Ҳоким: мен кунни газета ўқишдан бошлайман

Фото: Архив сурат
Долзарб мавзу
Мамлакатимизда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан журналистларга ўз фаолиятларини эркин амалга оширишлари учун барча шарт-шароит яратиб бериляпти. Улар жамиятимизда учраб турадиган муаммоларни дадил кўтариб чиқишга рағбатлантирилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш борасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўрни ва таъсири тобора ортиб боряпти.
Шу жиҳатдан ҳокимларнинг ҳудуд раҳбари, ҳукуматнинг ишонган вакили сифатида халқ билан мулоқот қилиши, бунда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиши бугунги давр талабидир. Бинобарин, одамлар бирор муаммога дуч келса, унга ечим излаб аввало газетага мурожаат қилади. Мутасаддиларни шунга муносабат билдиришига мажбур этадиган, виждонини уйғотадиган восита, бу — матбуот!
Шу ўринда барча журналистларга маълум бўлган бир фактни айтиб ўтиш керак — ўз иш кунини газета ўқишдан бошлашга одатланган Эркинжон Турдимов ҳоким бўлиб борган жойда доим матбуот ривожланган. Навоий вилоятида ишлаган чоғларида ҳам ҳудудлардаги камчиликларни, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни газетадан билган. Шунингдек, Сурхондарё ва Самарқандда ҳокимлик пайтларида ҳам ҳатто вилоят, туман газеталарининг обунаси сезиларли даражада кўтарилган. Шароити ҳаминқадар биноларда ишлаб юрган журналистларга “Матбуот уйи” қуриб бергани учун ҳалигача раҳматномалар ёғилади.
Шу боис Эркинжон Турдимов Сирдарё вилоятига ҳоким этиб тайинланганида, энг аввало, маҳаллий журналистлар хурсанд бўлишди. Ва бу кўп ўтмай ўзини оқлади. Вилоятдаги туман-шаҳар газеталарининг аксарияти молиявий муаммо туфайли нашр этилмаётганди. Жорий йилда бунга чек қўйилмоқда: “Нурли истиқбол”, “Янгиер ҳаёти”, “Ховос овози”, “Янги Мирзаобод” ва бошқа фаолияти тўхтаб қолган газеталар яна чоп этила бошланди. Бунда, албатта, янги раҳбарнинг илк кунларданоқ ҳудуддаги оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрларга бўлган катта эътибори асосий омил бўлди. Натижада таҳририятларда фаолиятни тиклаш учун оз бўлса-да, молиявий имконият яратилди. Муассислар кўмагида солиқ ва бошқа тўловлар бўйича юзага келган қарздорликларни узишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Матбуот саҳифаларида фельетон, очерк, эссе каби жанрлар кўрина бошлади. Ҳоким газетада чиққан ҳар бир танқидий мақолага ўз муносабатини билдиради. Муаммога ечим бўладиган зарур чоралар кўрилади.
Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди
Абдулла Қаҳҳордан бир вақтлар бир катта амалдор “Мени ҳам ёзинг бир мақтаб”, деб сўраганида, Абдулла Қаҳҳор унга “Сиз хўрозқанд эмассиз... Асарларингизни ўзи ҳимоя қилади”, деган экан. Журналист ҳақиқатни ёзиши керак, бўлаётган ишларни ёлғондан мақтасак, ҳеч ким ишонмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари ҳам ҳар бир чиқишларида юқори минбарлардан туриб, барча соҳадаги камчиликларни очиқ танқид қилмоқда, матбуотни ҳам бунга чорлаяпти. Вилоят раҳбарлари ҳам мавжуд камчиликларни жойларга чиқиб, аҳолининг ўзидан очиқ эшитишига ундамоқда. Ҳозирги кунда матбуотнинг дадиллаши, ўз нуфузини сақлаб қолиши зиёли ҳокимлару маънавият жонкуярларига боғлиқ. Оммавий ахборот воситалари шунчаки бир оддий соҳамас! Газета ёпилиб кетса, халқнинг манфаатини ким ўйлайди?
“Халқ сўзи” газетасида бу борада кўп чиқиш қилинган бўлса-да, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Али Аҳмаднинг “Ҳуррият” газетасининг жорий йил 23 апрель сонида эълон қилинган “Сирдарёда газеталарга эътибор кучаймоқда, лекин...” сарлавҳали мақоласида ҳам туман-шаҳар газеталарининг аксариятига муассислари, яъни ҳокимликларнинг матбуот котиблари бош муҳаррирлик қилаётгани тилга олинган. Ҳолбуки, ушбу вазифада ишлаётганларнинг деярли барчаси бошқа соҳа мутахассислари бўлиши баробарида, босма нашрларни тайёрлаш жараёнидан умуман бехабардир. Албатта, бунга биринчи навбатда, туман-шаҳарларда профессионал журналист кадрлар етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Бу борадаги муаммонинг яна бир асосий илдизи таҳририятларнинг кафолатли маошнинг йўқлиги ва борида ҳам жуда камлигидир.
Қовун қовундан ранг олади
Ўз бошпанасига эга бўлмаган газеталар рўйхати қаторида Бухоро вилояти ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Бухоронома”ни ҳам киритиш мумкин. 1920 йилда “Қутулиш” номи остида дунё юзини кўрган, 105 йил давомида номи бир неча бор ўзгарган газета таассуфки, ҳалигача тузукроқ бир бинога ёлчиган эмас. Ваҳоланки, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Қори Йўлдош Пўлатов сингари маърифатпарвар жадид боболаримиз вилоятнинг отахон газетаси сифатида эл оғзига тушган бу нашр пойдеворини қўйишган. Элимизнинг ардоқли фарзанди Абдулҳамид Сулаймонов, яъни Чўлпон бу газетага бир муддат бош муҳаррирлик ҳам қилган. Газета халқимиз учун ошкоралик минбарига, маънавият кўзгусига айланган. Бу даргоҳдан оддий кишилардан тортиб, истеъдодли ёшлар, олиму зиёлиларнинг қадами узилмаган. Бугун эса газета таҳририяти аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Жорий йилнинг 24 апрелида газетамизда чоп этилган Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимовнинг “Авлиёлар диёри, алплар юрти — Бухоро” мақоласида ҳам вилоятнинг отахон газетаси ҳисобланган “Бухоронома”, бор-йўғи 1000 нусха атрофида чоп этилаётгани, “Когон ҳаёти”нинг адади 200 та... Маҳаллий амалдорлар ичида “Бизга газета-журналларнинг кераги йўқ” дейдиганлар кўпайиб бораётгани танқид қилинди. Дарҳақиқат, кейинги икки-уч йил “Бухоронома” ва “Бухарские вестник” учун оғир кечяпти. “Бухоронома” адади яқинда аранг минг нусхага етди. “Бухарские вестник”да аҳвол янада мушкул. Вилоятда икки миллиондан зиёд аҳоли яшаётгани инобатга олинса, шундай газеталар борлигидан хабардорлардан кўра хабарсизлар ўн, юз ҳисса кўп, дея аччиқ ўйга ботасан, киши.
Таҳририятнинг иқтисодий аҳволи танг. Буёқда ижара пулини тўлаш масаласи бор. Маош миқдорини эса айтгани тил бормайди. Шу боис кўплаб журналистлар моянаси дурустроқ ишларнинг этагидан тутиб кетишди. Ёш қаламкашлар эса газетчилик машаққатидан чўчибми ёки ёши улуғроқ ҳамкасбларининг аҳволини кўрибми, таҳририятга ишлагани ўзларида журъат топишмаяпти. Бир пайтлар Бухоро журналистика мактаби деса, зиёлилар кўз ўнгида “Бухоронома” (аввалги “Бухоро ҳақиқати”) гавдаланадиган, ҳаёт қайнаб турган гўшада сукунат ҳукмрон.
Сирасини айтганда, туман газеталарининг аҳволи бундан-да баттар. Бухоро тумани ҳокимлиги муассис саналган “Галаосиё овози” чоп этилмаётганига икки йилча бўлди. Пешку, Ғиждувон туманлари газеталари ҳақида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Айримлари муҳаррирнинг саъй-ҳаракати билан ойда бир бор чоп этиляпти. Масалан, Қоракўл тумани газетаси ойига бир марта 502 нусхада ўқувчилар қўлига етмоқда. 170 минг аҳолиси бўлган туман учун бу кўпми ёки кам? Бу саволга туман масъуллари жавоб излаб кўришар. Дарвоқе, газеталар аҳволи шу экан, муассислар-чи, улар нега маънавият, маърифат кўзгуси вазифасини ўтайдиган ўз нашрларига шу қадар эътиборсиз?
— Таҳририятимиз учун бино қуриладиган бўлди, кўп йиллик орзумиз ушаляпти, дея суюндик, — дейди бир муҳаррир. — Аммо ҳокимимиз вилоят газетаси биносиз эканидан хабар топиб, тўнини тескари кийди. “Вилоятда қилинмаган ишни қилсак, қандай бўларкин?” деб чўчиди чоғи ортга чекинди. Ўринли гап. Ён-атрофга қарасангиз, “Фалончи пора олибди, писмадончи ўқитувчига қўл кўтарибди” қабилидаги гап-сўзлар қулоққа тез-тез чалинади. Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликни-ку айтмай қўя қолайлик. Буларнинг барчаси газета-журнал, китоб мутолаасидан узоқлашиб кетилгани оқибати эмасми? Маънавиятсизлик, маърифатсизлик оқибатларига оид мисоллардан эса исталганча келтириш мумкин.
— Кўплаб ўғил-қизлар ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолмоқда, — дейди ғиждувонлик педагог Насиба Рустамова. — Интернетдан ўз билимларини оширадиган маълумотларни олишса, бунга асло қаршилигимиз йўқ. Аммо аксарият ёшлар кишининг маънавий дунёқарашини бузадиган, ахлоқсизликни тарғиб этадиган, миллийлигимизга ёт ахборотлар таъсирига тушиб қоляпти. Бу кўплаб оилаларда газетхонлик, китобхонлик анъаналари йўлга қўйилмагани оқибатидир.
Бир пайтлар қишлоғу маҳаллаларда газета-журнал кириб бормаган хонадон бўлмас эди. Чойхоналару сартарошхоналарда даврий нашрлар турарди. Бежиз шундай йўл тутилмаган. Даврий нашрлар кучли тарбия воситаси саналади. Уни ўқиб борган ўғил-қиз оқу қорани, яхши билан ёмонни танийди. Юртпарвар, оилапарвар бўлиб ўсади. Бухорода афсуски, таҳририят билан нашриётнинг, муҳаррир билан мухбирнинг фарқига бормайдиган амалдорлар ҳам бор. Дарвоқе, шу йилда вилоят ҳокимининг ОАВ ходимлари билан учрашувида қаламкашлардан бири Бухорода матбуот уйи йўқлигини, журналистлар тарқоқ ишлаб юрганини айтиб эски ярани янгилади. Ҳоким, ўз навбатида, янгиси қурилгунича (ўзи қурилармикан?) вақтинча бўлса-да, бир бино ажратиш учун масъуллардан таклиф киритишни сўради. Орадан салкам икки ой ўтганини айтмаса, ҳозирча “муз” ўрнидан жилгани йўқ.
Танганинг иккинчи томони...
Ҳозирги кунда матбуотда кўтариб чиқилаётган бирон танқидий масалага масъулларнинг жавоб ёки муносабат билдиргиси келмайди. Айрим раҳбарлар ўз фаолияти матбуотда танқид қилинса ҳам қилт этмайдиган даражада бети қаттиқлашиб кетган. Ёки бунга матбуотимиз сўзининг таъсири пасайиб кетаётгани сабабмикан? Ҳар йили журналист тайёрлайдиган олий даргоҳлар ёки мактаблардан қанча журналист кадрлар етишиб чиқади. Нега уларнинг ҳеч бири туман-шаҳар тугул, вилоят газетасининг мухбири сифатида ҳам кўриниш бермаяпти? Буларнинг тақдири кимнидир ўйлантирадими? Бу борада яна бир муаммо борки, ёш журналистларнинг аксарияти босма ОАВда ишлашга тайёр эмас. Ваҳоланки, босма оммавий ахборот воситаларида ишлаб, таҳрирдан, таҳлилдан ва албатта, сўз санъатидан ҳамда устозлардан амалий сабоқ олган борки, барча оммавий ахборот воситаларида маҳорат билан фаолият юритиш имкониятига эга бўлади. Таклиф шуки, журналистикада ўқиётган ёшлар амалиёт учун кўпроқ босма ОАВга йўлланса, албатта, улар келажакда ҳар жиҳатдан етук журналист бўлиб етишади. Журналист кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудлар учун алоҳида квоталар асосида талабалар қабул қилинса, улар ўқишни битиргач маълум муддат айнан, ўша туман-шаҳарлардаги босма ОАВда ишлаши жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз дадил, ўктам, юрт ва миллат эгаси бўлган журналистикамизнинг келажагини ўйлашимиз, матбуотимиз нуфузини қайтариш тарафдоримиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда”.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг