Икки университет ҳамкорлигида «Илм-маърифат боғи» яратилди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Қорақалпоқ давлат университети ва Наманган давлат университети ўртасида таълим, фан ва экология соҳаларида ўрнатилган ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Куни кеча Қорақалпоғистондаги олийгоҳ ҳудудида «Илм-маърифат боғи»ни барпо этишга киришилди.
Мазкур лойиҳа НамДТУ ташаббуси ва илмий ёндашуви асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Боғда 100 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ва 500 тупдан зиёд турли хил гуллар экилди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу гул ва кўчатлар Наманган давлат техника университетининг лабораторияси ва инновацион иссиқхонасида етиштирилган. Энг муҳими, айни жараёнда наманганлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган гидрогель технологиясидан фойдаланилди. Ушбу технология сувни тежаш ва ўсимликларни самарали парваришлашда юқори самара беради. Бу эса боғни нафақат гўзал, балки экологик жиҳатдан ҳам барқарор масканга айлантиради.

Янги боғнинг тантанали очилиш маросимида икки университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этишди.
— «Илм-маърифат боғи» — бу шунчаки гуллар ва дарахтлар экилган ҳудуд эмас. Бу — ёш авлод учун тарбия маскани, жамиятимизда экологик маданиятни шакллантирувчи ўқув-тарбиявий майдон. Ундаги ҳар бир гул, ҳар бир дарахт илм-фаннинг, меҳнат ва ҳамкорликнинг амалий тимсоли. Бизни қувонтирадиган жиҳати — гидрогель технологияси каби замонавий ёндашувларнинг амалиётда ўз ўрнини топаётганидир. Бундай ташаббуслар орқали биз нафақат табиатга, балки келажак авлод тафаккурига ҳам таъсир кўрсатяпмиз, — дейди Қорақалпоқ давлат университети ректори Ахмед Реймов.

Маросим давомида яна бир тадбир амалга оширилиб, Наманган давлат техника университети вакиллари қорақалпоқ ҳамкасбларига 64-халқаро гуллар фестивалида иштирок этиш учун расмий таклифномани тантанали равишда топширди. Бу таклиф нафақат анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди, балки университетлар ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг