Иброҳим Ғафуров дейдики...
Иллюстратив фото
Жуда кўҳна бир китобни ўқиб ўтирар эдим.
Не-не фикр иморатлари ўтар эди кўз ўнгимдан.
Шу асно китоб варағи орасидан янги саҳифани очганимда узун ва қоп-қора қош толаси тушди тиззамга.
Не замонлар бўлган эди отамнинг ўлганига.
Не замонлар бўлган эди отамни соғинганимга.
Отамнинг қоши тўкилди кўҳна китоб саҳифасидан.
Соғинганимни билдими отам қошининг бир қора толасини жўнатди менга.
Хабар ол, ёлғиз қўйма, унутма, қош ахир кўзнинг паноҳи бўлар, ҳар дилнинг юракда бир оҳи бўлар...
Ота, номангизни олдим.
Кўксимга тегди сўлим шабада.
Сўнг авайлаб жойлаб қўйдим қошингизни яна ўша кўҳна китоб саҳифасига.
Умид қилдим: мендан сўнг ҳам ўқирлар бу китобни...
Соғинганлар... Соғинарлар...
* * *
Қадимги файласуфлар инсон дунёга ўлгани келади, яшагани келади, дейишади. Менинг хулосам эса бошқача: инсон дунёга сайқал бериш учун келади...
* * *
Китобга биров эрмак, биров овунчоқ, биров билим ва биров ҳаётнинг ҳикояси деб қарайди. Китобларда ёлғон гаплар ёзилади деб ўйлашади. Ёлғонликка ёлғон, лекин бир фарқи китобларнинг ёлғони ростдан яхши. Мен китоб ўқиш мақтанарли бир нарса деб билмайман. Одам нон ейиши, сув ичиши, ҳаво олиши билан ҳеч қачон мақтанмайди-ку, тўғрими?
* * *
Оламлар бари, кавну маконлар бари илм билан қамраб олинган ва илм билан яратилган. Жумладан, одамзод, ҳайвонот ва наботот бари илм билан қамралган. Илмдан холи ҳеч нарса йўқ. Одамзод неча минг йиллардан бери бор ва неча минг йиллардан бери илм излайди. Илмга интилади. Илмни Ер юзидан, коинотдан ва ўз-ўзининг ичидан қидиради. Илм излаш — XXI асрнинг шу кунларида ҳам нажоткор ғоя. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки илм ҳақиқатга етиш йўли. Инсон эса ҳақиқатсиз яшолмайди.
* * *
Маконни ташлаб кетар бўлсанг,
айт, кетар олдингдан Сегоҳни чалсинлар.
Сегоҳ кетаётган одамнинг қадамларин таъқиб қилади.
У йиғланмаган йиғи.
Тўкилмаган кўз ёш.
Сен, мабодо, янги маконга кириб борсанг,
янги маконга илк қадам қўйганингда, айт,
Сегоҳни чалсинлар.
Сен эмас, аввал Сегоҳ қадам қўйсин янги маконга.
Дўст қошига суҳбатга отланяпсан —
аввал тингла Сегоҳни.
Қанча боғларга кирдинг,
Излаб бординг мақбарларни,
қанча мозорлардан ўтдинг,
хотиралар қолди баридан.
Сен хотираларингни айтиб беришдан олдин,
албатта, Сегоҳни тингла.
Инжиқлик бўлиб туюлмасин сенга —
Сегоҳ ҳар ҳолда
сендан қарироқдир,
сендан донороқдир.
* * *
Инсоният ажралиш ва ажратилиш ғоясидан халос бўлса, келажакда — олтин асрларда истиқомат қилади. Ажратиш, ажралиш ғояси кучлими ё бирлашиш, бирлик ғоясими? Инсоният шу икки саволга аниқ жавоб беролса ва оғишмай борсагина келажак асрларда бехавотир умргузаронлик қилади.
* * *
Аллоҳ нурни яратган экан ва Ўзи ҳам шу нур ичида экан, китоб ҳам илмлар, ҳиссиётлар, ақлларнинг нурномасидир. Менинг ҳақиқатим шуки, одам китоблар оламига шўнғимагунича ҳеч қачон сайқал топмайди. Китоблар инсон ҳаётининг хайрли поғоналаридир.
* * *
Одам муҳаббатсиз яшай олмайди. Муҳаббат бўлмаса, ҳар қандай мол-дунё, обрў-эътибор татимайди. Ёш ўтиб муҳаббат ўлади, ўрнига иззат-икром келади, дейишади. Шундай бўлиши мумкинми? Муҳаббат ўрнини иззат-икром боса оладими? Йўқ. Муҳаббат ўлиши мумкин, агар уни ўлдирсангиз. Муҳаббат яшнаши мумкин, агар уни яшнатсангиз.
* * *
Одамни тинглай билиш ҳам жуда катта одамгарчилик. У юрак ва онгнинг тарбиясидан дарак беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг