Ҳеч ким эътибордан четда эмас
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят Кенгашига Қува тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ишлаб келган Зилолахон Нозимова меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми 2-бандига кўра бекор қилинган. Ўрганишлар давомида иш берувчи Қува тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун бузилишига йўл қўйилгани аниқланди. Натижада Фарғона вилоят Кенгаши З.Нозимованинг манфаатини кўзлаб, уни иш жойига тиклаш тўғрисида судга даъво ариза киритди. Судда даъво аризаси қаноатлантирилиб, мурожаатчини иш жойига тиклаш тўғрисида қарор чиқарилди. Унга мажбурий ишга келмаган кунлари учун 40 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи ундирилиши белгиланди. Буни бугун юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган эзгу ташаббусларнинг амалдаги тантанаси дейиш мумкин.
— Ўтган беш йилда фаолиятимиз сермаҳсул бўлди, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев.— Қурултойдан қурултойгача бўлган даврда аъзоларнинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилдик. 2022 йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сўх туманида 200 ўринли “Сўх”, жорий йилда Фарғона туманида “Билимдон” болалар оромгоҳи бунёд этилди. Вилоят кенгаши ўз сафига 700 минг нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Албатта, тарғиботда гап кўп. Айтиш керакки, 2020 йили вилоятда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари сони 3 минг 43 тани ташкил этган бўлса, эндиликда 3 минг 501 тага етди. Бу борада асосий эътибор қуйи бўғинга қаратилган. Шу боис ҳар ҳафтанинг сешанба ва пайшанбаси “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари билан ишлаш” куни сифатида белгиланган. Шу тариқа вилоят, туман ва шаҳар касаба уюшмалари ходимлари томонидан шу йиллар давомида 2982 та корхона ва муассасанинг бошланғич ташкилот етакчисига услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатилди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётганлардан келиб тушган 64 минг 521 та мурожаатдан 48 минг 595 таси ижобий ҳал этилиб, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб иш берувчиларга 224 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 196 таси бўйича иш берувчилар иштирокида мурожаатчилар ҳуқуқлари тиклангани ҳам эътиборга лойиқ. Меҳнат низоларини қонунан ҳал қилиш бўйича 332 марта судларга даъво аризалари киритилиб, 284 таси ижобий ҳал қилишга эришилди. Айни пайтда 2269 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланиб, иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун 17 млрд 794 млн сўм маблағ ундириб берилди. Ҳар йили ташкилотлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари фаоллари иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда аъзолар томонидан кўтарилган, ечими давлат идораларига боғлиқ муаммо ва таклифлар муҳокама қилиниши яхши анъанага айланган. Мазкур тадбирларда ҳудуд ва тармоқлар даражасида 200 га яқин масала жойлардаги мутасадди ташкилотлар, 10 дан ортиғи республика миқёсидаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари ҳамкорлигида ўз ечимини топди.
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 2020 йили 8 минг 815 та ташкилотда жамоа шартномаси тузилган бўлса, ўтган йилга келиб уларнинг сони 12 минг 736 тага етди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида тизимдаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан қарийб 98 минг нафар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 минг нафар ҳамюртларимизнинг тарихий шаҳарлар ҳамда ўз ҳудудларидаги қадамжоларга саёҳатлари уюштирилди. Санаторийларда 35 мингдан зиёд ишчи-ходимлар юборилди. Улардан 12 минг 903 нафари имтиёзли, 1 минг 56 нафари бепул йўлланмалар асосида саломатликларини тиклади. 42 минг 847 нафар болажонлар сўлим оромгоҳларимизда соғломлаштирилди. Касаба уюшмалари нафақат ходимлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда, балки уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, соғломлаштириш ҳамда доимий бандлигини таъминлашга қаратилган хайрли ташаббусларда ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг