Гожи — умрни узайтирувчи ўсимликми?

Гулистон давлат университети “Доривор ўсимликлар ва ботаника” кафедраси профессори, биология фанлари доктори Ҳазратқул Қаршибоев манбаларда гожи бутасимон ўсимлигининг фойдали хусусиятлари тўғрисида ўқиб қолиб, бугунги экологик муаммолар вужудга келган ва бунинг оқибатида хилма-хил касалликлар авж олган даврда ушбу ўсимликнинг инсон ҳаёти учун нақадар зарур эканлигини ҳисобга олиб изланишларни бошлайди. Хитойнинг Нинсия провинциясида 600 йилдан буён етиштириб келинаётган ушбу ўсимлик уруғини шогирди Хислатжон Ҳайдаров орқали 2016 йилда олиб келиб, кўпайтиришга муваффақ бўлади.
ГулДУ олимлари томонидан 2016—2023 йилларда олиб борилган тажриба-синов ишлари натижасида гожи Мирзачўл тупроқ-иқлим шароитига иқлимлаштирилди ва уни кўпайтириш усуллари ишлаб чиқилди. Қувонарлиси, ушбу ўсимлик қурғоқчиликка, юқори ҳароратга ҳамда шўрланишга чидамлилиги билан айнан вилоятга мослиги аниқланиб, экиш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда Ҳазратқул Қаршибоевнинг шогирдларидан бири Янгиер шаҳар ҳудудида 1,5 гектар майдонга гожи экиб, ундан ҳосил олишга эришди.
Маълумотларга кўра, ушбу ўсимликнинг инсон саломатлиги учун фойдали томонлари жуда кўп. Хусусан, меваси организмнинг қариш жараёнларини секинлаштиради, умрни узайтиради, ўсма касалликлари билан касалланиш эҳтимолини пасайтиради, қон босимини меъёрлаштиради, кўришни яхшилайди, мушак ва суякларни ҳамда хотирани мустаҳкамлаб, стрессларда ёрдам беради.
— Гожи меваси шарқ давлатларининг 7 та фармакопеяларига киритилиб, дунёда энг кўп истеъмол қилинаётган ТОП-10 талик доривор ўсимликлар ичида 3-ўринда туради, — дейди Ҳазратқул Қаршибоев. — Унинг меваси ва барглари Хитой ҳамда Тибет табобатида 3000 йилдан буён шифобахш дори сифатида қўлланилиб, жигар ва буйракни озиқлантириш ҳамда тиклаш хусусиятларига эга. Гожи ўсимлигининг меваси таркибида 300 дан ортиқ биофаол полисахаридлар мавжуд ва ўзида 19 хил аминокислотани сақлайди. Улардан 9 хили инсон организми учун алмашилмайдиган аминокислота ҳисобланади. Ҳозирда жаҳон бозорида бу ўсимликнинг мевалари гожи бренди номи билан АҚШ ва Европа мамлакатларида сотилади. Унинг афзал томони шундаки, экилгандан сўнг 2 йилда ҳосилга киради ва май ойидан то совуқ тушгунча гуллаб, мева беради. Қолаверса гулида нектар мўл бўлиб,1 гектар гожизордан 800 килограммгача асал олиш имконияти бор.
Хулоса қилиб айтганда, гожи ўсимлиги ҳар томонлама фойдали. Хусусан, у экспортбоп ҳам ҳисобланади. Бой кимёвий таркибга эгалиги туфайли гожидан косметика-парфюмерия саноатида ҳам кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, Хитойда гожи мевалари озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилмоқда. Яъни, унга шифобахш зиравор сифатида қаралиб, организмни соғломлаштирувчи ва ёшартирувчи чой, шарбатлар тайёрланмоқда. Соғломлаштириш, ёшартириш мақсадида истеъмол қилинмоқда.
Хуршида НИШОНОВА,
журналист, Сирдарё вилояти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг