Ҳиндистон Хитой билан алоқаларни яхшилашга интилади — Нарендра Моди

17:29 31 Август 2025 Дунё
1540 0

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Дональд Трампнинг Ҳиндистон товарларига бож жорий қилиш тўғрисида қароридан сўнг, Хитой етакчиси Си Цзиньпинга икки томонлама алоқаларни яхшилаш тарафдори эканлигини билдирди, деб хабар бермоқда «Al Jazeera» нашри.

Хабарда айтилишича, АҚШнинг Ҳиндистон товарларига бож жорий қилиши икки мамлакатлар ўртасидаги стратегик алоқаларни сусайтириб юбориши мумкин. Шу туфайли Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Хитой президенти Си Цзиньпинга икки томонлама алоқаларни яхшилаш тарафдори эканини маълум қилган.

Нарендра Моди бугун, 31 август куни Тяньцзинда бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити чоғида Хитой етакчиси билан кўришиб, ўзаро ҳурмат, ишонч ва сезгирлик асосидаги муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини билдирган. Шунингдек, Ҳиндистон бош вазири ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида Хитой президенти билан учрашуви акс этган видеолавҳани жойлаштирган.

Нашрнинг маълум қилишича, Хитой етакчиси ҳам Ҳиндистон билан чегарадаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва ҳамкорликни кучайтиришга ваъда берган. Си Цзиньпин Тяньцзиндаги учрашув икки томонлама юксалиш ва муносабатларнинг барқарор, соғлом ва барқарор ривожланишига ёрдам беришини таъкидлаган.

«Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги чегара масаласи икки мамлакат муносабатларини белгилашига йўл қўймаслик керак. Асосий эътиборимиз иқтисодий ривожланишда бўлиши лозим. Биз рақиб эмас, шерик бўлиш ва таҳдид эмас, ривожланиш имкониятларини таъминлаш каби умумий мақсадга содиқ қолар эканмиз, Хитой ва Ҳиндистон муносабатлари гуллаб-яшнайди ва барқарор ривожланади», — деган Хитой етакчиси Си Цзиньпин.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Хитой билан иттифоқдош бўлиш тўғрисидаги баёноти узоқ йиллик ҳамкори АҚШнинг чоршанба куни ҳинд товарларига 50 фоизлик бож жорий қилганидан кейин янграган.

Бундан ташқари, Нарендра Моди ўз баёнотида Ҳиндистон ва Хитой чегараларни бошқариш бўйича келишувга эришганини ҳамда мамлакатлар ўртасида 2020 йилдан бери тўхтатилган тўғридан-тўғри рейслар қайта тикланаётганини қўшимча қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?