Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси этиб сайланди

16:06 09 Апрель 2025 Жамият
112 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яхшилаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мазкур тизимли ишларнинг узвий давоми сифатида Ички ишлар вазирлиги Академиясида бўлиб ўтган Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида Ички ишлар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, ҳудудий ички ишлар органлари масъуллари, волейбол федерация мутасаддилари ва унинг ҳудудий вакиллари, спорт фахрийлари иштирок этишди.

Конференцияни Спорт вазири Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб, волейбол спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида мамлакатмиз нуфузли мусобақаларига мезбонлик қилаётганлиги, энг муҳими волейбол халқимиз орасида оммалашиб бораётганлигини эътироф этиб ўтди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Тошпўлатов Азиз Анваровичнинг номзоди Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланиб, федерацияси раиси этиб сайланди.

Кун тартибига кўра Волейбол федерациясининг Андижон, Бухоро, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрининг ҳудудий бўлимлари раислигига номзодларни сайлаш таклиф этилди.

Ушбу вилоятлар ИИБлари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи бир овоздан ҳудудий бўлимлар раислигига сайланди.

Шунингдек, мазкур тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 11-апрелдаги “Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-201-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилиши режалаштирилган спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаларига тантанали старт берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?