Ҳаётини газетага бағишлаган фидойи журналист

14:03 04 Апрель 2025 Жамият
117 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қўштепа тумани ҳокимлиги бош нашри «Истиқбол йўли» газетаси босма даврий нашрлар жиддий қийинчиликлар билан юзма-юз бўлаётган кейинги йилларда мунтазам равишда нашр этиб келинаётгани эътиборга молик. Боиси, танқидий чиқишлари, қиличдек кескир сўзи билан танилган газетанинг доимий ўқувчилари бор.

Ўттиз йилдан буён ижодий жамоани аҳил-иноқлигини таъминлаб келаётган «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Хадичахон Каримованинг меҳнат фаолияти тўлиқ шу қадрдон газета билан боғлиқ. Гап шундаки, икки курсдош оила қуриб, Хадичахон опа қўшни Қирғизистоннинг Ўшидан Фарғонага келин бўлиб келди. Эллик икки йил давомида ушбу таҳририятда фаолият олиб борди. Турмуш ўртоғи Мутал Каримов билан маслакдош сифатида сидқидилдан меҳнат қилди. Умида ҳам ота-она касбини танлаб, кўп йиллар давомида мазкур газетада ишлади. Фарғона аҳли Каримовлар оиласини журналистлар сулоласи сифатида эътироф этади.

Қўштепа туманида матбуот фахрийси Хадичахон Каримованинг ижодий кечаси ўтказилди. Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари иштирок этиб, эсдалик совғасини топширди.

— Бундай эътибор ва рағбат ижодкорга илҳом бағишлайди, — дейди Хадичахон Каримова. — Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида бундан буён ҳам халқимизнинг тўкис ва бахтли ҳаёти, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қиламан.

Ижодий кечада матбуот фидойисининг эзгу фазилатлари эътироф этилиб, вилоят фаоллари, бир сафда елкама-елка ишлаган қадрдонлар, ҳамкасблар ва шогирдлар ўз дил сўзларини изҳор этишди. Фарғоналик ижодкорларнинг китоблари кўргазмаси тадбирга ўзгача файз киритди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?