Икки миллиард аҳолининг сув таъминоти хавф остида

17:50 24 Апрель 2025 Илм-фан
202 0

Иллюстратив фото

Сўнгги йилларда Ҳимолай ва Ҳиндукуш тоғ тизмаларида хавотирли тенденция кузатилмоқда — қор сатҳи 23 йиллик энг паст даражага етди, бу эса қор эриши натижасида ҳосил бўлган сувга қарам икки миллиардга яқин одамни хавф остига қўймоқда.

Ушбу ҳодиса яқинда Тоғли ҳудудларни комплекс ривожлантириш халқаро маркази (ICIMOD) томонидан эълон қилинган ҳисоботда қайд этилган. Афғонистондан Мьянмагача чўзилган Ҳиндукуш ва Ҳимолай тоғлари минтақа аҳолиси учун энг йирик чучук сув манбалари бўлиб, бу тоғлардаги қор эриши анъанавий равишда сув ресурсларини тўлдиришда муҳим роль ўйнайди. Бироқ тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, жорий йилда қор қопламининг мавсумий қисқариши меъёрдан 23,6 фоизга кам бўлди, бу сўнгги йигирма йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Уларнинг фикрича, ушбу тенденция жиддий хавотир уйғотади, чунки кетма-кет учинчи йилдан буён кузатилмоқда.

ICIMOD ҳисоботида дарёлар сатҳи кескин пасайиши, ер ости сувларига қарамлик ошиши ва қурғоқчилик хавфининг ортиши билан дуч келиш эҳтимоли, бунинг аҳоли сув таъминоти учун жиддий оқибатлари ҳақида огоҳлантирилган.

Минтақанинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Афғонистон, Ҳиндистон, Непал ва Покистон аллақачон қурғоқчилик бошланганини эълон қилган. Экспертларнинг огоҳлантиришича, бундай ўзгаришлар сув таъминоти хавфидан ташқари, иссиқлик тўлқинлари тобора кўпроқ ва шиддатли тус олаётган бир пайтда қишлоқ хўжалигини ҳам хавф остига қўйиши мумкин.

Шунингдек, ҳисоботда Хитой ва Мьянмани сув билан таъминлайдиган Меконг ва Салуин дарёлари ҳавзаларида қор қопламининг йўқолиши қайд этилган. Ушбу дарёлар, ҳозирги маълумотларга кўра, ўзининг қор қопламидан қарийб ярмини йўқотган, бу эса мазкур сув ресурсларига қарам бўлган миллионлаб одамларнинг аҳволини сезиларли даражада ёмонлаштиради.

Тоғли ҳудудларни комплекс ривожлантириш халқаро маркази минтақа мамлакатлари ҳукуматларини сув ресурсларини бошқаришнинг янада самарали стратегияларини ишлаб чиқиш, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш ва ўзгарувчан иқлим шароитларига оқилона жавоб бериш учун давлатлар ўртасида янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди.

ICIMOD бош директори Пема Гьямцонинг таъкидлашича, углерод чиқиндилари аллақачон минтақа иқлимида ортга қайтарилмас ўзгаришларга олиб келиб, қор қопламида такрорий аномалияларни келтириб чиқарган. Унинг сўзларига кўра, бу узоқ муддатли истиқболда экология соҳасидаги сиёсатни қайта кўриб чиқиш ва ўзгарувчан шароитларга мослашишни талаб қилади.

БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам иқлим офатлари ҳақида гап кетганда Осиё дунёдаги энг заиф минтақага айланганини таъкидламоқда. Яқинда олинган маълумотлар ҳам сўнгги олти йил ичида қитъадаги музликларнинг чекиниши кузатувлар тарихида энг тез бўлганини тасдиқлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?