар бўйича ҳам юқори салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш учун замонавий база мавжуд экан. Ҳамкорлигимиз келгусида таълим ва илмий жараёнларни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман.

Форум якунида икки олийгоҳ ўртасида талаба алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, малака ошириш машғулотлари ва грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Шунингдек, иқтидорли талабаларни илмий-амалий ишларга жалб қилиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва халқаро тажрибаларни ўқув жараёнларига жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер