Ҳам сув тежалади, ҳам маблағ ёнга қолади

18:35 07 Август 2024 Жамият
340 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги каналлар ўзани асосан тупроқ бўлгани учун катта миқдордаги сув далаларга етиб бормасдан ерга сингиб кетарди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги қарори асосида 130,3 километр узунликдаги каналларни бетонлаш ва қуриш, реконструкция қилиш мақсадида ҳудуддаги 13 та ирригация объектларига 78 млрд. сўмдан ошиқроқ маблағ ажратилди. Бугунги кунга келиб белгиланган маблағлар ҳисобидан қарийб 95 километр узунликдаги каналлар таъмирдан чиқарилиб, сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилди. Ҳозир «Дўстлик», «Манғит-Арна», «Ширин жап» ва «Ташли жап» каналларида бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда минтақамизда кузатилаётган сув танқислиги Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистонда ҳам яққол сезилмоқда. Шунинг учун Президентимиз сувга муносабатни ўзгартириш, суғориш ишларини тежамкорлик билан олиб боришга шахсан ўзи алоҳида эътибор қаратмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида суғориш мавсумигача канал ва ички ариқларни бетонлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Айни кунларда Чимбой туманидаги «Тазғара» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Гўна Шохариқ» (Эски шоҳариқ) ички каналини бетонлаш ишлари олиб борилмоқда.

— Кейинги пайтларда мазкур сув тармоғида сувдан фойдаланиш коэффициенти кескин пасайиб, ҳудуддаги сув истеъмолчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди, — дейди Чимбой тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Айдарбек Қадирбаев. — Суғориш тармоғининг умумий узунлиги 7 километрни ташкил қилади «Гўна шохариқ»да бетонлаш ишлари амалга оширилгач, ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларида сув таъминоти яхшиланади. Сув йўқотишлари камаяди, энг муҳими, канал охиригача сувнинг етиб бориши таъминланади.

Сувни тежаш борасида қилинаётган яна бир амалий тадбирлардан бири бу – сув тежовчи технологияларни жорий қилишдир. Сир эмас, бу технология яқин вақтларгача Оролбўйи ҳудудидаги деҳқон-фермерлар орасида оммалашмасдан, яъни каттароқ майдонларда фойдаланмасдан келинаётган эди. Кейинги йилларда сув тежовчи технологияни жорий қилишга имтиёзли кредитларнинг ажратилиши, фермерларга кредит фоизининг бир қисмини қоплаш тартибининг жорий этилиши, шу билан бирга Оролбўйи учун қўшимча имтиёзлар берилаётгани ҳудудда сув тежовчи технологиянинг кенгроқ жорий қилишга замин яратмоқда.

— Сув тежовчи технологияларни жорий этган фермерлар унинг қанчалик самарадорлигини амалда кўряптилар, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Уразимбетов. — Албатта, бу борадаги тарғиботни кучайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида мунтазам равишда кўргазмали семинар ва медиа турлар ташкил этилиб келинмоқда. Яқинда Тўрткўл туманида ўтказилган тадбирда минтақамизда сувдан самарали фойдаланиш, тежамкор технологияларни жорий этишда ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида фермерларга атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилди. Унда барча босқичлар шаффоф, яъни онлайн кузатиб борилади. Бугунги кунгача 531 та фермер хўжалиги раҳбарининг 9 минг 49 гектарга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш юзасидан қилган мурожаатлари платформага қабул қилинди. 510 та фермер хўжалиги аризаларига скорингдан (кредит тарихи) ижобий хулоса берилган бўлса, қолгани иш жараёнида ўрганилмоқда. 26 та талабгор 671 гектар майдонга 14 миллиард сўмдан зиёдроқ сармоя киритиб, сув тежовчи технологияларини жорий этмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, жорий йилдан бошлаб, қорақалпоғистонлик фермерлар сув тежовчи технологияларни ресурс тежамкор, яъни муқобил энергия билан уйғун ҳолда жорий этмоқда. Яқинда Хўжайли туманидаги «Шерзод Отабек» фермер хўжалиги даласига қуёш панелида ишлайдиган технология ўрнатилди. Ҳам электр ишлаб чиқарадиган, ҳам сув тортиб берадиган технология унга 80 млн. сўмга тушди. Ер бонитети ҳисобга олинган ҳолда фермерга давлатдан 50 млн. сўм атрофида субсидия берилади.

Фермер илгари ўзига қарашли майдонни дизель ёқилғиси билан ишлайдиган насос агрегати орқали суғорган. Масалан, 18,5 гектар пахта майдонининг шўрини ювиш учун фермер 800 литр дизель ёқилғиси ишлатган. Бир литр ёқилғи 9,5 минг сўмдан бўлганида 7 млн 600 минг сўм маблағ сарфлаган. Эндиликда эса замонавий технологиядан самарали фойдаланиш натижасида ҳам сув тежалади, ҳам маблағ ёнга қолади. Энг муҳими, меҳнат осонлашади. Технология қуёш панелидан олинган электр энергияси билан ишлайди. Уни бошқа жойга кўчириш осон.

Қорақалпоғистонда оммалашаётган яна бир сув тежовчи технология – мобил кўчма ёмғирлатиб суғориш тизими бўлиб, бунда анъанавий суғоришга нисбатан 40-50 фоизгача сув иқтисод қилинади. Бу тизимга ўтган фермерларга Президент қарори асосида субсидия маблағлари берилади. Мутахассислар фикрича, мобил суғориш тизими сувни тежаш эффекти ва кучли мослашувчанлик афзалликларига эга. Ҳозирги кунгача жами 22 та ёмғирлатиб суғориш технологияларидан фойдаланилмоқда. Бу нафақат сув сарфи, балки энергия сарф-харажатларни камайтириш, фермерларнинг даромади ортишига олиб келади.

— Бир неча йилдан буён пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиб келамиз, — дейди Тўрткўл туманидаги «Қўшназар-пахтакор» фермер хўжалиги раҳбари Махсуд Исмоилов. — Тежамкор технологиянинг афзалликларини жуда яхши биламиз. Ҳосилдорликнинг ошиши, ғўза кўсаклари йириклиги, пахта очилганда чигитлар сони ҳамда вазни ошишини тажрибамизда кўрдик. Бу йил Хитой технологияси бўйича инновация усулида чигит экдик. Бунда бир йўла плёнка ва шлангларини ётқизиб, томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Ғўзалар ривожи, ҳосил тўплаш жараёнлари жуда яхши. Қўшни туманлардан келган фермерлар ҳам бундай тежамкор технологияларни жорий қилишга қизиқиш билдирмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонда сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилгани, сув тежовчи технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотлар бу борада эришилган натижаларда намоён бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?