Ихчам бошқарув тизимини шакллантириш зарурати ва масъулияти

Иллюстратив фото
Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ҳамда сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишни талаб қилади.
Шу маънода, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ушбу жиҳат алоҳида эътиборга олиниб, бу борада зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Фармони эса айни шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Фармонидаги асосий янгиликлар шундан иборатки, Адлия вазирлигининг қўшимча тўртта янги фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Адлия бўлимларига олтита янги вазифа — уйма-уй юриш ва «Ҳуқуқий кўмак» акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш, «Online-mahalla» платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш, туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатиб бориш юклатилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб борилади.
Сир эмас, бугун вазирлик мутасаддилари нафақат марказларда, балки чекка-чекка ва олис маҳаллаларга бориб, одамлар билан юзма-юз учрашиб, муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўриляпти. Биргина мисол, адлия вазирининг Сурхондарё вилоятидаги хизмат сафари давомида кўплаб фуқароларнинг муаммоларига ечим топилди.
Жумладан, Қумқўрғон тумани Жийдали маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Тиллабекованинг узоқ вақтлардан буён шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олишда юзага келган муаммолари жойида ҳал этилди. Ушбу фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини расмийлаштириш давомида бармоқ изларини олиш ва тегишли тизимга сақлаш билан боғлиқ бўлган муаммоси тўлиқ бартараф этилиб, ID-карта тақдим этилди.
Тизимда йўлга қўйилган лойиҳалар аҳоли муаммоларини ҳал қилаётгани билан ҳам ғоятда муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, Фармон билан босқичма-босқич барча туман (шаҳар)да «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил қилиниши белгилаб қўйилди. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказишни самарали ташкил қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларига ҳуқуқий ахборотни етказиш бўйича Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими ишга тушириладиган бўлди.
«Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси жорий қилиниб, маҳалла раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмалари оширилади. Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ҳуқуқий тарғибот куни» ўтказилади, ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг узлуксиз касбий билимларини ошириш тизими жорий қилинади, мактабларда «Ҳуқуқ оламига саёҳат» ўқув дастурлари жорий этилади, «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб борилади.
Аҳолига долзарб қонунчилик ҳужжатлари ва бошқа ҳуқуқий маълумотлар тўғрисида уларнинг мобил қурилмаларига «SMS» хабарномалар юборилади.
Ҳужжатдаги ушбу ўзгаришлар ҳақида гап кетганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 1 июлидан барча туман ва шаҳарларда босқичма-босқич «Мадад» нодавлат ташкилотининг маслаҳат бюролари ташкил этилади. Шунингдек, 1 июндан давлат органларига ҳуқуқий ахборотни етказиш бўйича Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими ишга туширилди.
Жорий йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилиниб, фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди. Бу эса юқорида қайд этилганидек, аҳолига қўшимча қулайлик яратишга хизмат қилади. Қолаверса, аҳоли гавжум жойлар, маҳаллалар 24/7 режимида онлайн давлат хизматларини кўрсатадиган интерактив киосклар билан босқичма-босқич таъминлаш ҳам айни шу йўналишдаги хайрли ишлардан бири, десак, айни ҳақиқат.
Маълумотларга кўра, жорий йил якунига қадар ДХМлар ва Ягона портал орқали кўрсатиладиган 13 та янги давлат хизмати жорий этилади, 18 та хизмат проактив ва композит шаклларига ўтказилади, 15 та давлат хизмати якка тартибдаги тадбиркор томонидан агент сифатида кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим янгилик, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси — Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.
Буларнинг барчаси «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилнинг амалдаги ҳаётий ифодасидир.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати борки, бу масалага тўхталиб ўтмасликни имкони йўқ. Бу — юридик кадрлар тайёрлаш тизими билан бевосита боғлиқ.
Ҳужжатда юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ўрин олдики, ушбу вазифалар ижроси маъмурий ислоҳотлар жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, вазирлик ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг 4 та малака ошириш марказлари бирлаштирилиб, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолияти йўлга қўйилмоқда. ТДЮУ ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида адлия фаолияти соҳаларини илмий-методик ва консультатив жиҳатдан таъминланади. Ҳуқуқни қўллаш соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ҳуқуқий муаммоларни жойига чиққан ҳолда илмий тадқиқ қилиш тизими жорий этилади. Шу билан бирга, Наманган ва Самарқандда юридик лицейлар очилади.
Бу борадаги ислоҳотлар келгусида юридик кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ ишларни сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга чиқишини таъминлаши, шубҳасиз.
Дарвоқе, вазирликнинг «Давлат хизматларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси негизида Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ҳам ташкил этиладиган бўлди. Хўш, бунга нима зарурат бор эди, дерсиз.
Таъкидлаш ўринлики, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан Аҳолининг ягона реестри шакллантирилиши ва юритилиши белгиланмоқда. Реестр Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотларининг ягона электрон базаси ҳисобланади.
Давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа хизматларни кўрсатишда шахсга тааллуқли маълумотлар ушбу реестрдан олинади. Жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган бу механизм мазкур йўналишдаги ишларда самарадорликни янада оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Фармон Президентимизнинг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада оширишда муҳим асос бўлиши шубҳасиз.
Дилафруз АЗИМОВА,
Тошкент давлат юридик университети Давлат бошқаруви кафедраси доценти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг