Ҳар бир маҳаллада электр таъминоти яхшиланди

11:33 24 Октябр 2024 Жамият
105 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Хўжаобод туманида электр энергияси таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 212,6 км. электр тармоқлари ва 109 та трансформаторлар мукаммал ва жорий таъмирланди.

– Электр таъминотидаги муаммолар инсонлар ҳаётини оғирлаштирмаслиги керак, – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг тумандаги филиали муҳандиси Раҳматилло Бахтиев. – Ҳар бир маҳаллада бўлиб, йўналишдаги муаммолар ўрганилди. Натижада кўплаб манзилларда таъминот сифатини яхшилаш чораси кўрилди. Мисол учун, «Солпи» МФЙда 61 та темир бетон таянчлар ўрнатилган бўлса, 1,9 км. ҳаво тармоғи қурилди. «Ипакчилик» маҳалласида 5 дона темир-бетон таянчлар, 1 дона трансформатор ўрнатилиб, 120 метр ҳаво тармоғи тортилиши туфайли аҳолининг муаммоси ижобий ечим топди. Бу каби саъй-ҳаракатлар ўнлаб маҳаллаларда давом этмоқда. Натижада 3 мингга яқин хонадонларда сифатли таъминотни йўлга қўйилди.

Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари ҳам сифатли амалга оширилди. Бунинг учун 11 минг 500 метрга тармоқ тортилиб, 47 та носоз насослар соз ҳолатга келтирилди. Шунингдек, 1 та янги сув қудуғи ва 6 та насослар ишга туширилди.

– Маҳалламизда ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд эди, – дейди «Бешкарам» МФЙда яшовчи Абдураҳмон ота Исомиддинов. – 1-1,5 км. масофадан сув ташиб келишга мажбур эдик. Шу йил 5 км. масофага янги сув тармоғининг тортилиши туфайли қўшни маҳаллада яшовчи ҳамюртларимизнинг ҳам муаммолари ижобий ечим топди. Натижада 500 та хонадон илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътибор ифодасидир.

Одатда, ҳудудлар ободлиги ҳақида сўз кетганида энг аввало, уларнинг йўлига разм соламиз. Масалага шу нуқтайи назардан ёндашадиган бўлсак, Хўжаобод тумани ҳақиқатдан ҳам обод манзиллардан биридир.

– Қачонлардир лой кечиб юрган маҳалладошларимиз бугун равон йўлдан юрмоқда, – дейди «Солпи» МФЙда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Санобархон Аҳмадалиева. – Бу бахтга бира тўла 6 та кўчамизнинг 3 км.дан иборат ички йўлида асфальтлаш ишлари олиб борилиши натижасида эришдик. Бу биз учун кутилмаган воқеа бўлди! Негаки, шу маҳаллага кўчиб келганимга 30 йилдан ошган бўлса, ортда қолган шу давр мобайнида йўлимиз бирор марта таъмирланмаганди. Бугун шу йўлдан юрар эканман, мана шундай фаровон даврларга етказгани учун шукрона келтиряпман.

Авваллари Хўжаобод тумани ҳақида сўз кетгудек бўлса унинг саноати ва сайёҳлик салоҳияти нечоғли ривожланганлиги ҳақида фикр юритиларди. Бугунга кунга келиб вилоятдаги энг обод манзиллардан бири эканлиги алоҳида эътирофга муносибдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер