Ички туризм тарғиботи учун йилига 20 миллиард сўм ажратилади

16:50 09 Апрель 2025 Сиёсат
331 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Унда таъкидланишича, ўтган йили Мўғулистон билан туризм бўйича катта келишувга эришилгани ҳисобига сайёҳлар 100-200 нафардан 4 мингга ошган.

Кўрфаз давлатларида доимий саёҳат қиладиган 3 миллион аҳоли бор. Лекин уларнинг кўпи Озарбайжон, Грузия, Албания, Хорватия каби визасиз режим бўлган мамлакатларга боряпти.

“Тўғри, бу давлатларга 10 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Лекин, бу муддат 30 кунга узайтирилса, сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш мумкин”, деди давлатимиз раҳбари.

Россия ва Хитойнинг ҳудудлари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилгани учун инвестиция ва сайёҳлар оқими кескин ошди. Энди бу тажрибани кенгайтириб, Япония, Корея ва Европа давлатлари билан ҳам ташкил қилиш топширилди.

Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш, унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш вазифаси қўйилди.

Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” дастури орқали 100 минг зиёратчини жалб қилиш бўйича ишлар бошланган. Мутасаддиларга Куала-Лумпур ва Жакартадан Самарқанд, Бухоро орқали Жидда шаҳрига рейс қўйиш бўйича музокараларни жадаллаштириш топширилди.

Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди(2017 йилда 5 миллионта эди).

Лекин ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўп. Шу боис, ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилинади.

Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмасини совға қилиш йўлга қўйилади.

Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади.

Мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?