Гуллар шаҳрида асал байрами

16:03 24 Октябр 2025 Жамият
439 0

Наманганга баҳорда келинг, уйғониш фаслидан дарак бера бошлаган чечаклар оғушида тантана қилинадиган халқаро гуллар фестивали ўзига чорлайди, кузда ташриф буюрсангиз, анъанага айланган асал анжуманининг устидан чиқасиз. Бугун экологик тоза ва хуштаъм маҳсулотнинг дунёвий тарғиботига айланган халқаро асал фестивалининг навбатдаги тадбирларига старт берилди. Вилоят марказидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида тўртинчи бор ўтказилаётган ўзига хос байрамга республикамиз вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой давлатларидан келган 150 дан зиёд асаларичилар жамланган.

Ушбу нуфузли анжуманнинг Наманганда ўтказилиши бежиз эмас. Гап шундаки, вилоятда истеъмол бозорини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулоти билан тўлдиришда ўз ўрнига эга бўлган мазкур соҳа жадал ривожланиб бормоқда. Бу ерда айни пайтда жабҳанинг тўрт мингдан кўпроқ меҳнатчилари томонидан 348 минг асалари уяси парваришланяпти. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида улар томонидан 1500 тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди. Мамлакатимиздан экспорт қилинаётган асалари пакетларининг ўттиз фоизи наманганликлар ҳиссасига тўғри келаётир.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Туризм қўмитасининг худудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган фестиваль соҳада инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда саноатлаштириш, халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, мавжуд муаммолар ечимини топишга йўналтирилган бўлиб, уч кун давом этади. Эрта тонгданоқ одамлар билан гавжумлашган боғда тажрибакорлар кўргазмаси ташкил этилиб, асаларичилик маҳсулотлари намойиш қилинмоқда. Улар орасида бир қатор хорижий асаларичиларнинг кўргазмаси ҳам бор.

— Наманганнинг гуллар ўлкаси эканлигини яхши биламиз, асалари эса аввало гулдан бол олади, — дейди Хитойнинг Сандун провинциясидан ташриф буюрган иштирокчи Жо Ли Ли. — Шундан бу ерда дунё асаларичилари тўпланаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Бизнинг ушбу соҳага ихтисослаштирилган фабрикамиз бор. Асалариларни ўзимиз парваришлаймиз, олинадиган маҳсулотни табиий ҳолича ихчам идишларга қадоқлаб, асосий қисмини экспортга чиқарамиз. Меҳнат жамоамиз ишни илмий асосда ташкил этиш бўйича катта тажриба орттирган. Уни халқаро анжуман қатнашчилари ўртасида оммалаштиришни мақсад қилганмиз. Бугун Наманганга олиб келган маҳсулотларимизни кўпчилик суйиб харид қилмоқда.

Маълумки, табиий озуқа, айтайлик, тоғ гуллари билан озиқланадиган асалари болининг таъми бошқача бўлади. Қўшни Қирғизистон асалчиларининг бу борадаги имкониятлари катта. Наманган шимолида жойлашган Нанай маҳалласига ёндош қирғиз қишлоғи Подшоотадан келган Сафарбек Тўралиев ташкил этган кўргазма иштаҳани қитиқлайдиган тиниқ асал, шунингдек, дориворлик даражаси юқори бўлган гул чанги, асалари сути ва бошқа маҳсулотлар билан тўла.

— Уч юздан ортиқ қутида асалариларим бор, — дейди бу ишни оилавий бизнесга айлантирган С. Тўралиев. — Уларни уйимиздан унча узоқ бўлмаган Чотқол тоғи этакларида боқамиз. Ҳудудда шифобахшлиги билан ажралиб турадиган гул ва гиёҳлар жуда сероб. Улар чангидан йиғилган болдан тўпланган асалнинг қадр-қиммати баланд. Йилига 5-6 тонна маҳсулот оламиз. Экспортнинг ўзидан топадиган даромадимиз 20 минг долларга етади. Наманган фестивалига анчагина экологик жиҳатдан тоза, бетакрор таъмга эга бўлган шифобахш неъматни олиб келдим. Унга маҳаллий тадбиркорлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётгани фестиваль давомида қатор манфаатли шартномалар тузилишига умид уйғотмоқда.

Айтиш керакки, 2,5 мингга яқин хорижий, 10 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутилаётган фестиваль ташкилотчилари анжуман дастури ҳар жиҳатдан мазмунли маданий, илмий-амалий тадбирлар, катта концерт ва шоу томошалари, ўзаро манфаатли келишувларга бой бўлишини кўзда тутган. Наманган аҳли ва меҳмонлар биринчи куннинг ўзидаёқ бири-биридан бой кўргазмалар билан танишди. Кўпчилик асалнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил билиб олган бўлса, бошқалар чиройли идишларга қадоқланган шифобахш неъматни мамнуният билан харид қилди. Анжуман доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси, ҳунармандчилик кўргазмаси ва спорт мусобақалари уюштирилди.

  Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?