Ҳарбий ОТМларига қизларни ўқишга қабул қилиш учун шароитлар яратилмаган — Мудофаа вазирлиги расмийси

19:12 15 Июнь 2021 Жамият
699 0

Бугун АОКАда Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни қабул қилиш тартибига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда иштирок этган «Халқ сўзи» мухбири ҳарбий олий таълим муассасаларида қизлар учун квота ажратиш масаласида мутасаддиларга савол берди.

«Бу йилги учрашувлар, тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бориш даврида бизга қизларимиздан юздан ортиқ таклифлар тушди. Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига қизларни олиш учун шароитлар яратилмаган. Лекин биз ушбу йўналишда жуда катта ишлар олиб бормоқдамиз. Яқинда хорижга бориб уларнинг тажрибасини ҳам ўрганиб келдик. Мен ўйлайманки, кейинги йилларда биз қизларни ўқишга қабул қилишни биринчи босқичда ҳарбий тиббиёт академиясидан бошлаймиз. Кейинги йилларда ОҲТМга қизларни курсант сифатида ўқитиш кўриб чиқилади», деди Мудофаа вазирлиги Ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Мамадалиев.

«Мудофаа вазирлиги ОҲТМда юқори жисмоний тайёргарлик талаб этилади, ҳарбий хизматчига бериладиган қўшимча юк анча оғир. Жамоамизда фуқаролик билим юртларини тугатиб маълум бир соҳа келиб фаолият юритаётганлар бор. Улар орасида офицер, фан номзоди, доцентларимиз бор.

Ўз хотин-қизларнинг ҳарбий хизматга кириши масаласи. Ўзбекистон мисолида бу тенденция жуда юқори. Биз Тошкент шаҳри мисолида кузатсак, асосан, ИИВ, Божхона институтининг қизларини ҳарбий кийимда кўришимиз мумкин. Шу ҳолатда қизлар учун квота ажратиш масаласига доир саволлар пайдо бўлиши мумкин», дея қўшимча қилди Қуролли Кучлар академияси бошлиғининг ўринбосари Рустам Самадов.

Инобат АҲАТОВА,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?