Икки йил қидирувда бўлган қизалоқлар онасининг бағрига қайтарилди

12:16 19 Ноябрь 2024 Жамият
177 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Икки йил бир қарашда унчалик катта муддат эмас. Аммо бу йиллар муштипар она учун худди икки асрдек туюлгани айни ҳақиқатдир.

Она ушбу йиллар давомида болалари билан бирор марта ҳам кўриша олмади. Устига устак ота ҳозирда иккинчи синф ўқувчиси бўлиши керак бўлган тўнғич қизини таълим олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этганди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2023 йил 22 августдаги ҳал қилув қарорига кўра, қарздор Нодирбекдан ундирувчи Камолахонга вояга етмаган қизларини онаси тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Қўқон шаҳар бўлимига келиб тушган.

— Бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамай қарздор фарзандларини онасига қайтариш масаласини асоссиз равишда кўп маротаба ортга суриб юраверди, — дейди Мажбурий ижро бюросининг Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи Камолхон Эшонхонов. — Натижада жорий йилнинг 14 март куни суд қарорига асосан, унга нисбатан маъмурий жарима чораси қўлланди.

Ижро ҳаракатларига қаршилик қилгани учун Нодирбек шу йилнинг 9 август куни ЖИБ Қўқон шаҳар судининг ҳукмига биноан тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Афсуски, бу жазони ҳам унга етарли сабоқ бўлмади ва фарзандларини онасига қайтариб бермади.

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни МИБнинг қидирув шўъбаси ходимлари томонидан олинган тезкор хабарга кўра, икки қизалоқ Қўқон шаҳридаги психолог қабулида эканлиги аниқланди. Натижада қидирув шўъбаси давлат ижрочилари ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида қизалоқлар ўз онасига қайтарилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?