Ҳусанов жамоасидан ишончли, «Барселона»дан қийин ғалаба, «Қайрат» эса омадсиз дебют қилди

11:17 19 Сентябр 2025 Спорт
114 0

Кеча, 18 сентябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигасида 1-турнинг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтди. Қуйида ушбу ўйинлардаги асосий воқеалар билан таништириб ўтамиз.

«Барселона»дан қийин ғалаба

Куннинг марказий ўйини Англияда жойлашган «Сент Жеймс Парк» стадионида бўлиб ўтди. Унда «Барселона» майдон эгаси «Ньюкасл» меҳмони бўлди.

Учрашувнинг биринчи бўлими дуранг натижа билан якунланди. Ҳар икки жамоада гол киритиш учун бир қатор яхши имкониятлар бўлди. Бироқ якун ижобий бўлмади. Бунда айниқса, «каталонияликлар» посбони Хуан Гарсиянинг ҳиссаси катта бўлди.

Иккинчи таймда эса «Барселона»га келиши кўп нашрлар томонидан танқид остига олинган Маркус Решфорд ўйин тақдирини ҳал этди.

Англиялик футболчи 58 ва 67-дақиқаларда 2 та гол киритишга эришди. Бу Маркуснинг «Барселона» сафидаги расмий ўйинлардаги дебют голлари эди.

90-дақиқада «Ньюкасл»нинг англиялик футболчиси Энтони Гордон ҳисобни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди. Шу тариқа ўйин 2:1 ҳисоби билан Ханс Флик жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

УЕФА Чемпионлар Лигасида бу тур инглиз футболчилари инглиз клубларини мағлуб этилишига асосий сабабчи бўлди. Яъни Лондоннинг «Челси» клубига қарши баҳсда «Бавария»нинг англиялик футболчиси Ҳарри Кейн 2 та гол уриб, инглиз клубининг мағлубиятига сабабчи бўлган эди. Кеча эса инглиз клубининг мағлубиятига яна бир англиялик футболчи Маркус Решфорд сабабчи бўлди.

Ўйиндан сўнг, «Sofascore» портали Маркус Решфорд ва Хуан Гарсиянинг ҳаракатларини 8,8 баллдан баҳолади. «Ньюкасл»дан эса энг юқори баллга жамоа посбони Ник Поуп лойиқ кўрилди.

«Ньюкасл» – «Барселона» 1:2

Голлар: Гордон (90) — Решфорд (58, 67)

«Ньюкасл» – Попе, Триппиер (Ботман, 76), Шар (Тиа, 63), Борн, Ливраменто, Гимараеш, Тонали, Жоелинтон (Уиллок, 62), Эланга (Морфи, 63), Гордон, Барнес (Волтемад, 62).

«Барселона» – Гарсия, Кунде, Араухо, Кубарси (Ферран, 69), Мартин (Гарсия, 81), Де Йонг, Педри, Рафинья, Лопес (Касадо, 90), Решфорд (Олмо, 82), Левандовски (Кристенсен, 70).

Огоҳлантиришлар: Жоелинтон (28), Борн (47) — Мартин (45), Лопес (75), Де Йонг (82), Касадо (90+7).

Ҳусанов жамоасидан ишончли ғалаба

Турнинг яна бир қизиқарли ўйини Манчестер шаҳрида жойлашган «Этихад» стадионида бўлиб ўтди. Унда майдон эгаси «Манчестер Сити» Италиянинг «Наполи» клубини қабул қилди.

«Манчестер Сити» биринчи бўлимни ўзидаёқ тотал устунликка эга бўлди. Тайм давомида «шаҳарликлар» Ваня Милинкович-Савич қўриқлаётган дарвоза томон 17 та зарба беришни уддалади. Ушбу зарбалардан сўнг, сербиялик посбон 6 та сейв амалга оширди.

Ўйинга туб бурилиш ясаган нуқта 21-дақиқада юз берди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориши мумкин бўлган Эрлинг Ҳоландни «Наполи» сардори Жованни Ди Лоренцо қўполлик билан тўхтатиб қолди. Ҳакам VARʼда ҳолатни кўргач, футболчига қизил карточка кўрсатди. Жуда «чуқур» ҳимояланаётган «Наполи» шундан сўнг 1 киши кам бўлиб 70 дақиқадан кўпроқ ўйнайдиган бўлди.

Шундай бўлса-да, «Наполи» мудофааси биринчи таймда «Сити» ҳужумларига туриб бера олди. Аммо иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Эрлинг Ҳоланд ҳисобни очди. 65-дақиқада Жереми Доку жамоасининг иккинчи голини киритди. Ва якунда ўйин айнан 2:0 ҳисоби билан тугади.

«Sofascore» портали ўйиндан сўнг «Манчестер Сити»нинг иккинчи голи муаллифи Жереми Докунинг ҳаракатларини 8,4 баллга баҳолади. Лекин учрашувдаги ҳисоб йириклашиб кетмаслигига асосий сабабчи бўлган «Наполи» посбони Ваня Милинкович-Савич ўйин қаҳрамони деб топилди.

Ушбу ўйинни ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда бошлади ва 90 дақиқа ҳаракат қилди. Аммо «Sofascore» портали унинг ҳаракатларини 6,9 баллга баҳолади. Бу «Манчестер Сити» футболчиларига қўйилган энг паст баҳолардан бири эди.

«Манчестер Сити» – «Наполи» 2:0

Голлар: Ҳоланд (56), Доку (65).

«Манчестер Сити» – Доннарумма, Ҳусанов, Диаш, Гвардиол (Аке, 80), ЎʼРайли, Родри (Гонсалес, 60), Силва, Фоден, Рейндерс (Люис, 80), Доку (Савиньо, 69), Ҳоланд (Бобб, 80).

«Наполи» – Милинкович-Савич, Ди Лоренцо, Беукема, Буонжорно, Спинатсола, Лоботка (Гилмор, 72), Политано (Жезус, 55), Ангуисса (Элмас, 71), Де Брюйне (Оливейра, 26), Мактоминай, Ҳойлунд (Нерес, 72).

Огоҳлантириш: Политано (52).

Четлатиш: Ди Лоренцо (21).

«Қайрат»дан омадсиз дебют

Саралаш босқичидаги ажойиб ўйинлари орқали УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасининг финал босқичига йўл олган «Қайрат» клуби кеча турнирдаги дастлабки ўйинини ўтказди. Аммо дебют омадсиз ўтди.

Биринчи бўлимда «қозоқлар»нинг 18 ёшли посбони Шерхон Қалмурза пеналтини қайтарганини инобатга олмасак, ушбу ўйинда «Қайрат»ни кучли рақиб олдида «йўқолиб қолди» деб баҳолаш мумкин. Жамоа ушбу ўйинда 4:1 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди.

Маълумот учун, «Қайрат»нинг Чемпионлар Лигасидаги кейинги ўйини 30 сентябрь куни бўлиб ўтади. Ўша куни жамоа ўз майдонида мусобақанинг 15 карра ғолиби «Реал Мадрид»ни қабул қилади.

«Спортинг» – «Қайрат» 4:1

Голлар: Тринкау (44, 65), Санто (66), Кенда (68) — Эдмилсон (86).

«Спортинг» – Виржиния, Фреснеда, Қуарежма, Инакио, Араухо (Рейс, 66), Ҳюлманд (Дебаст, 70), Кочорашвили (Морита, 61), Кенда, Тринкау, Голсалвес (Сантос, 61), Суарес (Иоаннидис, 90).

«Қайрат» – Калмурза, Тапалов (Станоев, 70), Мартинович, Сорокин, Мата (Кургин, 80), Касабулат (Садибеков, 75), Офри (Эдмилсон, 70), Мринский (Рикардинё, 81), Монтейро, Громйко, Сатпаев.

Огоҳлантиришлар: Кочорашвили (4), Суарес (31), Кенда (69) — Монтейро (39), Сатпаев (90+2).

Туркия чемпионидан шармандали мағлубият

Турнир доирасидаги навбатдаги учрашув «Айнтрахт» ва «Галатасарой» ўртасида бўлиб ўтди. Ушбу ўйин олдидан «Галатасарой»нинг имкониятлари анча юқори баҳоланганди. Айниқса, учрашувнинг 8-дақиқасида «турклар» аъзоси Юнус Акгюн ҳисобни очгани Окан Бурук шогирдларига бўлган ишончни янада оширди. Аммо буёғига қандай ўйнаш кераклигини «Айнтрахт» кўрсатиб берди.

Қизиғи, статистика жиҳатдан ўйинда «Галатасарой» устунлик қилди. Тўп назорати бўйича якуний кўрсаткич Туркия клубида 64 фоизни ташкил этди.

Аниқ зарбалар бўйича статистикада ҳар икки жамоа рақибининг дарвоза соҳасига 5 тадан аниқ зарба бергани қайд этилди. Фарқи шундаки, «Айнтрахт» йўллаган аниқ зарбаларнинг ҳаммаси гол билан якунланди.

Шу тариқа йирик ғалабани қўлга киритган «франкфуртликлар» турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Шармандали мағлубият қабул қилиб олган «Галатасарой» эса мос равишда сўнгги ўринга жойлашди.

«Айнтрахт» – «Галатасарой» 5:1

Голлар: Санчес (37), Узун (45+2), Синго (45+4), Буркардт (66), Кнауфф (75) — Акгюн (8).

«Айнтрахт» — Зеттерер, Коллинс, Коч (Амендо, 80), Зейт, Броун, Чаиби, Ларссон (Скҳири, 80), Доан (Батшуайи, 84), Узун (Баҳоя, 72), Кнауфф, Буркардт (Ваҳи, 72).

«Галатасарой» — Чақир, Саллаи, Синго, Санчес, Элмали (Якобс, 67), Торрейра, Лемина (Икарди, 55), Сане (Кутучу, 67), Гюндоган (Сара, 67), Акгюн (Айҳан, 78), Йилмаз.

Огоҳлантириш: Буркардт (5).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?