Илҳом Алиев самолёт ҳалокати сабабларини очиқламади
Фото: AP
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида «Озарбайжон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолётининг қулаши оқибатида камида 38 киши ҳаётдан кўз юмди.
Қозоғистон расмийларига кўра, ҳаво кемаси бортида тўрт давлат — 42 нафар Озарбайжон, 16 нафар Россия, 6 нафар Қозоғистон, 3 нафар Қирғизистон фуқароси бўлган. Омон қолган 32 киши, жумладан, икки бола касалхонага ётқизилган. Уларнинг аксариятининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги воқеа жойидаги фавқулодда ходимларга таяниб хабар беришича, ҳалокатда иккала учувчи ҳам ҳалок бўлган.
“Фожиа самолётга қушлар урилишидан кейин юзага келган фавқулодда вазият туфайли юз берган”, дея хабар берди Россия авиация назорати ташкилоти.
Самолёт Грознийдаги қуюқ туман, мўлжалланган манзили туфайли дастлабки йўналишидан бурилиб, фавқулодда қўнишга мажбур бўлган. Савдо авиациясини кузатувчи веб-сайтлар самолёт ғойиб бўлишидан олдин ғарбий қирғоқ бўйлаб режалаштирилган маршрут бўйича шимолга парвоз қилганини қайд этган. Кейинчалик у шарқий қирғоқда яна пайдо бўлиб, Ақтау аэропорти яқинида айланиб, охир-оқибат қулаб тушган. Россиянинг энг яқин аэропорти Маҳачқалъа дронларнинг фаоллиги сабабли ёпиқ бўлган.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳалокатга нима сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида бир нечта назариялар мавжудлигини айтган. Лекин уларни очиқламаган.
“Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда самолёт ҳалокати акс этган видеолар мавжуд ва уларни ҳамма томоша қилиши мумкин, бироқ ҳалокат сабаблари ҳозирча бизга маълум эмас. Ҳар хил назариялар мавжуд, аммо мен уларни муҳокама қилиш ҳали эрта деб ҳисоблайман”, — дейди Озарбайжон президенти.
«Озарбайжон ҳаво йўллари» Боку ва Грозний, шунингдек, Боку ҳамда Маҳачқалъа ўртасидаги барча рейсларни тергов якунланмагунча тўхтатиб қўйганини маълум қилди.
Илҳом Алиев 26 декабрни мамлакатда мотам куни, деб эълон қилиш ҳақидаги фармонни ҳам имзолаган. Озарбайжон президентининг айтишича, у ҳалокат ҳақида Россияга учаётган вақтда хабардор қилинган.
“Мен зудлик билан самолётга Бокуга қайтиш бўйича кўрсатма бердим”, — деди Алиев ўз идораси томонидан тарқатилган баёнотда.
Қозоғистон, Озарбайжон ва Россия расмийлари ҳалокат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Озарбайжон Бош прокурори ўринбосари бошчилигидаги тергов гуруҳи Қозоғистонга жўнатилган ва ҳалокат жойида ишламоқда.
Алиев ўз баёнотида ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганини ва Озарбайжон жамоатчилиги тергов ҳақида мунтазам равишда хабардор қилинишини айтди. Қозоғистонда фожиа сабабларини ўрганиш, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун ҳукумат комиссияси тузилди.
Самолётни ишлаб чиқарувчи Бразилиянинг «Embraer» компанияси сўровлар бўйича ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг