Ҳамширалар ишлаш учун Германияга жўнатилмоқда

11:48 12 Июнь 2025 Жамият
137 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона минтақавий касбий кўникмалар маркази (KOIKA)да Германияда ўрта тиббиёт ходимлари – ҳамширалар меҳнат фаолиятини ташкил этиш мақсадидаги немис тилига тайёрлаш ҳамда мамлакатимиз бўйлаб танлаб олинган тиббиёт техникумларида Германия тиббиёт академияси дастурини амалга ошириш бўйича юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Миграция агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий филиали, Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, таълим ва тиббиёт соҳаси мутасаддилари иштирок этди.

Тарғибот тадбирлари доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали, Фарғона ва Марғилон шаҳрида жойлашган тиббиёт техникумларида ҳам учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар давомида мутахассислар Германияда ишлаш орзусидаги соҳа вакилларига бу борада белгиланган талаб ҳамда меъёрларни тушунтиришди.

— Тез тиббий ёрдам соҳасида ишлаб, керакли амалий тажрибага эга бўлганман, — дейди ҳамшира Хурсаной Наримонова. — Шу боис Фарғона шаҳрида ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсида немис тилини пухта ўргандим. Имтиҳон топшириш орқали халқаро сертификатни қўлга киритдим.

Яқин кунларда ишлаш учун бир гуруҳ ҳамкасблар билан бирга Германияга кетаман. Ишонаманки, ўрта тиббиёт соҳасида жаҳон тажрибасини ўрганиш келгуси фаолиятимда жуда ҳам қўл келади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган тиббиёт техникумлари, касб-ҳунар мактабларида хориж тиллари, хусусан, немис тилини ўрганиш курслари ташкил этилган. Ҳозирда хорижда ишлаш орзусидаги минглаб йигит-қизлар ушбу курсларда ўқиб, амалий билим ва тажрибага эга бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?