Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас

16:07 12 Февраль 2025 Жамият
247 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда кейинги йилларда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш, тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ижтимоий кўникма маркази томонидан жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, яшаш шароитини яхшилаш, ишга жойлаштириш, саломатликларини тиклаш, паспорт олиш, кексалик, ногиронлик нафақасини олиш ёки ўқишни давом эттириш каби масалаларда тегишли мутасадди идоралар билан яқин ҳамкорликда кенг қамровли фаолият олиб борилмоқда.

— Бундай ҳамюртларимиз ўртасида такроран жиноят содир этилишининг олдини олиш учун намунали оилалар, маҳалла фаолларидан иборат тарбиячи мураббийлар бириктирилди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ижтимоий кўникма маркази раҳбари Фахриддин Пазилов.— Айниқса, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишга кўмаклашиш доимий эътиборда. Бу борада вояга етмаганларни умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар мактабларига жойлаштириш ҳамда касб-ҳунар эгаллаши учун Мономарказлар томонидан касбга ўқитилиши тизими йўлга қўйилди.

Фарғона вилояти ижтимоий кўникма маркази ташаббуси билан оиласи турли ижтимоий дафтарлар рўйхатида турган маҳбусларнинг яқинлари розилиги асосида жазони ижро этиш муассасасида ишлаган иш ҳақининг маълум бир қисмини оилаларига жўнатилиб туриш амалиёти жорий этилди.

Қўқон шаҳридаги таъмирталаб ҳолга келиб қолган ижтимоий кўникма маркази ётоқхонаси ўрнига барча қулайликларга эга янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ётоқхонада жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, уй-жойи йўқ фуқаролар яшайди.

Яқинда Фарғона вилояти ижтимоий кўникма маркази ташаббуси билан 10-сонли тергов ҳибсхонаси ҳамда Фарғона шаҳар касбий кўникмалар «Ишга марҳамат» мономаркази билан ҳамкорликда ҳибсхонадаги хўжалик ҳисобидаги маҳкумларни тикувчилик, пайвандлаш, темирчилик, дурадгорлик, чилангарлик, ошпазлик йўналишларида касбга ўқитиш ҳамда сертификат бериш тизими йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 июндаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида марказ томонидан 107 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашилди. Уларнинг бизнес-лойиҳаси учун «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» олиб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?