Гулнара бахши дутор чертганда...

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоқ элининг ўзига хос бахшичилик йўналиши бор. Азалдан дўмбира ва чанқовуз садолари янграб келган, фольклор бўйича бой мерос ва анъаналарга эга бўлган бу саховатли диёр бағридан йигит бахшилардан ташқари қиз бахшилар ҳам достонлар ижро этган. Уларнинг халқона донишмандлик билан йўғрилган бахшиёна оҳанглари ҳозир ҳам муносиб издошлар сози ва сўзида жаранглаб турибди.
Бердақ бобомизнинг қизи Ҳурлиман бахши қорақалпоқ қиз бахшичилиги тарихида йўл бошловчи бўлcа, Канигул қиз бахши ушбу санъатни давом эттириб келмоқда. У 2010 йили Қорақалпоқ кинофильм томонидан тасвирга олинган «Қиз бахши» фильмида бахши қизи ролида, «Умрнинг уч фасли» фильмида Кенигул ролларини ижро этган.
Гулнара Алламбергенова етук созанда. У «Мухаллес» дуторчилар ансамбли бахши-созандаси сифатида миллий меросимизни асраб, келажак авлодга етказишга астойдил бел боғлаган. 2011 йил «Қорақалпоғистон Республикаси Халқ бахшиси» унвонига сазовор бўлди. 2021 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
— Қорақалпоқларнинг оғзаки анъанадаги профессионал мусиқасининг марказий қисмини достон мусиқаси эгаллайди. Қорақалпоқ достон ижрочилари 3 турга бўлинади: жировлар, бахшилар ва қиссахонлару уларнинг ҳар бири ўзига хос маълум ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келган, — дейди Қорақалпоғистон халқ бахшиси Гулнара Аламбергенова. — Қорақалпоқларда дутор чалиб қўшиқлар ижро қиладиган, барча турдаги достонларни айтадиганларга «бахси» ёки «бахши» дейилади. Бердақ бобомиз ҳам ўзининг ўгитларини халқ орасида достон шаклида бахшичилик ҳунаридан фойдаланган ҳолда халққа етказган.
Бахшилар ўз даврининг «кўчма кутубхона»ларидир. Негаки, бахшиларнинг достонларини тинглаган халқнинг маънавияти ва билими юксалади. Неча юз йиллар олдин ҳам авлодларини тарбиялашда, яхшиликка йўналтиришда бахшиларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эди. Шу бахшилардан ўрганиб, кейинчалик ХИХ асрда қўлига дуторни олиб, халқни дарди, орзу-умидлари, фожиалари, термаларини куйлайдиган қизбахшилар пайдо бўлган. Қиз бахшилар Бердақ ва Ажиниёз боболаримиз достонлари ва Махтумқули термаларини халқ орасида ижро этиб келган. Лекин ўша даврларда қизларга бахшичилик қилишга рухсат берилмаган. Қиз бахшичилик тарихига қарасак, Бердақ бобомизнинг қизи Ҳурлиман ҳам бахшичилик қилгани учун тақиқларга учраган.
Кейинги йилларда бахшичиликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни кўриб, албатта, шукрона айтамиз. Бир пайтлар достон ижро этгани учун қизлар жазоланган бўлса, бугун бахшичилик йўналишида алоҳида мактаблар, санъат билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.
Эътиборлиси, бугун қиз бахшиларимиз фақат ўзининг маҳалласида ёки туман-шаҳарларда эмас, балки халқаро даражадаги тадбирларда иштирок этишига кенг йўл очилди. Масалан, 2019 йил илк бор Президентимиз ташаббуси билан Сурхондарёда Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилди. Унда қорақалпоқ халқ достонларини ижро этганимдан фахрланмай бўладими? Оролбўйининг олис овулларида туғилиб ўсган мендек оддий қизнинг Халқаро бахшичилик танловида нуфузли ўринни эгаллаши, қиз бахшиларга яратилган шароитлар ўтган даврларга нисбатан том маънода «мўъжиза» бўлган.
Бахшичилик йўналишидаги устозлар Гулнара қиз бахшининг ижро этиш маҳоратида халқ қўшиқларини ўзига хос оҳанги билан миллийликни сақлаган ҳолда авжига чиқишларини алоҳида ифодалайди. Жумладан, «Ғариб Ошиқ», «Саётхон Хамро», «Қирқ қиз» достонларидан ва халқ қўшиқлари «Мухаллес», «Дам бермас», «Дуторим», «Не бўлсин», «Не тилар», «Кел Ғарибим», «Етти асирим», «Еллерим борди», «Қорақалпоқда», «Нолиш», «Сарвиноз», «Ноз билан» каби халқ қўшиқларини республика миқёсидаги оммавий тадбирлар ва байрамлардаги ижроси халқимизга манзур.
У Ҳиндистон, Франция, Швейцария, Голландия, Бельгия каби чет давлатларида, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа қўшни республикаларда Туркий тиллар халқаро фестивалларида фаол иштирок этиб, халқимиз маданиятини дунёга танитмоқда. Ҳозирги кунда Гулнара Аламбергенова Ўзбекистон давлат маданият институти Нукус филиалида халқ ижодиёти факультети, фольклор этнография бахшичилик, достончилик кафедрасида профессор ўқитувчи бўлиб, ёш бахшиларга устозлик қилиб келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг