Ҳеч ким эътибордан четда эмас

18:33 03 Декабрь 2025 Жамият
264 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

3 декабрь – Халқаро Ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Tashkent City Mall” савдо-кўнгилочар марказида кўргазма ташкил этилди.

Тадбирда қатнашган “Халқ сўзи” мухбири мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳимояси борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар билан қизиқди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Кўргазмада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги махсус мактаблар, Мурувват интернат-мактаблари, “Табассум” ижодий маркази, “Имкон” ўқув-реабилитатсия маркази, “Билим Макон” инновацион маркази ҳамда IIHUB – Халқаро инклюзив хаб ўз ижодий ишлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва ўқувчиларнинг лойиҳаларини намойиш этди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тадбирга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам ташриф буюриб, кўргазмадаги ишлар билан яқиндан танишди ва болалар ҳамда ёшлар фаолиятини юқори баҳолади.

Ташриф буюрувчилар маҳсулотларни харид қилиш орқали болалар ва ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот котиби Дилфуза Рўзметованинг маълум қилишича, сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган.

Хусусан, “Инсон” маркази, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ва оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилгандан сўнг мурожаатлар ойига ўртача 10 минг нафарга (ёки 36 фоиз) ошган.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2025 йил давомида 6 920 қурилиш лойиҳаси мажбурий экспертизадан ўтказилган ва уларнинг 95 фоизига ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мос талаблар киритилган.

Чорраҳаларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида 784 та овозли светофор ўрнатилган, 160 та кўчада пиёдалар йўлаклари қайта жиҳозланган.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Кафолатланган воситалар рўйхати 18 тадан 38 тага кенгайтирилган, маблағлар 10 баравар оширилган. “Vaucher tizimi” орқали етказиб бериш муддати 60 кундан 14 кунгача қисқарган. 2025 йил давомида 112 минг нафар ногирон шахс протез ва реабилитация воситалари билан таъминланган.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Меҳнат бозорида ҳам ногиронлиги бўлганлар учун инклюзив муҳит яратилмоқда. Масалан, сўнгги йилларда иқтисодий фаол ногирон шахслар сони 3 баробарга ошиб, 72 мингдан 214 минг нафарга етган. Бу борда алоҳида платформа – daw.ihma.uz ишга туширилган бўлиб, иш берувчилар субсидия ва солиқ имтиёзларидан фойдаланмоқда.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Иштирокчилар ва уларнинг ўқитувчиларидан олинган қисқа интервюлар жамланган видео-лавҳани “Халқ сўзи”нинг Инстаграм саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Машҳура Алимардон, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер