Илм билан қуролланган халқ ҳеч қачон мағлуб бўлмайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеа бўлди. Унда ўтган тўққиз йиллик меҳнатларнинг самаралари ҳам, келажакдаги улкан мақсадлар ҳам акс этди. Бу ҳужжат нафақат сиёсий ва иқтисодий дастур, балки жамиятни ривожлантиришнинг илмий модели сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу юрт фуқароси ва Фарғона давлат университети ректори сифатида мен бу Мурожаатномани таълим соҳасининг янги босқичи деб баҳолайман, чунки унда илм-фан, таълим ва инновациялар юрт тараққиётининг асосий двигатели сифатида белгиланган.
Мурожаатномада таъкидланган иқтисодий ютуқлар тасодифий эмас. Ялпи ички маҳсулотнинг 145 миллиард долларга етиши, экспортнинг 33,4 миллиард долларга ошиши ва хорижий инвестицияларнинг 43,1 миллиард долларга эришиши илмий ёндашувнинг натижасидир. Бу натижаларга бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимоя ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби ислоҳотлар орқали эришилди. Уларнинг ортида статистик таҳлиллар, иқтисодий моделлаш ва технологик инновациялар турибди. Масалан, Жаҳон банкининг технологик етуклик индексида Ўзбекистоннинг ТОП-10 га кириши таълим ва илмий тадқиқотларнинг бевосита ҳиссасидир. Университетларимизда ўқитилаётган ёшлар шундай илмий базага таяниб, иқтисодиётни 240 миллиард долларга етказиш марраларига ҳисса қўшмоқда. Сир эмаски, юқори технологиялар трансфери ва меҳнат унумдорлигини ошириш таълим тизимида ўрганилаётган фанлар – иқтисодиёт, муҳандислик ва рақамли технологиялар билан узвий боғлиқ.
Таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган Мурожаатномада илм жамиятни жипслаштиришнинг асосий воситаси деб кўрсатилди. Жорий йилда ўқувчи ва талабаларимиз халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш ва 126 та бронза медалларини қўлга киритиши таълим ислоҳотларининг илмий самарасидир. 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилиши таъкидланди. Президентимиз техникумлар ва олийгоҳларда хорижий тажрибаларни, масалан, Германия ва Швейцария дастурларини жорий этишни белгилаб берди. Бу ҳар бир ислоҳот ортида илм турганини тасдиқлайди.
Янги Ўзбекистоннинг рақамли ва технологик ривожланиш стратегияси таълим, илм-фан ва технологияга асосланган. “Рақамли стартаплар” дастурининг кенгайтирилиши, стартап ғояларидан экспортгача бўлган жараёнларни қўллаб-қувватлаш, ИТ хизматлар экспортини 2030 йилга бориб 5 миллиард долларга етказиш мақсади ёш авлодни таълим ва илм-фан орқали ривожлантиришга қаратилган. Минглаб иқтидорли ёшларнинг ИТ, сунъий интеллект, квант, дрон ва робототехника каби соҳалардаги изланишлари “Рақамли технологиялар маркази” орқали амалиётга татбиқ этилади. Шу билан бирга, 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари, 4 та дата-марказ ва 2 та супер компьютернинг ташкил этилиши таълим тизимини илм-фан ва замонавий технологиялар билан узвий боғлайди. Фарғона давлат университетида сунъий интеллект лабораторияси ва биоинженерия лойиҳалари бошлаб юборилган бўлиб, бу Мурожаатномадаги “тўртинчи саноат инқилоби маркази” ғояларига мос келади.
Ҳар бир соҳада илм-фан асосий таянчдир. Қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган технологиялар, энергетикада “яшил” энергия, тиббиётда инновациялар таълимнинг илмий пойдеворига таянади. Мурожаатномада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши таъкидланган. Бу экология ва гидрология фанларининг тадқиқотлари орқали амалга оширилади. Университетларимиздаги мутахассислар бу жараёнларда бевосита иштирок этади.
Президентимиз мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва ўзбек космонавтини фазога учириш лойиҳаларини таъкидлади. “Фазогиримиз Мирзо Улуғбек бобомиз кашф этган юлдузлардан хабар олиб келади”, “Боболаримиз юлдузлар харитасини яратган, биз эса бугун халқимизни эзгу йўлга бошлаш учун Йўл харитаси белгилаб олишимиз шарт” деган сўзлар қадимий нужум илмини улуғлаб, инқилобни илм-фан ва технология билан янги босқичга олиб чиқади. Бу ташаббуслар миллий тараққиётни таъминлашда таълим ва илм-фанни асосий таянч қилиб, ёшларни инновацияларга жалб этиш орқали мамлакатни глобал миқёсда рақобатбардош қилади.
Президентимиз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Маҳалла тизимининг “меҳр-оқибат ва тарбия маскани”га айлантирилиши таъкидланган. Университетимизда турли соҳаларда етакчи олимлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилган, улар жойларда “кучли маҳалладан кучли жамият сари” ғояси асосида ислоҳотларни тарғиб этади.
Халқаро ҳамкорлик ва спорт ютуқлари ҳам илмий ёндашувнинг намунасидир. Футбол жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши ва шахматдаги ғалабалар стратегик режалаштириш ва психологик тайёргарликка асосланган. Ўзбекистон 2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Университетимизда ҳам спортга катта эътибор қаратилмоқда. Волейбол, баскетбол жамоаларимиз олий лига беллашувларида ва “ФарДУ” профессионал футбол жамоаси Про-лигада фаолият юритмоқда. Бу ҳам таълим ва спорт фанларининг интеграциясини кўрсатади.
Президентимизнинг Мурожаатномаси – Янги Ўзбекистоннинг илмий манифести. Унда ҳар бир ислоҳот илм ва таълимнинг қудрати билан мустаҳкамланган. Зеро, илм билан қуролланган халқ ҳеч қачон мағлуб бўлмайди – бу Мурожаатноманинг асосий ғояси ва бизнинг келажакдаги ҳаракатларимизнинг пойдеворидир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ, Фарғона давлат университети ректори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг