Икки ҳудудда психотроп моддалар савдоси тўхтатиб қолинди

17:35 12 Февраль 2026 Жамият
77 0

Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида терговга қадар текширув ўтказилган.

Унга кўра, фуқаро Д.З. «Табассум» кўчасидаги хонадонида 350 дона «Зардекс» номли хорижда ишлаб чиқарилган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўтказиш мақсадида сақлаб келганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Кармана тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унда, «М.» хусусий корхонаси дорихонаси сотувчиси Ж.З. фуқаро Ҳ.Т.га 250 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 3 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?