Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

16:29 02 Июнь 2025 Жамият
170 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бир ҳовуч меҳр инсоннинг ҳаётга бўлган завқини оширади. Избоскан тумани «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонлардан бирида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Марғубахон Тошбоева билан суҳбатлашгач, бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Авваллари масъул идора вакиллари фақат Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ҳолимиздан хабар оларди, — дейди М.Тошбоева. — Ҳозирги вақтга келиб эътибор ва муносабат тубдан ўзгарди. Маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти ташкил этилгач, улар ҳар куни хонадонимизда бўлиб, бизга амалий ёрдам беряпти.

Марғубахон мустақил ҳаракатлана олмагани туфайли ҳаётнинг кўплаб чекловларига дуч келган. Шу боис эртанги кунга бўлган ишонч ва умиди ҳам сўнади, олдинга қараб интилишдан тўхтайди.

— Аслида имконсиз инсоннинг ўзи йўқ, — дейди маҳалла ижтимоий ходими Саидислом Саидаҳмедов. — Марғубахоннинг турмуш шароитини ўрганиб, имкониятлари билан танишиш жараёнида моддий ва маънавий кўмакка муҳтожлигини сездик. Шу боис биринчи галда яшаш учун қулай шароит яратишга қарор қилдик. Шундан сўнг тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Унинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш мақсадида турли тадбирларга жалб эта бошладик. Тикув машинаси билан таъминлаганимиздан кейин чеварчилик орқали мижозларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бир сўз билан айтганда, бир умр ўтирган ўрнидан қўзғала олмаган аёл эндиликда жамиятнинг фаол фуқароларидан бирига айланди.

«Истиқлол» маҳалласида ижтимоий реестрга киритилган оилалар сони 90 та бўлиб, ижтимоий ходим томонидан уларга 51 хил турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. 2024 йилдан жорий йилнинг шу даврига қадар 460 та аризаларнинг ижобий ечими таъминланди. Бу инсон омилига бўлган эътибор жамиятнинг энг қуйи қисмидан ниш ура бошлагани самарасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер