“Иброҳим Ғофуров – адиб, мунаққид, таржимон” мавзусидаги илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди

16:14 22 Январь 2025 Жамият
412 0

Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

2025 йил 22 январь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таниқли адиб, олим ва таржимон, Ўзбекистон санъат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони  Иброҳим Ғофуров таваллудининг 88 йиллиги муносабати билан  “Иброҳим Ғофуров – адиб, мунаққид, таржимон” мавзусида илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди.

Конференсияда Ўзбекистоннинг таниқли адабиётшунослари, ёзувчилар, олимлар ва талабалар иштирок этишди. Академик Шуҳрат Сирожиддинов ўз нутқида Иброҳим Ғофуровнинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этар экан, унинг ижоди орқали ўзбек китобхони  жаҳон адабиётининг дурдона асарлари билан танишганини таъкидлади.

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад эса Иброҳим Ғофуровнинг ўзбек адабий танқиди ривожида муҳим ўрин тутган мунаққид сифатидаги ролини алоҳида таъкидлади. Унинг танқидий мақолалари ўзининг услубий аниқлиги ва бадиий нафислиги билан ажралиб туриши, уларни миллий адабиётшунослигимизнинг энг нодир намуналари қаторига қўшиши таъкидланди.

Конференсия давомида Иброҳим Ғофуров ўзи ҳам сўзга чиқиб, унга кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат учун миннатдорчилик билдирди. Ўз нутқида у таржимонлик фаолиятининг муҳим жиҳатлари, асарларни таржима қилишдаги қийинчиликлар ва жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга ўгириш жараёнидаги масъулият ҳақида фикрларини билдирди. Шунингдек, ёш авлодни миллий ва жаҳон адабиётини чуқур ўрганишга ундаб, бундай тадбирлар ёш истеъдодларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ушбу илмий анжуман миллий адабиётимизнинг буюк сиймоларидан бири бўлган Иброҳим Ғофуров ижодини яна бир бор юксак қадрлашга ва унинг бой меросини янги авлодга етказишга хизмат қилди. Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУда ўтказилган ушбу конференсия миллий адабиётимиз ва таржимонлик санъатига бўлган эътиборни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?