Ҳовучи дур, қалби ҳур диёр

16:35 26 Август 2025 Жамият
129 0

Бу гўша не-не таърифу эъзозга, эътибору эҳтиромга муносиб кўрилмаган, дейсиз?! У муқаддас, мўътабар, азизу мукаррам, муаззам дея қадрланган. Маънавият ва маърифат бешиги саналган. ”Илм жамулжам бўлган жой” дейилган. Унинг Нумижкат, Бумичкат яъни Янги қўрғон, Ал – Мадина ас–суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат–тажжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира яъни Фахрли шаҳар каби номлар билан аталгани ҳам тарихий манбаларда муҳрланган.

Авлодлар ардоғида бўлиб келган бу табаррук замин истиқлол йилларида янгиланди, чирой очди, янада кўркамлашди. Бунёдкор эл ғайрату шижоати, матонати билан кўҳна ва навқирон шаҳар —исми жисмига монанд гўша қиёфасини олди. Ҳовучи дур, қалби ҳур диёрга айланди. Гап Бухоройи шариф ҳақида бораётганини аллақачон англадингиз, албатта.

Саёҳат учун энг жозибадор манзил

Кейинги йилларда Бухоронинг туристик салоҳияти кескин ўсди. Сайёҳлик манзиллари кўпайди. Янги ва муҳташам меҳмонхоналар қад ростлади. Ғиждувондаги “Қўрғон” маҳалласи, Вобкентдаги Ширин, Когон туманидаги Қасри Орифон, Жондор туманидаги Ушот қишлоқлари туризм гўшаси мақомини олди. Бухоро шаҳри ҳамда Жондор туманида гастрономик кўчалар барпо этилмоқда. Бу йўналишдаги кенг қамровли ишлар ўз мевасини беряпти. Чунончи, вилоятда йиллик сайёҳлар сони 1 миллион 700 минг нафарга етди. “THE NEW YORK TIMES”дек нуфузли нашр “Бухоро саёҳат учун энг жозибадор манзиллардан бири” дея эътироф этганича бор-да.

—Болалагимиз шу заминда ўтган, шунинг учун бу ер биз учун жуда қадрдон,— дейди Қўрғон маҳалласида туғилиб ўсган таниқли кулол, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдулла Нарзуллаев. – Ота маконим билан ҳар қанча фахрлансам арзийди. Айниқса, “Биз туризм маҳалласида яшаяпмиз”, дейишса алланечук бўлиб кетаман. Эътиборлиси, маҳалламиз кўчаларида мозий нафаси уфуриб турибди. XIV асрда барпо этилган тошҳаммом, XVI асрда қурилган “Бобораҳим”, XVII асрда қад ростлаган “Бозори қаймоқ”, “Боло қассобон” масжидлари, иккита қадимий қудуқ, 300 ёшли тут дарахти, ўнта кўҳна уй унинг қадимийлигидан далолат беради. Сал нарида эса Етти пирнинг дастлабкиси – Абдулхолиқ Ғиждувоний қадамжоси жойлашган.

Маҳаллада яшовчи одамларни айтмайсизми? Улар жуда меҳнаткаш, зеҳни ўткир, қўли теккан жой гуллайди. 512 та хонадоннинг 317 таси у ёки бу ҳунар этагидан тутган. Ғиждувоннинг машҳур бозорига ширмой нон, патир, ҳолва, парварда, турли пишириқларнинг энг сарасини улар етказиб беришади. Кабобпазлик, темирчилик, кулолчилик, қуроқчилик, бешиксозлик билан шуғулланадиган сулолалар бор.

Туризм қишлоғи мақомига эга Ширинда эса айни дамда 55 ўринли меҳмонхона, 6 та оилавий меҳмон уйи, 14 та ўтов ва шу каби қатор шохобчалар меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Ҳудудда балиқчилик кластери ҳам ташкил этиляпти.Ўнга яқин ҳунармандчилик маркази, миллий таомлар тайёрловчи ошхоналар, янги меҳмон уйлари, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун замонавий алоқа хизматлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Европою, Американи забт этган сўзаналар

Саодат буви ёшлигидан каштачиликка меҳр қўйди. Ҳатто миллий ҳунармандчиликка ёт кўз билан қаралган даврларда ҳам уйда сўзана тикишни канда қилмади. Миллий кўрпа-ёстиқ, чойшаб, сочиқ, сўзаналар меҳмонларга мўлжалланган хонага ўзгача бир файз бағишлаб турар, қўшни аёллар атайин кириб, миллийлик уфуриб турган уйдан кўз уза олмай туришарди.

Чиндан ҳам ипак матолардаги гуллар жилоси, токчалардаги ранг- баранг сўзаналарни кўрган кишининг юраги ҳаприқиб кетар, бир пайтлар йўқотиб қўйган нарсасини топиб олгандай руҳан енгил тортарди. Муҳаббат ана шундай муҳитда вояга етди. Онасига эргашиб, қўлига игна тутди. Мустақиллик эса унинг орзу ҳаваслари ушалишига кенг йўл очди.

—Тақдиримдан мингдан-минг розиман,—дейди Шофиркон тумани Талижа қишлоғида яшовчи Муҳаббат Қўчқорова.— Каштачилик ортидан элда обрў-эътибор топдим. Республика ва халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб кўргазмалар иштирокчисиман. Америка Қўшма Штатларининг Санта-Фе шаҳрида анъанавий тарзда ташкил этиладиган халқаро ҳунармандлар фестивалида икки бор ғолиб чиқдим. Кўплаб шогирдлар тайёрладим. Улар орасида қизларим ҳам бор.

Шуларнинг бири Юлдуз Қўчқорова аллақачон уста ҳунармандга айланиб улгурди. Сабр-тоқат, қунт, синчковлик, кўз нури, чуқур мушоҳада, ижодий ёндашувни талаб қиладиган каштачилик сир-асрорларини ўрганган сулоланинг бу вакили ҳозир Шофиркондаги қатор маҳаллалардан 200 дан зиёд хотин-қизни касаначилик асосида ишга жалб этган. Боғиафзал, Пашмон, Чуқурак, Жўйрабод, Саврак каби қишлоқларда яшовчи бу касаначилар шу тариқа уйда ишлаб ўз оилаларига қўшимча даромад олиб келишмоқда. Улар орасида ўз бизнесини йўлга қўйганлари ҳам бор.

—Сўзаналарда она-табиатимизнинг бетакрор манзаралари, орзуларимиз, ниятларимиз мужассам, — дейди сулоланинг яна бир вакили Азиза Тожиева. — Синчиклаб разм солсангиз уларда қалб ҳароратини туясиз. Барчаси қўл меҳнати маҳсули саналади. Ана шу жиҳатлари билан улар қадрли. Бухорога, жумладан Шофирконга келган сайёҳ борки, меҳнатимизни кўриб, тасанно айтади. Маҳсулотларимиздан харид қилади.

Қизиғи, юртимизнинг ихчамгина бир гўшаси саналган Талижада жило топган сўзаналарга Европанинг Испания, Италия, Буюк Британия каби мамлакатлари, ҳатто океанорти – АҚШдан харидор чиқмоқда. Шуни ҳисобга олган Азиза Etsy, Instagram ва eBay орқали онлайн савдони йўлга қўйди. Бу ҳунарни мушкул дамларда тишининг кавагида асраб келган Саодат бувининг неваралари шу тариқа теран билим, ақл-заковатлари билан дунёни забт этишмоқда.

Айтмоқчи, Азиза жорий йилда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди.

—Қизим ўз фаолияти ҳақида сўзлаб берганида Президентимизнинг “Келажакда катта-катта бозорларда “Азиза қизингизнинг маҳсулоти” деган номингиз чиқса, жуда миннатдор бўлардим ва шу кунларга етишга ишонаман”, деган сўзлари ҳалигача шундоқ қулоғим остида жаранглаб турибди,— дейди Муҳаббат Қўчқорова.— Бу сулоламизга билдирилган юксак ишонч, албатта.

Таълим ва амалиёт уйғунлиги

Қай бир соҳани олманг, унда кадрлар малакаси ҳал қилувчи куч саналади. Жорий йил 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, таълим жараёнидаги узвийликни таъминлаш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ҳам бу алоҳида таъкидланди. Бухоро давлат техника университети томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилди.

—Юртимиздаги углеводород хомашёсининг салмоқли қисми Бухоро – Хива минтақасида жойлашган,— дейди мазкур университет ректори Садоқат Сиддиқова. — Вилоятдаги 3450 та корхонанинг 193 таси кимё ва нефть – кимё саноатига ихтисослашган. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун хориждан 300 нафар малакали мутахассис жалб қилинган. Шу билан бирга маҳаллийлаштириш талаб этиладиган 200 турдан зиёд материаллар, бутловчи қисмлар ва технологик реагентларга эҳтиёж бор. Шулардан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда университетимиз қошида соҳага ихтисослашган илғор муҳандислик мактабига асос солинди.

Малайзия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Россия Федерацияси каби давлатларнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган таълим даргоҳида “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” дастури ижросига алоҳида эътибор қаратиляпти. Унга кўра, ишлаб чиқариш корхоналарида кафедраларнинг 58 та филиали ташкил қилинган. 500 нафардан зиёд талаба ҳақ тўланадиган амалиёт ва дуал таълим дастурларига жалб этилган. Бу эса таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Яна бир диққатга молик далил: 2024 йилнинг 31 май куни Президентимиз раҳбарлигида “Gas Chemical Complex MTO Central Asia LLC” корхонаси қурилишига тантанали тарзда старт берилган, маросимда университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этганди. Эндиликда бакалавриат ва магистратура талабаларининг битирув малакавий ишлари, шунингдек, докторантларнинг диссертация мавзулари айнан МТО мажмуасининг ишлаб чиқариш жараёнлари, техник ва технологик ечимларини тадқиқ этишга йўналтирилмоқда.

Аҳамиятлиси, бу йирик корхона жамоаси ташаббуси ва кўмаги билан университетда “MTO Central Asia LLC” махсус ўқув-илмий аудиторияси ташкил этилди. Бу аудитория талабалар ва тадқиқотчилар учун замонавий технологиялар асосида билим олиш, малака ошириш, соҳавий муаммоларни ўрганиш ва инновацион ечимлар таклиф этишда илмий-интеллектуал маскан вазифасини ўтайди.

Рўзғори бут, дасти узун жамоа

“Парвоз Хумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятида хорижий буюртмачиларни учратиш одатий ҳол. Бу корхона маҳсулотларининг жаҳон бозори талабларига мослиги билан изоҳланади, албатта. Чамаси 20 йилча қаровсиз ётган собиқ тўқимачилик фабрикаси ўрнида иш бошлаган ушбу субъект замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Дастгоҳлар йилига 1,5 миллиард сўмликдан зиёд электр энергиясини тежаш имконини бермоқда. Ўрнатилган трансформаторлар эса токни меъёрлаштириб бериш функциясига ҳам эга.

Шу каби замонавий технологияларни дадил жорий этиш, ташқи бозордаги талаб ва эҳтиёжни ўрганиб бориш корхонанинг экспорт салоҳиятини оширмоқда. Агар 2021 йилда 16 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинган бўлса, эндиликда бу кўрсатгич икки бараварга кўпайди. Рўзғори бут, дасти узун жамоа ижтимоий лойиҳаларга ҳам қўл ура бошлади. Чунончи, кластер томонидан кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, улар 33 та кам таъминланган оилага ва 17 нафар ишчи-ходимга беғараз ажратилди.

—Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги тегишли Фармони асосида ташкил этилган эркин иқтисодий зонамизда бу каби йирик лойиҳалар йил сайин кўпайиб бормоқда, — дейди “Ғиждувон” ЭИЗ раҳбари Фарҳод Умаров.— Бугунги кунда иқтисодий зона учун Ғиждувон, шунингдек, Бухоро, Когон, Ромитан ва Қоровулбозор туманларидан жами 686, 5 гектар ер майдони ажратилган. Бу ҳудудларда ҳам бир қатор саноат корхоналари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Иқтисодий зонада ўтган йилда қиймати 17,3 миллион АҚШ долларилик 6 та лойиҳа ишга туширилди. Жорий йил охирига қадар эса умумий қиймати 35 миллион АҚШ доллар бўлган 8 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Жумладан, “TEKHNOCHEM” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона 26,1 миллион АҚШ долларига тенг пиролиз газолин ва пиролиз дистилятни қайта ишлашни, “BUKHARA NEXT GENERATION PRODUCT” МЧЖ эса 2,5 миллион АҚШ долларига тенг пенопласт маҳсулотларидан маиший техника ва электроникани қадоқлашни йўлга қўяди.

Шунингдек, умумий қиймати 177,2 миллион долларлик 21 та истиқболли лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилгани эътиборга молик. Негаки, мазкур мақсадларнинг амалга оширилиши натижасида 1300 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бу эса эркин иқтисодий зонанинг экспорт салоҳиятини оширибгина қолмай, ўнлаб оилалар турмуш шароитининг яхшиланишига олиб келади.

Умуман, вилоятда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг дастлабки ярмида 1 293,4 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл сармояси ўзлаштирилиб, 181 та лойиҳа амалга оширилди. 6 ойда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3 фоизга ошди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,4 фоизга ўсди. Бу йил 2024 йилдагига қараганда 3 баравар кўп хорижий инвестицияни ўзлаштириш кўзда тутиляпти. Ўз навбатида экспорт йўналишида олти ойлик режа 110 фоизга бажарилди. Йил охирига қадар экспорт ҳажмини 2024 йилдагига нисбатан 133 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Шундай гўша доим бор бўлсин...

Ромитан туманидаги Ўтабек маҳалласида салкам уч минг аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 64 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. 35 та оила эса кам таъминланган.

—Ногиронлиги бўлган фуқаролар алоҳида эътиборимизда, — дейди маҳалла ижтимоий хизмат ходими Мафтуна Бобомуродова. — Улар бирор бир дард билан азият чекишганида шифокорлар кўмагига таянамиз. Шукрки, вилоятимизда тиббиёт тобора ривожланяпти. Энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган замонавий шифохоналар халқимизга беминнат хизмат кўрсатмоқда. Дарднинг келиши осон, кетиши мушкул, деган гап назаримда, эскирмоқда.

Мафтуна Бобомуродованинг айтганича бор. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар эл саломатлигини муҳофаза этиш, одамларнинг ташвишини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли. ”Инсон қадри учун” тамойили мазмун-моҳиятида ҳам айнан шу жиҳат мужассам.

—Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш мустақиллик йилларида энг устувор вазифалардан бирига айланди,— дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тешаев. — Бухоро давлат тиббиёт институтининг замонавий кампуси барпо этилгани, ўнлаб даволаш-профилактика муассасалари учун кўркам бинолар қурилгани, энг мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ҳам вилоятнинг ўзида бажарилаётгани фикримизнинг амалий тасдиғидир. Яқинда Бухоро шаҳрида фойдаланишга топширилган эндокринология диспансери биноси ҳам юртимизда инсон саломатлигига эътибор юксак эканидан далолат беради.

Қиймати салкам 48 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг вилоятга қилган ташрифи доирасида берилган топшириқ асосида амалга оширилди. Янги бино туфайли ихтисослашган бўлимлар сони кўпайди. Эндиликда шифо масканида жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиреодология ва диабетология-нефрология бўлимлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ҳудудда эндокринологик хасталикларнинг сони сезиларли даражада камайишида бу иншоотнинг ўрни катта бўлади.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро бугун байрам оғушида. Энг улуғ, энг азиз айёмимиз —Ватанимизнинг шонли 34 йиллик тўйини шоду хуррамлик билан қарши олаётган воҳаликлар мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолининг ҳаётидан рози бўлиши йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга хайрихоҳлигини намоён этишмоқда. Бухоро шаҳрига ёндош ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массиви ва боғи, замонавий халқаро аэропорт барпо этилаётгани, вилоятнинг янги маъмурий маркази қад ростлаётгани бухорликлар дилида шукроналик ҳиссини уйғотмоқда. Одамлар кўз ўнгида юз бераётган бундай янгиланиш ва ҳаётбахш ўзгаришлар уларда Истиқлолимиз куч-қудрати ҳамда Янги Ўзбекистоннинг келажагига катта умид ва ишонч бахш этаётганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Зотан, бугун воҳада 10 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари қурилаётгани, яқин истиқболда 32 минг иш ўрни яратиш имконини берадиган 21 та бизнес лойиҳа ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётгани ҳам ҳазилакам иш эмас. Булар юртда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг нақадар ҳаётий эканини тасдиқлаб турибди.

Эҳ-ҳе, Бухорога улкан ва мислсиз имкониятлар гўшаси, дея таъриф берсак ҳам кам. Қувонарлиси шуки, Прогрессив ислоҳотлар маркази (PIM) тадқиқотлари ҳам айнан шу фикрни тасдиқламоқда. Марказ томонидан 2024 йил якуни бўйича тузилган рейтинг натижасига кўра, вилоят кучли учликка кирди. Рейтингда соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, инфратузилма, табиий муҳит каби омиллар назарда тутилган. Кўриниб турибдики, Бухораи шариф қадимий осори атиқалари, буюк тарихи, улуғ аждодлари билан бирга бугунги тараққиёт сари ташлаётган дадил қадами орқали ҳам фахрланишга арзигулик заминга айланмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?