Ҳамма нарса топилади, бу кунлар топилмайди...

15:18 23 Декабрь 2024 Маданият
637 0

23 декабрь – кейинги авлодлар томонидан «Устоз» деб улуғланган таниқли адиб, моҳир таржимон Асқад Мухтор таваллуд топган кун. Сана муносабати билан эътиборингизга бир туркум шеърларидан ҳавола этамиз.

БОЛАЛИК

Илк тонг нури кипригингга қўнар,

Кўкдан ювиб кетар қора уйқуни.

Қаердадир сўнгги юлдуз сўнар,

Шабнамларда қолар учқуни.

 

Сен оламни илк бор кўраётгандек

Туғилиш чоғига бўласан гувоҳ.

Ҳаёт эндигина куртак отгандек,

У ҳали бир гўдак, соф ва бегуноҳ.

 

Лекин бирпасдан сўнг буларнинг бари

Худди болаликдай қолади ортда.

Болаликда кўрган тушлар сингари

Хотираларгина қолар ҳаётда.

 

Унга кириб келар тутун ва ғулув,

Терлатар ташвишлар, терлатар қуёш.

Олам яна ўша чалкаш ва улуғ,

У яна қадимий, унга миллион ёш…

 

Орзу олға ундар, хотира—ортга,

Булар бир-бирига, албат, зид нарса.

Лекин, оҳ, қанийди ҳар тонг ҳаётда

Чиндан болаликка бизни қайтарса!

 

Ҳой-ҳой, келинг,—дея,—ўша кунларим!—

Яхшию ёмонин бирга тўплардим.

Муштлашган, дўстлашган жўраларнинг барин,

Таниш қушларимни йўқлардим.

 

Чангли сўқмоқларим таниб олар эдим,

Чашмалар, оқшомлар, лолазорларим,

Таниб олар эдим гулингизнинг ҳидин,

Қирқкокил синфдош дилозорларим.

 

Кўрардим ёшгина онажонимнинг

Юзлари ажинсиз, дилбар чоғини.

Ғамли, ҳаяжонли ҳар бир онимнинг

Янгилаб дилдаги ёғду, доғини.

 

У билан чиқардим—далалар гилам,—

Яна узоқларга бир кўз тутардик.

Ҳамон жиндаккина илинж қўри билан

Дадамизни жангдан кутардик…

 

Болалик… умрнинг сеҳрли дами;

Ким билади дейсиз бу ҳолнинг сирин:

Аччиқ-бўлса ҳамки лабларда таъми,

Қалбда хотираси шу қадар ширин!

 

ОНАНИ КОЙИМАЙДИЛАР

Орамизда узоқ-узоқ йўллар;

Сенга интиламан боғлар гулласа,

Аммо йўллар… йўллар майли эди,

Орадаги йиллар бўлмаса.

 

Сени ўйлаганда ўша йиллар гўё

Секинлатар қалбим зарбини.

Улар мени беҳудага чорлар,

Ярадек оғрийди ҳар бири.

 

Лекин мен уларни койимам, чунки

Тақдир бўлиб қолган замона.

Орқамдан кузатар мени, онамдек,

У мени туққандир, чиндан ҳам Она.

 

АДОЛАТ

(Янги йилда чоллар гурунги)

— Мана, умримиздан яна бир йил кетди.

Бандаси билмай ҳам қолади.

— Шу кунга еткизди, шукр қилайлик,

Эгам ўзи берган, ўзи олади.

 

— Олиб, нима, еб кетармиди?

Фаҳминг етмадими ё шунга:

У умрингдан олган ўша бир йилни

Тўкмай-сочмай қўшар ёшингга.

 

ҚАЛБИМ НОЗИКЛАШДИ

Янги йилнинг яқин оппоқ туни

Болалар орзиқиб тунни кутади.

Ўтган йили учган нафис қор учқуни

Янги йил сарҳадин бузиб ўтади.

 

Болалар ҳовлиқиб янги йил кутади,

Менга эса йил кузатиш — ғам:

Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам

Нақ қалбимга тегиб ўтади…

 

Ҳаёт шундай мўъжизаки,

Қанча жабрин тортсанг оз.

Ўлим эса унинг учун

Арзимас бождир, холос.

 

ТУН

Юрагимга яқин одамлар…

                                       Зулфия

Ойни тишлаб, чиқиб келар тун,

Ҳар юлдуз қалққанда кўкси тешилар…

Яхши тушлар кўринг, яқин-йироқдаги

Юрагимга яқин кишилар.

 

Қандайдир оқ, юмшоқ, меҳмондўст қиш,

Барқу ёстиқлар-ла безайди тўрин.

Қайдадир ям-яшил боғлар… ҳаммангиз,

Яхши тушлар кўринг.

 

Оқ йўл сизга, тунги йўловчилар,

Янги манзилларда кутсин офтоб.

Яхши тушлар кўргин ҳорғин дунё,

Эзгу орзуларда оромингни топ.

 

Хайрли тун, уйғоқ инсон руҳи,

Муҳаббат сафласин сени оташдай.

Учавер, жонажон яшил планетамиз,

Чексизлик қаърида адашмай.

 

ЭШИКЛАР ЁПИЛАДИ

Метро. Мармар кўзгусида қандиллар лопиллайди,

Имилламанг. Ҳушёр бўлинг, эшиклар ёпилади.

Ҳамма нарса топилади,

Бу кунлар топилмайди.

 

Шошинг, ахир, у — бетоқат фавворалар ёнида,

Бир аразлаб кетиб қолса, кейин бахт топилмайди.

Тўғри, ял-ял гўзаллар кўп бу ёшлик замонида,

Аммо якка-ягонаси ҳамма вақт топилмайди.

 

Баъзан поезд умидининг кетиб қолиши хунук.

Ҳаа, таассуф, ёшликда ҳам шундайлар топилади.

Қарабсизки, ҳарорат йўқ, орзулар йўқ, ҳис сўник,

Эшиклар ёпилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?