Ҳаво совумоқда: қишлоқ хўжалигида нималарга эътибор қаратиш лозим?

15:16 23 Февраль 2021 Жамият
959 0

Бир-икки кун ҳаво исиб, дов-дарахтлар куртаклаб, гуллаб қолганига барчамиз буёғига энди баҳор бошланди, деб ўйлаган бўлсак, ажаб эмас. Лекин табиат кутилмаган ҳодисаларга бой. Ҳар доим ҳам ўйлаганимиз амалга ошавермайди. Эрта-индин баҳор фасли кириб келса-да, ҳали совуқлик илиқликка ўрнини бўшатиб бергиси йўқдай. «Ўзгидромет» маркази маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23-26 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг (Москва вилояти) Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши прогноз қилинган.

Об-ҳаводаги бундай ўзгариш мевали боғ ва узумзорларга, эртаки картошка ҳамда сабзавот экинларига салбий таъсирини кўрсатади, албатта. Шулар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўзига хос тавсиялар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди. Бу ҳақда вазирлик томонидан ташкил этилган брифингда айтиб ўтилди. Унга биноан, қуйидаги тадбирлар зудлик билан амалга оширилиши лозим. Хусусан, мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш, мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш, бунда дарахтларнинг ёши, қалин ва сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш зарур. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво ҳароратини кузатиб бориш лозим.

Ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш талаб этилади. Бунда уюмларни алангалатмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш, совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмларни оралатиб тутатиш даркор. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш мумкин.

Эртаги картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда худди шундай кечки сув қўйиш уюмларни тутатиш тавсия этилади.

Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим усуллари ҳам дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш уюмларни тутатиш ҳисобланади.

Помидор, ширин қалампир, бақлажон каби иссиқсевар сабзавот экинлари кўчатларини иссиқхонада тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш керак.

Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга совуқ -2-3°С сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Вазирлик хабарномасида юқоридаги тадбирларни амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, туманларда махсус Штаблар ташкил этиш, ҳар бир фермер хўжалиги кесимида графиклар ишлаб чиқилиб, ушбу масала юзасидан барча мутасадди раҳбар, масъул ходимларнинг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини оширишни ҳамда ишларни тизимли ташкил этиш ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида вазирликнинг meva@agro.uz электрон манзилига маълумотлар тақдим этиб борилиши сўралади.

Д. УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?